ЎН МИЛЛИАРД СЎМЛИК “ПОРТФЕЛЬ”
Йил якунига бағишланган йиғилишдан Азизбек бир олам қувонч билан чиқди. Аслида у “Hamkorbank” АТБ томонидан “2020 йилнинг энг фаоллари” танловида яна бир бор ғолиб чиқишини хаёлига ҳам келтирмаганди. Негаки мазкур анъанавий танловнинг 2019 йил бўйича якунида “Йилнинг энг яхши минибанк истеъмол кредит менежери” номинациясида пешқадам бўлиб, кўпчилик эътиборига тушганди. Ниҳоясига етган йил натижаларига кўра, уни яна шу номинация совриндори сифатида эътироф этишди. Кетма-кет икки бор соҳанинг энг фаоллари сафидан ўрин олиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди.
Айтиш жоизки, бундай эътирофу натижага эришиш “Hamkorbank” АТБ Шаҳрихон филиали Шоҳбекат минибанки 1-тоифали менежери Азизбек Алимов учун осон кечгани йўқ. Изланиш, интилиш, ўқиб-ўрганиш, оппоқ орзулар йўлидаги машаққату синовлар… бари-барисига чидади. Мактаб чоғиданоқ Азизбек аниқ фанларга, айниқса, математикага қизиқишининг баландлиги, ўзига хос иқтидорга эгалиги билан тенгқурларидан ажралиб турарди. Касб танлаш масаласида иккиланиб турганда амакиси Баҳромжон аканинг маслаҳати оила аъзолари қатори унга ҳам маъқул тушди: “Банк соҳасида ишла, кўпчилик хизматида бўласан, эл-юртга нафинг кўпроқ тегади”.
Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институтида иқтисодиёт йўналиши бўйича таҳсил олган ёш мутахассис 2013 йилда илк бор “Hamkorbank” ОАТБнинг остонасига қадам қўйди. Касса операциялари бўлими кечки касса кассири вазифасида бир ой ишлар-ишламас ўзи туғилган юрт — Шаҳрихонда мазкур банк филиалида меҳнат фаолиятига киришди.
Ўқиб-билганларини амалиётга жорий этиб, устозлари, малакали ҳамкасблари маслаҳатлари, йўл-йўриқларига оғишмай амал қилаётган йигит саъй-ҳаракатлари соҳа мутасаддиларининг назаридан четда қолмади.
Кунлар, ойлар, йиллар ўтган сайин Азизбекнинг меҳнат дафтарчасида ёзувлар ўзгараверди: “Hamkorbank” АТБ чакана бизнес бўлими кассири; кичик менежери; менежери (истеъмол кредити) ва ҳакозо…
Айни дамда Шаҳрихондаги Шоҳбекат минибанкининг 1–тоифали менежери (истеъмол кредити) А. Алимов ўзига билдирилган ишончни оқлашга интилаётган ёш кадрдан малакали ходим даражасига кўтарилди, меҳнатлари эътирофга лойиқ топилди.
Бундан тўрт-беш йил аввал — истеъмол кредити бўйича менежерлик вазифасини бажаришга киришган кезларида 280 нафар мижоз билан иш бошлаб, кредит қолдиғи 2,5 миллиард сўм атрофида эди. Ана шу кезларда банк соҳасида ишлаган амакисининг ўгитлари бир-бир хаёлидан ўтди: ”…эл-юртга нафинг кўпроқ тегади”. Хўш, бунинг учун нима қилиш керак? Азизбек саволга ечим топиш илинжида мижозларни қизиқтираётган масалаларни, уларнинг истак-хоҳишларини, қолаверса, истеъмол кредити юзасидан муаммоларни ўрганди. Бу саъй-ҳаракати беиз кетмади. Устозларининг ва ҳамкасбларининг қўллаб-қувватлашлари билан мижозларнинг истеъмол кредитига бўлган қизиқишлари кучайди. Бугунги кунда А. Алимов 1200 нафар мижоз билан ҳамкорлик ўрнатган. Банкирлар тили билан айтганда, “портфели”да 10 миллиард сўм мавжуд. Кўриниб турибдики, шу вазифани бажаришга киришгандан буён ҳар йили ўсиш, эътиборга молик кўрсаткичлар…
— Камтарона меҳнатларимни қадрлашгани учун банкимиз раҳбариятидан, танлов ташкилотчиларидан миннатдорман, — дейди Азизбек биз билан мулоқотда. — Бу эътироф мени янада ғайрат-шижоат билан ишлашга ундаяпти. Ниятим йил охиригача мижозларим сонини 1 минг 500 тага етказиш.
Дастлабки хомчўтга қараганда, у ана шу натижага эришса, “портфели”даги маблағ 15 миллиард сўмга етаркан. Демак, бу йилги номинацияда ҳам… Ишингиз бароридан келаверсин, совриндор йигит!
Ҳалимжон ТОҲИРОВ.

