КУН ТАРТИБИДА ЙИЛ ЯКУНЛАРИ

“Hamkorbank” АТБ томонидан 2020 йилда амалга оширилган ишлар якуни, шунингдек, 2021 йилга мўлжалланган устувор мақсадларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Видеоконференция шаклида ташкил этилган тадбирни банк Бошқаруви раиси Жасур Ҳасанов олиб борди.

Дастлаб 2020 йил учун белгилан­ган “Бизнес-режа”кўрсаткичларини бажариш ҳолати, корпоратив сотиш бўйича кўрсаткичлар, кредит қўйилмаларини ўстириш борасидаги натижалар, чакана бизнес йўналишининг якунлари, банк кредит портфелининг ҳолати ва унинг сифатини яхшилаш чоралари тўғрисидаги қатор масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, дунё ҳамжамия­тини ташвишга солган коронавирус пандемияси банк-молия тизимига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмади.  Covid-19 барча соҳада янгича ёндашувни, мақсадга эришиш учун бутунлай ўзгача меҳнат фаолиятини талаб этмоқда. Шу боис 2021 йил учун мўлжалланган бизнес режа  коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятнинг маълум даражада сақланиб қолиши, макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозлари, Марказий банкнинг банк капитали ҳамда ликвидлигини бошқариш бўйича жорий қилган янги талаблари, банк бозоридаги рақобат муҳити ҳамда ўзгариш­лар, банкнинг узоқ муддатли Ривожланиш Стратегиясини инобатга олиб, тайёрланди.

 Йиғилишда банк Бошқаруви раиси Ж. Ҳасанов 2021 йилда банк­нинг асосий йўналишлари сифатида чакана бизнесни янада ривожлантириш, фоизсиз даромадлар улушини ошириш, ресурс базасини мустаҳкамлаш, банк тармоқлари самарадорлигини яхшилаш, молия муассасасини рақамли банкка айлантириш бўйича лойиҳаларни изчил давом эттириш каби вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, чакана бизнесни янада ривожлантириш йўналишидаги устувор вазифа сифатида 2021 йилда чакана кредитлар қолдиғини 800,0 млрд. сўмга, яъни 1,5 баробарга ошириш режалаштирилди. Жорий йилдан мижозларнинг пул ўтказмаларига қаратилган хизмат тури босқичма-босқич банкнинг масофадан хизмат кўрсатиш каналлари орқали амалга ошириш моделига ўтказилади. Пластик карталардаги маблағлар қолдиғини ҳамда пластик карталар амалиётларидан олинадиган даромадлар миқдори камида 1,5 баробарга оширилади. Юридик шахс ва ЯТТларга мўлжалланган банк кредит маҳсулотлари (корпоратив, кичик ва ўрта кредитлар, микрокредитлар, микроқарз экспресс) қолдиқларини 1,2 трлн. сўмга ёки 22 фоизга ўстириш белгиланди.

Шунингдек, жорий йилда ҳам валюта амалиётлари банк учун муҳим йўналиш сифатида қолади. Валюта амалиётларидан олинган фоизсиз даромадлар миқдорини 30  фоизга ўстириш белгиланди. Ресурс базани асосан ички бозордан депозитлар жалб қилиш орқали шакллантиришга эътибор қаратилади. Марказий банк томонидан банк ликвидлилигига қўйилган янги талабларга асосан банк ликвидлилигини қоплаш коэффициенти (LCR), соф барқарор молиялаш­тириш коэффициенти (NFSR) ҳамда юқори ликвидли активларнинг жами активлардаги улушига қўйилган минимал талабларни бир вақтнинг ўзида ҳам сўмда, ҳам валютада бажариб бориш лозим бўлади.

Бугунги кунда банк депозитлари долларизация даражасини камайтириб бориш,  банкнинг миллий валютадаги ликвидлиликка бўлган эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, бу йил сўмда депозит жалб қилиш рағбатлантирилади.

Жорий йилда минибанкларни “банк хизматлари офиси”га айлантириш ишлари бошланади. Бундан кўзланган мақсад — мижозларга барча турдаги банк хизматлари кўрсатишни ташкил этиш ва рақобатбардошликни таъминлаш.

Йиғилишда иштирок этган банк Кенгаши раиси Икромжон Ибрагимов кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Банк фаолиятининг самарадорлигини оширишда изланиб, ташаббус билан фаолият юритиш зарурлиги, амалиётга илғор технологияларни жорий этишнинг аҳамияти нечоғли муҳим эканлигига алоҳида урғу берди. Кенгаш раиси  ходимларнинг касб малакасини ошириш, меҳнатга   ҳақ тўлаш тизими, жумладан, ўзгармас иш ҳақи тўлаш тоифалари, ўзгарувчан иш ҳақи нисбатлари, KPI кўрсаткичлари самарадорлигини қайта кўриб чиқиш, иқтидорли ходимларни аниқлаш ва улар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, босқичма-босқич ушбу лойиҳани амалиётга жорий қилиш, соҳада самарали фаолият кўрсатаётганларни  номоддий рағбатлантириш, спорт, маданий тадбирларни ташкил этишни янада ривожлантириш юзасидан амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларни белгилаб берди. 

Эътироф этиш жоизки, жорий йилда “Hamkorbank” АТБ ташкил этилганига 30 йил тўлади. Йиғилишда ушбу қутлуғ тантанага муносиб тайёргарлик кўриш, белгиланган прогноз кўрсаткичларини муваффақият билан бажариш юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

 Наргиза Эшонова.