Лочин кўкда нетар кўзи ўтмаса…
Тузалмайди дардим менинг,
Ўлсам керак.
Тупроқ билан оға-ини
Бўлсам керак.
Ўлим нима? Бу ҳам битта
Сайр, она.
Ўғлинг қаро ерга кетди,
Хайр, она…
Муҳаммад Юсуф ушбу сатрларни битаётганида, эҳтимол, ўзининг эрта вафоти ҳақида башорат қилмагандир. Афсус, бу чархи кажрафторнинг бевафолиги кўксида армони лиммо-лим шоирни соғинтириб орамиздан эрта олиб кетди.
Эндигина 47 ёшни қаршилаган шоир, қалби тўла зардоб шоир, ўз элининг эркаси мангуликка риҳлат қилди. Бу не кўргуликки, 47 ёш — Бобур Мирзо ҳам фоний дунёни тарк этган, Шавкат Раҳмон видо айтган ёш. Вақтнинг бешафқатлиги нақадар оғир. Кўксимиз куйиб-куйиб, соғинганда дилимиз тўлиб-тўлиб, армону аламларга ҳамроҳ бўлиб йилларни қаритяпмиз.
Ўлим ҳақ. У ҳеч қачон кекса-ёш, яхши ёки ёмон демас. Муҳаммад Юсуф айни навқирон ёшда ҳаётдан кўз юмди. Умрининг сўнгги дамларида ҳам республикамизнинг энг чекка гўшаларида ўзининг мухлисларига қувонч бахш этмоқ ниятида бўлганлиги қалбларни ларзага солади. Бу оғриқ, дард, армон… Бу армон юракларни шоирни севганларни абадий кемиради.
Муҳаммад Юсуфни Ўзбекистоннинг оддий деҳқонидан тортиб академигигача яхши танийди. Унинг шеърлари қўшиқ бўлиб санъаткорни юксалтирмоқда, ҳар бир хонадонга кириб боряпти, қалбларни забт этяпти. Шоир халқнинг дилидагини ҳамиша топиб айтгани учун ҳам шеърлари тез оммалашди. Сатрларида сеҳр, дард борки, инсонларни ром этади, дилбар жозиба борки, мусиқада сайқал топади. Оддий сўзлар тизмаларида жило, таптортмаслик, шуур ва ҳақиқат борки, юракларга жойлашади.
Агар устоз ҳаёт бўлганида эди, қизғалдоқ бош кўтариб, қалдирғочлар қанот ёзган гўзал дамларда борлиқ яшиллигига ҳамоҳанг шукрона куни нишонланарди.
Жисми орамизни тарк этган бўлсада 26 апрель халқимиз томонидан унутилгани йўқ. Унинг давомчиси, дилбанди — Мадинахон шеърларида давом этмоқда. У отаси каби гўзал шеърлар ёзиб мухлислар қалбига йўл изламоқда. Муҳаммад Юсуф ўзи таъкидлаганидек, “бу дунёда менинг қолар изим” дея ёзганида шу кунларни дилидан ўтказган бўлса, неажаб.
Лочин кўкда нетар кўзи ўтмаса,
Синдир қаламингни сўзи ўтмаса,
Ватан деса ўпканг тўлиб кетмаса,
Шеър ёзишга бало борми, биродар.
“Лочин кўкда нетар кўзи ўтмаса…” халқи учун эъзозли бўлишни олдиндан кўра билган Муҳаммад Юсуф ушбу таърифларни ўзига бергандай, гўё. Унинг “ўткир кўзлари” қалбини очиб бергани истеъдоди орқали юзага чиққани аниқ. Ва айтиш жоизки, она-Ватан ҳақида бундан ортиқ ташбеҳ бўлмаса керак. Биргина Бахмалда туғилган қўзичоқни араб оҳусига алмашмагани, товонига кирган тиконларини суюк билгани, Ватанни гоҳо Билол бўлиб, гоҳо ҳабаш бўлиб қулдай севишини ўзи ҳақиқий ватанпарварликни ўргатади.
Ҳар бир ижодкорнинг ёнар фасли, ўт фасли бўлади. Муҳаммад Юсуф айни мана шундай паллада мангуликка риҳлат қилди. Бир неча йиллар илгари университетни тамомлаб, пойтахтда қолиш-қолмаслик ҳақида ўйлаб юрган кезларим: “Феруза, инсоннинг ўзи туғилиб ўсган жойдан оёғи узилмаслиги керак. Яхшиси, Андижонга қайт, ўша ерда илдиз от, кўкар. Камолингни, аввало, улар кўрсин, қувонсин, кейин пойтахт ўзи сени чақиради”, деган гапи ўз исботини топди. Олти йиллик меҳнат самараси — пойтахт мени ўзи чақирди. Муҳаммаджон ака, назаримда, бир авлиёдек эди.
Кўрсатув тайёрлаш асносида яна бир учрашувимизда Муҳаммад ака билан онаси, болалиги, илк бор шуурига сингган алла сеҳри, биринчи шеъри, волидасидан эшитган эртаклари-ю, насиҳатлари ҳақида дилдан суҳбатлашгандик. Ва афсуски, бу суҳбат мен учун сўнггиси эканлигини билмагандим. Бироқ Муҳаммад ака “дийдор қиёматга қолмасин-да, сингилжон” деганида, мен таажжубга тушгандим ва ҳануз бу жумбоқни ечолмайман. У “ҳақиқий шоирлар худойимнинг эркатойларидир. Ҳақиқий истеъдодлар эса эрта ўлимини билгандай, доим шошиб юрадилар…”, дегани каби ўзи ҳам эрта вафотини сезгандай, шошиб яшади. Яқинларига, дўстларига, шогирдларига — ҳамма-ҳаммага яхшилик қилиб яшади. Қўли билан етказа олмаган яхшиликни сўзи билан етказди. Оташин шеърларида муҳаббат қасрини қурди. Бу ҳақиқатни эса шоирнинг ўзи исботлаб кетди.
Ўзи ўлса ўлар, сўзи ўлмайди,
Ҳамиша барҳаёт насл шоирлар.
Ҳақиқий шоирнинг қабри бўлмайди,
Юракка кўмилар асл шоирлар.
Феруза ОРИПОВА,
журналист.