“KO-UNG CYLINDER” ХОДИМЛАРИ ЭНДИ БИЗНИНГ ЎҚУВЧИМИЗ
“Hamkorbank” мижозлари орасида “Hamkor рress”ни қизиқиб мутолаа қиладиган, газета фаолиятига бефарқ бўлмаганлар талайгина. Ана шулардан бири Кармана туманида жойлашган МЧЖ шаклидаги “KO-UNG CYLINDER” Ўзбек-Корея қўшма корхонаси ходимларидир. Улар 2021 йил учун биринчилардан бўлиб газетамизга обуна бўлишди.
Фаолияти сиқилган газ учун автомобиль газ баллонлари ишлаб чиқаришга қаратилган корхонанинг “Hamkorbank” билан ҳамкорлик ўрнатганига уч йил бўлди. Бош директор Kim Sang Soo банкларнинг имкониятини баҳолай оладиган тажрибали хорижлик мутахассис сифатида айни шу банкни танлади. 2017 йилда Навоий филиалига ҳисоб-рақами ўтказилди. Мана шу даврдан буён қўшма корхона банк хизматларидан фойдаланиб келади ва бу ҳамкорликдан ҳамиша мамнунлигини таъкидлайди.

Илиқ муносабатларнинг яна бир кўриниши “KO-UNG CYLINDER” ходимларининг “Hamkor рress” ўқувчисига айланишидир.
— Корхонамиз ишчиларининг 10 нафари обуна бўлди, — дейди бош ҳисобчи Муҳаббат Амирова.— Умид қиламизки, газета орқали ўзимизни қизиқтирган кўплаб маълумотларга эга бўламиз.
Корхона ўтган йили 23 минг дона маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга эди. Технологиялар модернизация қилингач, ишлаб чиқариш ҳажмини 40 мингтагача етказиш кўзда тутилмоқда. Маҳсулотларни чет давлатларга экспорт қилиш ҳам режалаштириляпти. Агар бу мақсад амалга оширилса, биринчи бўлиб Россия Федерациясига жўнатилади.
Биз ҳам Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги манфаатли ҳамда дўстона муносабатларнинг меваларидан бири бўлган “KO-UNG CYLINDER”нинг бундан кейинги ишларига ривож тилаймиз ва ҳамкорликнинг янада равнақ топишига тилакдошмиз.
Нигора Миролим қизи