СЎРАНГ ЖАВОБ БЕРАМИЗ!

Интизомий жазо


Савол: Иш жойида қўлланилган интизомий жазодан норози бўлган ходимнинг судга ёки меҳнат низолари комиссиясига мурожаат этишга ҳаққи борми?
Илёс Чориев,
Қашқадарё.
Иш берувчи ходимга меҳнат интизомини бузганлиги учун Меҳнат кодексида белгиланган интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли. Фақат интизомий жазо қўлланилишидан аввал ходимдан ёзма равишда тушунтириш хати талаб қилиниши лозим.
Иш берувчи бир нарсани унутмас­лиги керак. Жазо қўллашда содир этил­ган ножўя хатти-ҳаракатнинг қай даражада оғир эканлиги, шу хатти-ҳаракат содир этилган вазият, ходимнинг олдинги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олинади.
Ходим қўлланилган интизомий жазодан норози бўлган тақдирда 3 ой муддат ичида судга ёки меҳнат низолари комиссиясига мурожаат этишга ҳақли.

Ижтимоий солиқ


Меҳнат стажи ҳисобланиши учун жисмоний шахсларнинг ихтиёрий ва мажбурий тартибда солиқ тўлаш тартиби қандай?
И. Авезова,
Наманган.

Жисмоний шахслар учун солиқ тўлаш муддати ҳисобот йилининг 1 декабригача белгиланади. Бунда солиқнинг миқдори тўлов кунига белгиланган базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади,
Меҳнат стажи ҳисобланиши учун йилига камида бир маротаба базавий ҳисоблаш миқдорида ижтимоий солиқ тўлашнинг янги тартиби белгиланган. Бу қуйидаги тартибда амалга оширилади:
а) ихтиёрий тартибда:
• ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахслар;
• меҳнат шартномаси асосида чет элда ишлаётган фуқаролар, шунингдек, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан чет давлатларда ташкил этилган савдо уйларида, ваколатхоналарда (шу жумладан, юридик шахс ташкил этмасдан), ташкилотларда ишлаётган фуқаролар;
б) мажбурий тартибда:
• «Уста-шогирд» мактаблари ўқув­чилари томонидан, улар йигирма беш ёшга тўлгунига қадар ишлаган даврида;
• деҳқон хўжаликлари, шунингдек, майдони тўрт сотихдан кам бўлмаган деҳқон хўжалигида, томорқа ер участкасида банд бўлган ёки ушбу майдонда қорамол ёхуд эллик бошдан кам бўлмаган хонаки парранда парвариш­лаётган жисмоний шахслар. Бунда, деҳқон хўжалиги раҳбари солиқни мажбурий тартибда тўлайди, бошқа аъзолари ва кўрсатилган жисмоний шахслар эса ихтиёрий асосда тўлайди.

Саволларга ҳуқуқшунос Музаффар Мамадалиев
жавоб берди.