БОҚИЙЛИККА БЕШ ЮЗИНЧИ ҚАДАМ БУ

“Ҳамкор пресс” газетасининг 500-сонига бағишлов

Бир хушхабар таралмоқда саҳардан,

Жон яйрагай бу дилкаш хушхабардан,

Беш юзинчи “Ҳамкор-пресс” қўлларда,

Қувнагаймиз бу сингари самардан,

Деманг дўстлар, оддийгина рақам бу,

Боқийликка беш юзинчи қадам бу!

Илк сонидан иқтисоду сиёсат,

Банк иши-ю, савдо иши, тижорат,

Четда қолмас кулгу ила қаҳқаҳа,

Ҳатто яхши тавсияи табобат,

Маҳорат бу, заковат-у чидам бу,

Боқийликка беш юзинчи қадам бу!

“Ҳамкорбанк”нинг чироқлари чароғон,

Ўз ишининг усталари кўп шодон.

Маҳоратли йигит-қизлар меҳнати,

Ярқираган оқ қоғозда намоён,

Сўзим чиндир, деманг зебу ҳашам бу,

Боқийликка беш юзинчи қадам бу!

Муҳаррирнинг назарида ҳар юмуш,

Шу боис ҳар иш жойида, создир иш.

Кузатамиз — муштарийлар, кутамиз,

Рўзномада тараққий ҳам юксалиш.

Ҳаёт тасвирида чаққон қалам бу,

Боқийликка беш юзинчи қадам бу!

Мухбирлари ширин сухан ва моҳир,

Ҳар сўзида айни ҳақиқат зоҳир.

Учрашувда юзлар ёруғ, совға тахт,

Ўз йўлидан оғишмас аввал-охир.

Тафаккурни ёритгувчи бир шам бу,

Боқийликка беш юзинчи қадам бу!

Адабиёт, саёҳат-у сафарлар,

Узоқ-яқин хориж элга назарлар,

Ҳатто тарих саҳифада юз очгай,

Ўқирманнинг дил хуморин ёзарлар.

Дилга гўё мўмиёдек малҳам бу,

Боқийликка беш юзинчи қадам бу!

Мингинчи сонни ҳам қўлга олайлик,

Маърифат шуъласин дилга солайлик.

Яна қайда бундай содиқ шоно бор,

“Ҳамкор-пресс” билан бирга қолайлик,

Мунаввар оламдаги бир олам бу,

Боқийликка беш юзинчи қадам бу!

Икромжоннинг қувончлари беҳисоб,

Қутловини ёзди қалбидан шу тоб.

Матбуотсиз, ижодсиз бу олам — ғор,

Маърифатдир бошимизда офтоб,

Чин юракдан қутлашга айни дам бу,

Боқийликка беш юзинчи қадам бу!

Икромжон АСЛИЙ-АНДИЖОНИЙ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир.