ТОПГАНИ ҲУРМАТ, ҚАДР, ДЎСТЛАР БЎЛДИ

“Hamkorbank” АТБ Навоий филиали бошқарувчиси Ҳикматилло Шерназаров фахрийлар ҳақидаги суҳбатимизда Нурия Ҳусеновага шундай таъриф берди:
— Жуда камтарин, хокисор аёл. Бировдан хафа бўлишни билмайди. Яқинда 60 ёшга тўлдилар. Лекин ҳамон ёшлардек ғайратли, шижоатли. Ҳамкасблари билан доим бир сафда. Банк тизимида ишлаганидан доим фахрланади.
Қизиқиб опа билан телефонлашдим. Эски танишлардек яхши кайфиятда саломлашдилар. Сездимки, ўрганадиган томонлари кўп. Қаҳрамонимни излаб йўлга чиқдим.

Навоий филиали ходимлари бири қўйиб иккинчиси опа ҳақида фахрланиб гапира бошлади, устоз дея тилга олдилар. Мазкур филиалга тамал тошини қўйганлардан бири эканлиги, ўз касбини қанчалар севиши, ёшларга доим меҳрибон бўлгани, давраларга файз киритиши-ю пазандалигини таърифладилар.
— Айниқса, биз аёллар опага суяниб қолганмиз,— деди Нодира Муқимова. — Ишга масъулият­ билан қарашни, шижоатни, қийинчиликлардан қўрқмасликни ўргатдилар. Доим олдинга қараб ҳаракат қилиш керак, дейдилар. Изларидан бориб кам бўлмадик.
Йўқловимиз сабаб банкка кириб келган Нурия опа ўзи билан қувноқликни олиб келди. Шогирдлари пешвоз чиқиб, хушчақчақ кутиб олдилар. Соғинганликларини яширмадилар.


— Иш фаолиятимни 1983 йилда иқтисодчиликдан бошлаганман, — дейди Нурия опа ортга назар ташлаб. — Бир қатор корхоналарда ишладим, ўргандим. Қандай вазифани бажармай ишончни оқлашга ҳаракат қилдим, ҳамкасбларимга ҳурматда бўлдим. Дастлаб 2005-2010 йиллар “Туронбанк”да ишладим. Шу-шу банк менинг ҳаётимга айланди.
2010 йили Навоийда “Hamkorbank”нинг филиали очил­гач, Нурия Ҳусенова биринчилар қаторида ишга таклиф қилиниб, унинг зиммасига чакана хизматлар кўрсатиш бўлими оператори вазифаси юклатилди. Янги муассасада ўзига яраша қийинчиликлар бўлиши табиий. Мижозларни жалб этиш, хизмат сифатини яхшилаш, бошқа банклар орасида устунликка эришишнинг ўзи бўлмайди. Бу борада қаҳрамонимиз раҳбарлар билан елкама-елка турди. Ҳар бир мижозга очиқ чеҳра билан ҳамкорлик таклифини билдирди.
2017 йилга қадар турли вазифаларда самарали фаолият юритиш баробарида бошланғич касаба уюшма қўмитасига раислик қилди. Ходимларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ва соғломлаштиришга алоҳида эътибор қаратди. Айниқса, жамоавий дам олишларни ташкил этишда ўзига хос йўл тутди.
Опа жуда зийрак, ҳар бир ходимнинг туғилган кунини ёддан биларди. Эрталабда биринчи қиладиган иши кўнгил олиш. Ходимларнинг феъл-атвори ва қизиқишига қараб совға тайёрларди. Ана шундай кунларда жамоанинг тушлиги катта шодиёнага айланарди. Бугун ҳам бу анъана давом этмоқда.
Аёл киши учун банк тизимида ишлаш қийин эмасми, деган саволимизга ҳам Нурия опа қувноқлик билан шундай жавоб берди:
— Аксинча, ишини тўғри режалаш­тира билган аёл сира қийналмайди. Шунча эркак ҳамкасблар ёрдамга тайёр. Шундай даргоҳда ўрин топиш бахт.
— Ҳаётдан топганларингиз ва энг қувончли онларингиз қандай?
— Ушбу жамоада ўтган ҳар бир кунимни унутмайман. Бу ерда қадр, ҳурмат, қанча дўст топдим. Шогирд­ларимнинг ютуқлари ҳақида эшитганда, ўзимни янада бахтиёр сезаман.
Нурия опанинг ҳар куни ҳамон банк билан боғлиқ. Тонгда уйғонганда ўзи яшайдиган кўп қаватли уйнинг тепасидаги «Hamkorbank» ёзувига кўзи тушади. Ва беихтиёр ҳамкасблари кўз олдида гавдаланади.
Инсоннинг ҳаёти бир китоб. Уни қандай безаш ўзимизга боғлиқ. Бу борада Нурия опадан кўп ибрат олсак арзийди.
Қахрамонимиз:
Ёлғон гапирган одамни ёқтирмайди.
Сўзида турадиганларни қадрлайди.
Одамларсиз яшай олмайди.
Кулгу жони дили.


Акбаржон НАЗАРОВ.
Андижон-Навоий-Андижон.