ЯНА БИРГАМИЗ
Лимон етиштириш сердаромад соҳа. Табиатнинг бу шифобахш неъмати инсон саломатлиги учун ғоят фойдали экани тиббиётда ўз ифодасини топган. Ундан тайёрланган шарбатлар дунё мамлакатлари аҳолисининг одатий озиқ-овқат маҳсулотларидан бирига айланган.
Қашқадарёлик тадбиркор Шуҳрат Аминов 40 сотихли жойда иссиқхона ташкил қилиб, ушбу шифобахш мева қаторида апельсин, мандарин ҳам етиштирмоқда. Яхши даромад олаётгани боис оилавий фаровонликка эришяпти. Оила аъзолари билан бир қаторда ишчиларни жалб этилгани фаровонлик ва бандлик манбаи бўлмоқда.
— 2021 йилдан буён лимончилик билан шуғулланиб келамиз. Фаолиятимизнинг дастлабки уч йиллик даврида ҳосил олмадик. Кўчат навларини саралаш, парваришлаш, баркамол ўстиришга эътибор қаратдик. Чунки у биринчи йилда гуллайди, айтиб ўтганимдек, ҳосил бермайди. 2025 йил меҳнатимиз самара берди. 4 тонна лимон, мандарин ва апельсин олиб, килосини 25 минг сўмдан бозорга улгуржи ўтказдик. Бу биринчи йилги илк даромадимиз, — дейди тадбиркор. — Ҳозирда иссиқхонада 200 дан зиёд кўчат бор. Икки қаватли плёнка остида бир маромда иссиқлик яратилган. Шундай бўлса-да, қўшимча иситиш тизими мавжуд. Қишнинг совуғидан сақлаш учун ҳарорат — 5 градусдан ортсагина ундан фойдаланамиз. Кўмир, ўтин захираси бор. Яна маҳаллий ўғитдан фойдаланамиз.
— Ҳар бир кўчатнинг оралиғи 2,5 ёки 3 метр тартибда экилган. Йил давомида 3 марта гулласа-да, ҳаммасини ушлаб қолиб бўлмайди. Миришкорлар одатда иложи борича баҳоргисини ушлаб қолади. Шунда март, апрелларда довча шаклига киради. Асосан октябрь, ноябрь ойларида ҳосил териб олинади, — дейди агроном Нурали ака.
Нурали ака иссиқхона меъёрини яхши билади. Агрономия соҳасида тажрибаси катта. Дарахтларни кесиш, касалликдан ҳимоялаш, чанглаш, ўғитлаш сирларига алоҳида эътибор қаратади.
Шуҳрат Аминов эса синчков инсон. У нафақат ишда, ҳатто сўзларида ҳам сабр ва малака бирлиги зарур эканини таъкидлайди. Умрини биргина иссиқхонадаги дарахтларни ҳосил беришига қараб ўтказмай, ёнига ўғли ва жиянларини олиб қўшимча тадбиркорлик билан шуғулланади. Шу боис ҳам 2025 йилни баракали якунлади. Айланма маблағи 500 миллионга етди.
Миришкорлик борасида ўз қатъияти бор тадбиркор ҳар ишда фарзандларига ўрнак. Савдо-сотиқ, дарвоза цехи, MDF эшиклари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган, доимий ҳамкорлари, харидорлари бор. Иссиқхонада 5 киши, тадбиркорлигида яна 5 киши доимий иш билан таъминланган. Иссиқхонанинг ўзидан олган 350-400 миллионлик даромадни қай усулда йўналтиришни яхши билади. “Гулшан” маҳаллисидаги кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олишни ҳам канда қилмайди.
Шу кунга қадар Қашқадарё минтақавий банк хизматлари офисидан олган 700 миллион сўм кредит маблағини бесамар кетказмади. Айни дамда Янги йилнинг илк режаси — мевалар сақлаш учун музлаткичлар сотиб олиш. Халқимиз дастурхонини ҳар фаслда сархил мевалар билан таъминлаш. Бу йўлда молиявий кўмакчи сифатида яна “Hamkorbank”ни танлади.
Н. ТЎРАҚУЛОВА

