УНИНГ ЎЗИ ХАЗИНА

Халқ орасида Амир Темур ҳақида бир ривоят юради. Унинг қўшинлари Арман заминидан ўтиб кетаётганда бир монастирга дуч келишибди ва дарвозаларни очишни талаб қилибди. Монастирдагилар бунга рози бўлмасдан ўрнига катта миқдорда олтин ваъда қилишибди. Ўша пайтларда уруш қоидаларига биноан мағлуб томон ғолиб томонга омонлик солиғини тўлашган… Монастирдагиларнинг таклифи Амирга маъқул келмапти. Анча ўйланиб туриб келган элчиларга “майли, кимки омонлик истаса, ўз оғирлигига тенг китоб келтирсин!” деб шарт қўйибди.
Монастир аҳли бу талабни узоқ муҳокама қилиб, ўлимга рози эканликларини изҳор қилибдилар. Бундай қарордан таъсирланган Темур “халқнинг маънавий меросини ўз жонидан афзал кўрган эл яшашга ҳақли” деган фармон берган экан…
Бу ривоятда арман халқининг китобга бўлган эътиқоди билан бирга тиллодан китобни афзал кўрган, ўлимга маҳкум этил­ган душманни фақат китобсеварлиги учун ардоқлаб, омонлик берган Буюк Амир Темурнинг илм аҳлини нақадар қадрлаганлиги мадҳ этилган.
Бек офис бошлиғи Ўткирбек Жўраев тенгдошлари ва ҳамкасблари орасида кўп китоб ўқиши ва сермулоҳазалиги билан ажралиб туради ва қадрланади. Сўзлари, қарашлари ва фикрлашидан буни илғаб олиш мумкин. Шунданми ҳамкасблари “Ўткирбекнинг ўзи бир хазина”, дея таърифлашлари бежиз эмас.
У Тошкент молия институтини тамомлагач, банк соҳасида ишлашни мақсад қилди. Институтда олган билимлари асқотди — илк фаолияти давомида қийналмади. Табиатидаги самимийлик ва тез киришиб кетиши ишида анча қўл келди, ташаббускорлиги, билимли ва изланувчанлиги билан ҳурмат қозонди.
— Болалигимдан одатланган мутолаа завқи ҳали-ҳануз тарк этмаган. Нафақат ўзбек адиблари, балки, чет эл адабиётларини ҳам севиб ўқийман. Яқинда француз ёзувчиси Марсель Брионнинг “Менким, соҳибқирон Жаҳонгир Темур” китобини тугатдим. Жалолиддин Румий ҳазратларининг “Ичиндаги ичиндадур”, “Етти мажлис”, Тоҳир Маликнинг “Одамийлик мулки”, инглиз ёзувчиси Жорж Оруелнинг “1984 йил”, “Нафас” асарларини такрор-такрор ўқиганман. Китоблар менга сабр, шукурни ўргатди. Орзуга эришиш ва келажагим учун замин яратди, — дейди Ўткирбек.
Оилада китобхонлик муҳити бўлмас экан, болада китобга меҳр уйғонмайди. Аввало, ота-она қўлларига китоб олмас экан, фарзандлар ўз-ўзидан китобсевар бўлиб қолмайди. Китоб ўқиган инсон теран фикрлаш, оқу қорани ажратиш, мураккаб вазиятларда оқилона қарор қабул қилиш кўникмасига эга бўлади. Бу Ўткирбек Жўраев­ қарашларида мужассам.

Н. ЙЎЛДОШЕВА.