“HAMKORBANK” АТБ БОШҚАРУВИНИНГ БАЙРАМ ТАБРИГИ
Шу кунларда Ўзбекистон мустақил тараққиёт йўлига ўтганининг 35 йиллигини қарши олмоқда. Бу сана нафақат тарихий байрам, балки мамлакатнинг босиб ўтган тараққиёт йўли, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ва халқ фаровонлигини юксалтириш борасида эришилган натижаларни сарҳисоб қилиш имконияти ҳамдир. «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» шиори байрам тантаналарининг бош ғоясига айланди. Ушбу ғоя қадимий ва боқий юртда яшовчи турли миллат ва элат вакилларининг ҳамжиҳатлиги, тинчлик, тараққиёт ва умумий мақсадлар йўлида бирлашганини ифода этгани билан эътиборли.
Истиқлол йилларида ва айниқса, кейинги йилларда мамлакат иқтисодиёти босқичма-босқич ривожланиб, бозор муносабатларига асосланган янги иқтисодий тизим шаклланди. Замонавий саноат тармоқлари ташкил этилди, юзлаб йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаолият бошлади, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бирига айланди. Рақамли иқтисодиёт, электрон давлат хизматлари ва инновацион технологиялар жадал ривожланмоқда, хорижий сармоялар ҳажми сезиларли даражада ошди.
Миллий суверенитет ва давлат мустақиллиги ғояларининг сиёсий-ҳуқуқий кафолатларини ўзида мужассам этган янги таҳрирдаги Конституция ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосидаги тараққиёт йўли инсон қадр-қимматини юксалтириш, кўп миллатли республикамизда дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва анъаналарни асраб-авайлаш, юртда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, унинг мудофаа қобилиятини кучайтириш, минтақада яхши қўшничиликни ривожлантириш ҳамда Ватаннинг халқаро обрў-эътиборини оширишда мустаҳкам таянч бўлиб келмоқда.
Инсон Ватан туйғуси билан яшаши, ўзи туғилиб ўсган она юртини севиши ва ардоқлаши, Ватан мустақиллигини мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўша олиши энг олий туйғу ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистон мустақилликка юз тутган ўша йилнинг 31 августида яна бир муҳим ва унутилмас воқелик рўй берди. Андижон шаҳрида ҳудуд номи билан фаолият юритувчи нодавлат акциядорлик тижорат банки ташкил қилинди.
Кейинчалик “Hamkorbank” номини олган молия муассасаси ўтган давр мобайнида тезкор суръатлар билан ўсиш ҳисобига банк тизимида ўз ўрнини доимий мустаҳкамлашга муваффақ бўлди. Барча кўрсаткичлар бўйича у мамлакатнинг ТОП-10 банклар қаторига кирувчи давлат улуши бўлмаган банкдир.
Эътиборли жиҳати, банкимиз ҳар бир мижозга индивидуал ёндашиб, уларга хизмат кўрсатишда узоқ муддатли ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойилларига асосланади ҳамда “Биргаликда юксалиш сари” шиори остида фаолият олиб бормоқда.
Ҳозирда республиканинг барча ҳудудларида 52 та, шунингдек, шаҳар ва туманларда 121 та банк хизматлари офиси, шунингдек, аҳоли гавжум жойларда 24/7 ўз-ўзига хизмат кўрсатиш шохобчалари ишлаб турибди.
Фаолиятини атиги 15 киши билан бошлаган банкимиз бугунга келиб катта жамоага айланган. Ходимларнинг ҳамжиҳатлиги туфайли янгиликка интилувчан, юксак марраларни кўзлаган, салоҳиятли ва замонавий билимга эга жамоа шаклланди.
Кейинги йилларда рақамли банк хизматларини жорий қилиш орқали республика чакана банк хизматлари бозорини ривожлантириш, банк офислари тармоқлари ва бизнес жараёнларини оптималлаштириш орқали банк фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга олиб чиқишни янада такомиллаштиришга алоҳида аҳамият қаратиляпти.
Янги Ўзбекистон равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилаётган жамоамиз аҳлини, ҳамкорларимиз ва мижозларимизни қутлуғ сана — Ўзбекистон мустақиллиги ҳамда «Hamkorbank» ташкил топганининг 35 йиллиги билан самимий муборакбод этамиз. Биз билан янги марраларга интилаётган ҳамкорларимизга, ишбилармон ва тадбиркор мижозларимизга биргаликда юксалиш сари парвозлар тилаб қоламиз.

