Велосипед

Автобус ойнасидан атрофига боқиб кетаётган Комилжон ака беихтиёр орқа ўриндиқда ўтириб олиб, тинмай бижиллаётган кичкина йўловчиларнинг гапларига қулоқ тутди:
— Комрон ака, мен-чи катта бўлсам сизга самолёт обераман.
— Ука, менчи сенга биттамас, иккита мошин обераман, бирида дадамни, бирида аямни олиб юрасан, бўптими?
Бошқа йўловчилар ҳам уларнинг суҳбатини эшитиб кетаётган чоғи, гуриллаб кулгу кўтарилди. Болаларнинг аяси хижолатомуз “жим” деди. Лекин кичкиналар уларга эътибор бермасдан бири олиб бири қўйиб, сайрашарди.
— Умрларини берсин, жаа меҳрибон ака-укалар экан, – каттароқ ёшдаги аёл уларни дуо қилди.
Болаларнинг гапларини эшита туриб, Комилжон акани хаёл олиб қочди. Қачондир укаси иккисининг ўртасида ҳам худди шундай суҳбат кечганди. Бироқ, у пайтда энг катта орзулари велосипедли бўлиш эди. Бир куни укаси Обиджон кўчадан йиғлаб кирди. Уст-бошлари тупроқ, оёқлари шилинган.
— Вой ўлмасам, ким билан уришдинг? — кир юваётган онаси ўрнидан тура солиб укасини бағрига олди. — Муштдек болани қайси зўравон урдия?
— Ҳеч ким урмади, велосипеддан йиқилиб тушдим! — Обиджон ҳиқиллаган кўйи онасининг қучоғидан чиқишга уринди. — Мажиднинг велосипедини бир марта минишга зўрға кўндирувдим, акаси келиб қолиб, мени туртиб юборди. Ерга йиқилиб тушдим.
— Сен болага минг марта айтаман, бировнинг нарсасига осилмагин деб, — энди онаси укасини койий бошлади.
— Унда бизга ҳам велосипед оберинг, акам иккимиз мазза қилиб минамиз! Дадамга айтсам, уришиб берди!
— Оҳ болама, кошки бу тирикчилик ўлгурдан ошиниб, сизга велосипед оберолсак! Эрта-индин опангни узатишимиз керак, ҳали сандиғимда тузукроқ мато йўқ, — онаси этагини липпасига қистирганича яна кир ювишга тутинар экан, Обиджоннинг кўзидаги армонни илғаш тугул, қараб ҳам қўймади.
Боядан бери индамай дарс тайёрлаб ўтирган Комилжон аста укасининг ёнига келди, шилинган жойларини меҳрибонлик билан силади, сўнг йиғлаётган укасини маҳкам бағрига босди:
— Хафа бўлма, катта бўлсам сенга Мажидникидан ҳам зўр, сигнали баланд жиринглайдиган велосипед олиб бераман!
— Ростданми? — онасининг гапидан қовоғи тушиб, кўзида тинмай ёш айланаётган Обиджон унинг кўксига бошини қўйиб, энтикканича астойдил сўради — Ҳалигичи, рамаси қорасидан оберасиз-а?
— Сен қанақасини десанг, худди шунақасини обераман. — Комилжон эртага дарров катта бўлиб велосипед сотиб олишга қурби етадиган одамдай ваъда берди.
— Ур-рэй!!! — Обиджон ирғишлаганича водопроводга қараб чопди…
…Орадан йиллар ўтди. Лекин ака укага берган ваъдасини бажара олмади. Аввалига ўқиш деди, кейин иш, ундан кейин эса оила. Ўзидан ошинмади. Обиджон гарчи ўқишни истамаган бўлсада, ундан кўра уддабуронроқ чиқди, аввалига бозордан ҳайвон олиб ҳайвон сотди, кейин эса машинафурушликни ўрганди. Шаҳардаги катта бозорнинг устасифаранг тадбиркорига айланди. Уйида ҳамиша иккита — учта машина туради. Бугун бунисини, эртага унисини минади.
Ота-она ўтгач, туғишганларда ҳам унча меҳр қолмайди,чоғи. Улар жуда кам кўришади. Бунинг устига ўртада озгина гап қочиб, мана бир йилдан бери борди-келди ҳам қилмайди. Сабаби эса, катта опасининг турмуши бузилиб, бир қиз бир ўғил билан қайтиб келди. Дадаси билан онаси ҳаётлик чоғидаёқ катта ҳовлини шу опасининг номига расмийлаштириб беришни маслаҳат қилишганди. Ўша пайт­да индамаган укаси ке­йинчалик акасидан гина қилиб, ўпкалади:
— Опамга эплаб бирор жойда кичикроқ ҳовли қилиб бериб, бу ерда мен қолишим керак эди!
— Аёл боши билан қандай ҳовли оларди? Сен ҳар қалай эркаксан, топармон тутармон бўлдинг. Ака-укадан ранжиб гапирди.
— Сиз мени кўролмайсиз, ичингиздаги гапингиз тилингизга чиқди! — Обиджон шундай дея, бир йўла тўнини тескари кийиб олса бўладими?
Укасидан бунақа гап эшитишни кутмагани учун Комилжон аканинг дили оғриди.
— Сен ўсиб унсанг қувонаман. Бу гапни бир айтдинг, иккинчи айтмагин, – деди зўрға ўзини босиб.
— Унда исботланг. Опамга бошқа жойдан ватан қилиб берайлик. Ота эшикни менга берсин. – Обиджон юзсизлик билан унга талаб қўйди.
Комилжон аканинг миясига қон тепди, жаҳли чиқиб, асаби бузилди:
— Катталар билиб айтган экан, бўлган сари бўлгиси келади, деб! Шунча мол-давлатинг, қўш-қўрғонинг туриб, ота-онамиз опамга васият қилган жойга кўз тикасанми? Хайф сенга! Бошқа гапим йўқ, дедию, шартта кетди.
Шу бўйи орага совуқчилик тушди. Ҳартугул, Обиджон инсофга келдими, қайтиб опасини ҳовли масаласида безовта қилмади. Қариндошларнинг тўй-тўркин, маросимларида кўришиб қолса, элдан уялганлари учун ҳол-аҳвол сўраган бўладилар. Лекин барибир укасини соғинади, мириқиб гаплашиб ўтиргиси келади.
Ҳозир йўловчи болакайларнинг беғубор суҳбатларидан кўнг­ли бузилди. Юрагидаги соғинч яна бош кўтарди. Беихтиёр чўнтагини ковлади. Анчагина пули бор экан.
Яқинда укаси ўғлини уйлантирган, Худо хоҳласа тез фурсат ичида неварали бўлса керак. Ёшликда берган ваъдасини энди бажарса ҳам бўлади. Эзгуликнинг кечи йўқ-ку. Комилжон ака шу хаёл билан кетаётган манзилини ўзгартирди. Йўл — йўлакай болалар ўйинчоқлари сотиладиган дўконга кириб, чиройли велосипедча харид қилди. Сўнг минг андиша ва ҳаяжон билан укасиникига кириб борди. Обиджон йўқ экан. Келини ҳайронлик билан кутиб олиб, сўрига таклиф қилди. Ҳол — аҳвол сўраган бўлди. Бир унга, бир велосипедга қараб ҳайрон бўларди. Қайиноғасининг астойдил ўтирганини кўриб, дастурхон тузаш­га киришди. Орадан анча вақт ўтгач, кўчадан машинанинг сигнали эшитилди, жиянлари югургилаб бориб дарвозани ланг очди. Обиджон қордек оппоқ хорижий русумдаги машина билан нақ ҳовли тўригача кириб келди. Укасининг бу ваҳимали ташрифидан Комилжон ака бир чеккада мунғайиб турган велосипедчага қараб баттар ўнғайсизланди.
— Келинг! – Обиджон анчадан бери кўришмаган акаси билан совуққина сўрашди. Гап унча қовушмади. Комилжон ака бу ердан тезроқ кетишни истади.
— Ука, менга рухсат. Қачондир сенга бир нарса ваъда қилгандим. Тирикчилик, рўзғор деб ваъдамни унутган эканман, — деди худди ўқитувчиси қаршисида турган айбдор ўқувчидек секингина. — Тўғри, энди бу нарса сенга ўйинчоқдек арзимас, лекин яхши ният билан олиб келдим. Бош неваранг ўғил бўлсин, сенга олиб беролмаган велосипедимни неваранг минсин!
Обиджон шундагина нарироқ­да, турган велосипедни кўрди.Бу пайтда Комилжон ака юзига фотиҳа тортиб ўрнидан туриб бўлган эди.
— Яхши қолинглар!
То кўча остонасига етиб боргунча Обиджон серрайганича тураверди. Сўнг эса шошиб:
— Акажон!!! –деб бақириб юборди.
Укасидан буни кутмагани учун Комилжон бир чўчиб тушди. Ҳали ортига ўгирилиб улгурмаган ҳам эди Обиджон белидан маҳкам қучди.
— Акажон, мени кечиринг!
Улар юзма- юз бўлдилар. Ҳар иккисининг кўзларига ёш келди.
— Сени жудаям соғиндим, укажон! Комилжон ака укасини маҳкам бағрига босди.
Обиджон худди аввалгидек бошини акасининг кўксига қўйганича энтикиб- энтикиб йиғларди…
Матлуба ЮСУФ ОХУН