Катта ЮТУҚЛАРГА ЭРИШАМИЗ
Янги йил остонасида
Синдор АЛИМАРДАНОВ,
Каттақўрғон УБХО бошқарувчиси:
Жамоамиз бешинчи бор Янги йилни кутиб олмоқда. Ўтган йилларда халқимизнинг иқтисодий ривожланишига, фаровон ҳаёт кечиришларига молиявий кўмак бериб келаётган 65 нафар ҳамкасбимдан каттақўрғонликлар мамнун. Шу ўринда йил сайин банкнинг салоҳияти ортиб бораётганини эътироф этиш ўринли.
Қисқа вақт ичида Каттақўрғон универсал банк хизматлари офиси ўз фаолиятини кенгайтириб борди. Иштихон тумани марказида банк хизматлари офиси ва Каттақўрғон туманида Микроофис ўз фаолиятини бошлаб, умумий натижаларга ҳисса қўшиб келмоқда. Жорий йилда актив фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони 175 тага оширилди. Ҳамкорларимиз ичида 30 дан зиёди йирик мижозлар. Хўжалик юритувчи субъектлар ва жисмоний шахсларга жами 210,0 млрд. сўм кредит ажратилиб, кредит қолдиғи 275,0 млрд. сўмга етказилди. Кундан-кунга талаб ортиб бораётган исломий йўналишдаги молиялаштириш ҳажми ҳам кескин ортиб бориши жамоанинг ютуқларидан бири.
Остонада Янги йил. Саноқли кунлардан сўнг янги орзулар, тилаклар, режалар билан 2026 йилни қарши оламиз. Ундан умидларимиз катта, режалар улкан. Ўтаётган йил давомида ҳаётимиз, фаолиятимиз сарҳисобида ютуқларга эришдик. Кўрсаткичларимиз кайфиятимизга таъсир қилади. Барча йўналишларда хизмат кўрсатиш ҳажми ортиб борган ҳолда Нарпай туманида БХО ва Нурободда микроофис очишни режалаштирганмиз.
Юртимиз бўйлаб байрам шукуҳи кезиб юрган паллада ҳисоб-китоблар билан бандмиз. Бироқ кайфиятларимиз аъло. Жамоамиздаги муваффақиятлар ҳамкасбларимнинг қалбига илиқлик ва хуш кайфият улашмоқда. Буни уларнинг чеҳрасидаги қувонч, кўзларидаги самимиятдан илғаб олиш қийин эмас.

