“СЕМИЗ” КИТОБЛАРНИ ЎҚИГАН ЙИГИТ
“Hamkorbank”АТБ тизимида иқтидорли ёш мутахассислар талайгина. Ана шулардан бири Мадад Чоризодадир. “Hamkorbank”чилар сафидан жой олганига эндигина бир йил тўлди. Ҳозирда Қашқадарё минтақавий банк хизматлари офиси корпоратив хизматлар бўлими 1- тоифали менежери(оммавий) лавозимида ишламоқда.
Дастлабки иш фаолиятини беш йил аввал “Ўзмиллийбанк”да бошлаган иқтидорли йигит билан суҳбатимиз қизиқарли кечди.
— “Тил билган – эл билади”, дейишади. Инглиз ва рус тилларини аъло даражада билишингизга қайси омиллар сабаб?
— Болалигимда уйимизда дадамнинг алоҳида кутубхонаси бўларди ва китобларнинг аксарияти рус тилида эди. Уларни ўқиб кўришга, ичидаги сир-синоатларни англашга менда шунчалик иштиёқ кучли эдики, баъзан «семиз-семиз» китобларни қучоқлаб юрардим. Тил ўрганмасам бу китобларни ўқий олмаслигимни вақт ўтган сари англадим. Тушунмасам ҳам рус ва инглиз тилларидаги киноларни жим тинглаб кўраверардим. Эҳтимол шу сабаб рус ва инглиз тилларини ўрганишим осон бўлгандир.
— Иқтисодчи мутахассис бўлиш учун нега айнан Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳри филиалини танлагансиз?
— Аслида санъат соҳасига қизиқишим кучли (бугунги кунда ҳам шундай) эди. Шеърлар машқ қилардим, фильмлар сценарийларини кўриб, ёзиб олардим. Бироқ, барибир ичимда нимадир ота-боболарим йўлидан кетишга туртки берди. Сулоламизга кўра, мен 5-авлод иқтисодчиман. Шу сабабли уйда дадам билан суҳбатимиз фақат сиёсат ва иқтисод ҳақидаги баҳс-мунозаралардан иборат эди. Балким мана шу суҳбатлар мени Россия иқтисодиёт университети томон етаклагандир. Ўша пайтларда ўзимизнинг олийгоҳларда «рақобат» кучли эди. Бунга 196 балл тўплаб ҳам талаба бўлолмаганим сабаб бўлгандир, балким…
— Сарҳисоб қилсак: ўтган бир йил ичида жамоангизга қандай наф келтирдингиз (ёки наф келтирдим деб ўйлайсиз)?
— Тўғриси жамоамиздан жудаям миннатдорман. Мени илиқ кутиб олишди. Ҳамкасблардан кўплаб янгиликларни, ишга замонавий ёндашишни ўргандим. Бутунлай янгича тизим, мижозларга хизмат кўрсатишда тезкорлик, аниқлик… қўйингки, ҳаммаси эътиборга лойиқ. “Hamkorbank”да буларнинг барчаси ажойиб ва ўзига хос деб биламан. Қўшган ҳиссамни эса ўзим баҳолай олмайман. Лекин бир нарса аниқ: якунланган йил режа кўрсаткичларимиз юқори даражада бўлди.
— Туғилган юртингиз – Косон атамаси қандай маънога эга?
— Косон хусусида тарихий манбаларда турли маълумотлар учрайди. Шулардан ҳақиқатга яқинроғида айтилишича, милоддан аввал мазкур манзилгоҳда Ксенниппа шаҳри ёки қалъа мавжуд бўлган экан. “Ксен” атамаси кейинчалик Косонга айланиб кетган. Косон шаҳрида қадимдан қандолатчилик ривожланган. Туманимиз республикада энг кўп пахта хосилини етказиб берадиган ҳудудлардан бири. Бу ерда қадимдан ўзбек, тожик ва этник араблар вакиллари аҳил яшаб келмоқда.
— Қатарда футбол бўйича якунига етган жаҳон биринчилигида қайси жамоага мухлислик қилдингиз?
— Футбол жону дилим: томоша қилишни ҳам, у билан шуғилланишни ҳам ёқтираман. Ҳамкасблар билан тез-тез футбол ўйнаб турамиз (табиийки, учрашувларни ўзим ташкил қиламан). Жаҳон чемпионатига келсак: биласизми, Аргентина терма жамоасининг ғалабасини саккиз йил кутганман. 2014 йил финалдаги мағлубиятидан сўнг, Леонил Мессини келгусида мундиалда ғолиб бўлишини орзу қилардим. Унинг Марадона ва Пеле даражасида эканлигига шубҳам йўқ эди. Буни исботлаши учун шунчаки жаҳон чемпионати кубогини боши узра кўтариши керак эди ва бу содир бўлди.
— Мусиқага, соз чалишга ҳавасманд эканлигингизни айтишди. Соз чалишни қай тарзда ва кимлардан ўргангансиз? Айнан қайси чолғулар сиз учун севимли?
— Болаликда уйимизда тор бўлар, фақат дадамгина унга тега олардилар. Дадам созни жудаям яхши чалади, доим қўлларига олиши билан югуриб бориб томоша қилиб турардим. Кейинчалик мусиқа мактабининг дутор тўгарагига бордим. Бир йил таълим олгач, айрим сабаблар туфайли ўқишни давом эттиролмадим. Кейинчалик бетобланиб қолдим, уйда 2-3 ой даволаниш жараёнида пианино чалишни машқ қилдим. Эшитган куйимни пианинода ҳеч қандай ноталарсиз чалишни ўрганиб олдим. Бугунги кунда пианино, аккардион ва торли мусиқа асбобларини чала оламан. Айниқса, ишдан бироз толиқиб келганимда хонамга кириб олиб, соатлаб мусиқа чалишни ёқтираман. Бу ҳолатни сўз билан тушунтириш қийин, жудаям ажойиб ҳис-туйғули лаҳзалардир.
— 2023 йилни қандай кутиб олдингиз. Тилакларингиз, орзуларингиз…
— Ҳа, ажойиб воқеалар, ширин хотираларни ортда қолдириб, 2022 йилимиз ҳам якунига етди. Ҳар доимгидек байрамни хушкайфиятда, яхши ниятлар билан кутиб олдим. Тилакларим бир олам: юртимиз тинч, элимиз омон бўлсин. Юртдошларимиз эзгу мақсадларига етсин.
Суҳбатдош: Ҳалимжон ТОҲИРОВ