“Hamkorbank”дан тўрт ёш кичик мутахассис билан суҳбат
Бундан уч йил аввал Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтини тамомлаган Акмал Солиев дипломини қўлига олибоқ, “Hamkorbank” АТБ Боғишамол филиалига йўл олди. Иқтисодиёт бўйича ёш мутахассис бу ерда фронт офис иш ўрганувчиси сифатида иш бошлагач, кундан кунга соҳага қизиқиши, касбий малакаси ошиб борди. Мана бир ярим йилдирки у кўҳна Самарқанддаги нуфузли филиалнинг корпоратив хизматлар бўлими менежери (оммавий) вазифасида ишлаб келяпти. “Hamkorbank”нинг 30 йиллик тўйи арафасида 26 ёшни қаршилайдиган йигит билан суҳбатимиз асносида банкнинг келажаги умидли ёшлар қўлида эканлигига амин бўлдик.
— “Ўз уйим- ўлан тўшагим” дейишади. Шундай бўлсада, Самарқанддан бошқа жойларда ҳам бўлганмисиз?
— Жонажон Ўзбекистонимиз жаннатмонанд юрт. Унинг ҳар бир гўшасида бўлишни ким ҳам хоҳламайди дейсиз? Талабалик давримда олимпиада сабаб тарихий Қўқон шаҳрига борганман. Таассуротларим ҳали-ҳануз ёдимда. Тошкент, Навоий, Жиззах шаҳарларига саёҳатларим ҳам мароқли ўтган. Банкда меҳнат фаолиятимни бошлагач, хизмат юзасидан Қарши, Бухоро шаҳарларида бўлдим. Гўзал, бетакрор шаҳарларни кўриб тўймайсан киши… Ҳар бири ўзига хос. Лекин қай жойга борсамда, туғилган жойим, ота-онам, оилам бағрига шошаман. Уларнинг тафти, меҳри бари бир бошқача.
— Яна ўттиз йилдан сўнг Акмал Ўткирович қаерда ва қайси лавозимда ишлайди, деб ўйлайсиз?
— Ўттиз йил айтишга осон, анчайин катта давр. Мана бу йил Ўзбекистонимиз мустақиллигига 30 йил тўлмоқда. Ўтган йиллар мобайнида ҳатто тасаввурга сиғмас ўзгаришлар рўй берди. Ўзимга келсак… шунча вақт ўтгандан кейин қайси лавозимда ишлашимни билмадим-у, аммо “Hamkorbank” тизимида банк ривожи учун ҳисса қўшишга умид қиламан.
— “Кўз очиб кўрган” банкингизни учта сўз билан таърифлай оласизми?
— Қулай. Тезкор. Ишончли. “Hamkorbank” ҳар доим мижозлар учун қулай шароитлар яратишга эътибор қаратган ҳолда тезкор хизмат кўрсатади. Ушбу жиҳатлари билан ўттиз йилдан буён мижозлари ишончини қозоняпти. Шундай банкнинг ходими эканлигимдан фахрланаман.
— Билишимизча рус ва инглиз тилларида эркин сўзлашар экансиз. Бунга қандай эришгансиз ва тил билишингиз ишингизга наф келтиряптими? Мумкин бўлса, “Hamkorbank” АТБ нинг 30 йиллигига инглизчасига қисқача тилак изҳор этсангиз?
— Онам рус тили ўқитувчиси. Шу боис оиламизда ҳам бу тилга қизиқиш кучли. Ўзаро мулоқотда тез-тез фойдаланиб турамиз. Инглиз тилини эса дастлаб лицейда, кейин институтда доимий ўқиб-ўрганиш ва амалий машғулотлар жараёнида билиб олганман. Тил билишнинг аҳамияти жуда катта. У ҳар қандай вазиятда бошқа миллат вакили билан самимий мулоқотга киришиш ва уларни англаш имконини беради. Келгусида бошқа тилларни ҳам ўрганишни ният қилиб турибман. Қадрдон банкимизнинг ўзига хос тўйига инглизча тилагим қуйидагича:
Today, bank system is one of the developing sphere of Uzbekistan and JSCB «Hamkorbank» has a role to play. This year Hamkorbank is celebrating its 30 th anniversary like independence. Therefore, I wish to further development by enlarging and growing the quality and fast service even in the next 30 years. Moreover, every year let us celebrate the next anniversary of bank that rising and people trust. Briefly, let us grow together.
— Пиёда юришга соғлом турмуш тарзи сифатида қаралмоқда. Сиз ишга яёв борасизми ё эринмай… машина кутасизми?
— Иш жойим уйимиздан бироз узоқда бўлгани боис ўз машинамдан фойдаланаман. Очиғини айтганда, кунлик фаолиятимиз кўп жисмоний ҳаракат талаб қилмайди. Шу сабабдан соғломлаштириш тадбирлари, спорт ўйинларига доимо хайрихоҳмиз. Ишдан кейин ходимлар билан футбол ўйнаб турамиз. Уйга келганда пиёда кечки сайр қилишни хуш кўраман. Унинг гашти, завқи бўлакча: йўл-йўлакай қадрдонлар билан суҳбатлашасан, руҳан енгиллайсан.
— Рўзғор учун бозорга бориб турасизми? Самарқанд бозорларидаги нарх-наволар ҳақида нима дея оласиз?
— Деярли ҳар ҳафта рўзғор халтаси қўлимда бўлади. Дам олиш кунлари бемалол ва хотиржам рўзғор юмушлари билан шуғулланиш имкони бор. Асосан якшанба куни бозорлик қиламан. Вилоятимизнинг ҳар бир ҳудудида кундалик қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг нархлари фарқи сезиларли даражада дейиш мумкин. Шаҳарда нарх-наво нисбатан баланд. Масалан, шаҳарда 65-70 минг сўмга олинган гўштни қишлоқ бозорларида арзонроқ харид қилса бўлади. Юртимиз бозорларидаги мўл-кўлчиликни дунёнинг бошқа бирон жойида учратмайсиз. Ҳамма фаслда ҳам истаган маҳсулотингизни топишингиз мумкин. Шоир айтганидай “Бундайин юрт қайда бор?!”
— Ҳаётдаги шиорингиз?
— Инсон умри давомида турли қийинчиликларга учраши табиий. Шунга қарамасдан “доимо олға интилиш ва доимий изланиш”ни ўзимга шиор деб биламан. Билим ёрқин келажак ва бахтли ҳаёт кафолатидир.
— Яхши ниятларингиз ушалишига тилакдошмиз.
Суҳбатдош: Ҳалимжон ТОҲИРОВ.
Суратда: А.Солиев онаси билан.