ОЧИҚ ЧЕҲРАНИНГ СИРИ

Суҳбатдошимиз — “Hamkorbank” АТБ Фарғона минтақавий филиа­ли раҳбари Абдуқаҳҳор ШАРИПОВ. 1982 йилда Марғилон шаҳрида туғилган. Меҳнат фаолиятини 2004 йилда Марғилон филиалида бошлаган. Ҳаётдаги шиори ота-она дуосини олиш. Эришган ютуқларининг сирини ҳам мана шунда деб билади.
— Ўзингизни бахтли ҳисоблайсизми?

— Албатта. Ҳар куни мени ишга кузатадиган оилам, давлатим-ота-онам бор. Ишдан кейин уйга шошаман. Устоз танлашда ҳам адашмаганман. Гарчи бошқа соҳада ишлаган бўлсаларда дадамдан кўп нарсаларни ўргандим. Ҳозир ҳам қанақадир муаммога дуч келсам, биринчи бўлиб дадамга юзланаман. Хотиржам ишимни қиламан. Яна нима керак инсонга?
— Доим очиқ чеҳра билан юрадиган инсонсиз, бунинг сири нимада?
— Кайфият ва ташқи кўриниш кўп нарсани ҳал қилади. Раҳбар одам учун бу янада муҳим. Олдингизга келганлар инсон сифатида сизга ҳавас қилсин. Ишининг битиш ёки битмаслиги бошқа масала. Яна саломда гап кўп. Имкон қадар биринчи бўлиб салом беришга ҳаракат қиламан. Тарбиямиз шунақа, болаликдан шунга ўрганганман.
— Ёқтирган машғу­лотин­гиз?
— Табиат қўйнида саёҳат қилиб завқланаман. Айниқса, пиёда юришга одатланганман. Вақт топдим дегунча, фарзандларим билан сайр қиламан. Яна китоб ўқишни ёқтираман. Хонадонимизда мўъжазгина кутубхона ташкил қилганмиз. Чет эл адабиётини кўп ўқийман.
— Фарзандларингизни қан­ча­лик яхши кўрасиз?
— Чексиз. Ўлчами йўқ дилбандларимга муҳаббатимнинг. Айниқса, кичкинамиз Абдураҳмон жуда бошқача. Ота-онам каби бебаҳо бойлигим. Фарзандларимда ўзимни болалигимни кўраман. Қандай касбни танлашларидан қатъий назар, эл хизматида бўлишларини истайман.
— Ота-онангизга таърифингиз…
— Беқиёс. Уларни таърифлаш…. (жилмаяди ва узоқ ўйга толади). Отам мен учун энг идеал шахс. Онам Санобархон ая оддий ўзбек аёли, бироқ бағри кенг, қалби дарё. Бировнинг дилини оғритганини сира кўрмаганман. Беш фарзанд ҳалолликни, ростгўйликни онамиздан ўргандик. Ҳалол луқма билан катта қилдилар. Ўзлари дўппи тикиш билан шуғулланган бўлсалар-да, дунёқараши кенг, кўп нарсани биладилар. Қизларимни бувисига ўхшашларини истайман.
— Туғилган жойингиз дунёга танилган…
— Марғилон деганда атласу адрас­дан ташқари, уста ҳунармандлар кўз олдингизга келади. Мен ҳам бу борада фахрланишга ҳақлиман. Амакиларимдан косибчиликни ўрганганман. Озми-кўпми қўлимдан келади. Жуда эркатой набира бўлганман. Шунга қарамай катта оилада вояга етганим сабаб ҳунар ўрганишда уқувли эдим. Агар банк ходими бўлмаганимда, шу ишни қилардим. Ҳунармандларни қадрлайман.
— Раҳбарлик сиз учун…
— Катта масъулият, катта ишонч. Вазифамдан келиб чиқиб, кимгадир топшириқ беришга ёки ишини назорат қилишга мажбурман, холос. Бироқ, ҳеч кимга қўл остимдаги инсон сифатида қарамайман. Шундан бўлса керак, ходимларим яқин дўстимга айланишган. Раҳбарлик бошқалардан ажраб туриш, дегани ҳам эмас, менинг наздимда.
— Қандай инсонларни ёқтирмайсиз?
— Тили бошқа-ю, дили бошқа одамларни кўрганда “қоним қайнаб” кетади. Бундай инсонлардан ҳар нарса кутиш мумкин.
— Агар сизни алдашса…
—…
— Суҳбатингиз учун раҳмат.

Акбаржон НАЗАРОВ суҳбатлашди.