ЖАМОА УНГА ТАЯНЧ БЎЛМОҚДА
Аброр Темирқулов Нурафшон УБХО чакана бизнес бўлими менежери. Ёш бўлишига қарамай жамоада ўз ўрнини топаётган ходимлардан. У жамоа билан ишлашни, кўпчилик билан мулоқотда бўлишни яхши кўради. Шундан бўлса керак, банкда ишлашга қарор қилган.
— Айнан шу банкни танлаганимнинг сабаби — бу ерда инновация, мижозларга юқори даражада хизмат кўрсатиш ва ходимларнинг ривожланишига катта эътибор қаратилаётгани, — дейди Аброр. — Банкнинг иш услуби шахсий мақсадларим билан ҳамоҳанг. Бу ерда ўз билим ва тажрибамни бойитиш, жамоа билан бирга ўсиш имконияти борлиги мени илҳомлантиради. Асосийси, ҳамкасбларимиз билан муносабатларимиз жуда яхши ва самимий. Бир-биримизни доим қўллаб-қувватлаймиз, тажриба алмашамиз ва ҳар қандай вазифани ҳамжихатликда бажаришга ҳаракат қиламиз. Бир сўз билан айтганда, жамоадан куч оламан.
А.Темирқуловнинг “Hamkorbank”да иш бошлаганига эндигина бир йил бўлди. Шу қисқа вақт унинг учун катта мактаб вазифасини бажарди. Банкдаги ёшларга бўлган эътибор, ўз қобилиятини намоён қилиши учун йўл берилиши, янги ғояларни илгари суриш ва касбий маҳоратни ошириш имкониятлари унга қанот беряпти. Турли ўқув дастурлари ва тренингларда қизиқиш билан қатнашмоқда.
Суҳбатдошимиз ўзи айтганидек, ҳар бир ҳамкасбини устоз деб билади. Азизбек Деҳқоновнинг масъулиятлилиги ва ишга бўлган фидойилигини қадрлайди, Шаҳло Олимовадан хушмуомалалик ва доимо бошқаларга ёрдам беришга тайёр туришни ўрганяпти. Яна Обиджон Мамасодиқовнинг ташаббускорлиги ва янгиликка интилишидан ибрат олмоқда.
«Касбингизни севасизми», деган саволимизга у завқ билан жавоб берди:
— Албатта. Касбимни жуда яхши кўраман. Чунки бу соҳа инсонлар билан мулоқот қилиш, уларнинг молиявий мақсадларига эришишига кўмаклашиш ва ҳар куни янги билим ҳамда тажриба орттириш имконини беради. Ишим орқали нафақат ўзим ривожланаман, балки жамиятга ҳам фойда келтираётганимни ҳис қиламан.
Бугун катта тантаналар олдида турибмиз. Давлатимиз мустақиллиги “Hamkorbank” ходимлари учун қўшалоқ байрам. Истиқлол билан тенгдош банкимиз ҳам 35 ёшга тўлмоқда. Интилувчан Аброр бу борада ўз қувончларини яшира олмади.
— Мустақиллик юртимиз тараққиёти, тинчлик ва барқарорликнинг мустаҳкам пойдевори бўлди. Маҳалламиздаги ободонлаштириш ишлари, янги имкониятлар ва замонавий инфратузилманинг ривожланиши бунга яққол мисолдир. Оиламизда эса фарзандларни сифатли таълим олиши, меҳнат қилиши ва ўз орзу-мақсадларига эришиши учун кенг имкониятлар яратилди. Мустақил юртда яшаш, эркин меҳнат қилиш ва ибратли ташаббусларни қўллаб-қувватланишини бир сўз билан ифодалаш қийин. Мен бу имкониятлардан фойдаланиб келажакда ўз соҳамда малакали ва етук мутахассис бўлишни, банк тизими ривожига муносиб ҳисса қўшишни орзу қиламан. Доимий равишда билим ва кўникмаларимни ошириб, раҳбарлик лавозимларида самарали фаолият юритишни мақсад қилганман.
Ҳа, замон билан ҳамнафас ташаббускор Аброр Темирқулов катта мақсадлар йўлида дадил одимламоқда.
А. Насирдинов

