“НОДИРАБЕГИМ”НИНГ ЮЛДУЗИ
1995 йилнинг майида “Андижонбанк” АТБ жамғарма бўлимида иш бошлаган Юлдузхон жамоа ҳаётига, қатъий интизом ва тартиб-қоидага асосланган фаолиятига тез киришиб кетди. 1997 йилнинг сентябрида банкнинг Нодирабегим филиалида иқтисодчи мутахассис вазифасида иш бошлаб, то ҳозирги кунга қадар, деярли чорак асрдан бери мазкур жойда самарали иш юритиб келяпти (Ҳа, дарвоқе: бу орада Андижон молия-иқтисодиёт коллежини банк иши мутахассислиги бўйича тамомлаб, малакали ходимлардан бирига айланди). Бугунги кунда у “Hamkorbank” АТБнинг ушбу филиалида касса амалиётлари бўлими кассири (универсал).
Ишхонасини иккинчи уйига, ҳаётига менгзайдиган банкирлар менга ёқади, дея уларни доимо алқайдиган Ю.Абдурасулова фарзандларида шу соҳага меҳр уйғотди. Икки ўғли банк тизимида фаолият олиб бориб, эл-юрт ишига камарбаста бўлишаётгани қувонарли.
Юлдузхон Абдурасулова умрнинг мазмунли ўтиши, қолаверса, банк соҳасидаги масъулиятли ишини муваффақиятли давом эттиришида илмнинг, китоб мутолаасининг ўрни катта, деб ҳисоблайди. Кишилик жамияти, ислом тарихига оид китобларни ўқишни ёқтиради. Нафақат миллий, балки, хориж классикларининг асарлари уни доим ром этади. Айниқса, Ф.Достоевскийнинг “Телба” романи севимлиларидан бири. Ушбу асарни қайта-қайта ўқиб, ҳар гал ўзига туганмас маънавий қувват олгандек бўлади.
Унинг фикрича, “Ҳаёт — бу тарбия” ва шу боис унга теран назар билан қарайди. “Ҳамма нарса инсоннинг ўзига боғлиқ, — дейди у. — Келажакка интилиб, ҳаётга умид билан қарайдиганларни ёқтираман. Ҳар нарсадан норози бўладиган, “тирноқдан кир қидирадиган”ларни хушламайман.
Устозлари ҳақида доимо фахрланиб гапирадиган, гоҳида ўзига “жамият учун нима қилдим?” дея савол беришни канда қилмайдиган Нодирабегим филиалининг фидойи ходимаси атрофдаги воқеликларга, шоирона ташбеҳ билан айтганда “дунёнинг ишлари”га бефарқ эмас. Доимо янгиликка, билганларини ҳаётига, иш фаолиятига татбиқ этишга, ён-веридагиларга етказишга интилади. Бундай инсонлар жамулжам бўлган жамоанинг эзгу мақсадлари ҳамиша рўёбга чиқиши шубҳасиз.
Ҳ. ТУРҒУНОВ.