ЖИЗЗАХ СОМСАЛАРИ АМЕРИКАДА
Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудининг такрорланмас урф-одатлари, анъаналари бўлгани каби ўзига хос брендига айланган таомлари бор. Самарқанднинг нонлари машҳур, Қашқадарё ва Сурхондарё тандир кабобларининг мазаси оғзингизда қолади. Андижоннинг девзира ошига етадигани йўқ. Жиззах жизи, Зомин тандир кабоби, манти, сомса, қуртава сингари таомлари нафақат маҳаллий аҳоли, балки, хорижликларда ҳам қизиқиш уйғотгани рост.
Суннатилло Бойхўрозов бир неча йилдирки, тадбиркорлик билан шуғулланиб келади. У “Маҳсуда-Назокат” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилган. Тадбиркорлик фаолиятини “Жиззах сомсалари” марказида ривожлантирган.
Сомсапазликда унга етадигани йўқ. Меҳмон бўлгувчилар шу жойда тановул қилишади. Бундай мазали сомсани ҳеч бир ҳудудда учратмайсиз. У ўз номи ва таъмига эга. “Қипчоқ” сомсасини емабсиз, бу дунёга келмабсиз”, дея лутф ила айтилган ташбеҳлар асло муболаға эмас.

— Тонгда ишимиз энг аввал хамир қоришдан бошланади. Нақ бир-бир ярим соат муштланган хамир то маромига етгунга қадар у давом этади. Бу вақтда қалб қўъри ва меҳрини беришга улгурган сомсапаз 30 дақиқа тиндиришга қўяди, -дейди тадбиркор.
Хамир тайёр бўлгач, бир неча босқичдан ўтади, яъни тиндирилгач яна такрор-такрор муштланади, бўлакларга бўлиниб, зувалачалар тахлана бошлайди ва сомса тугилади. Битта зувала 150, масаллиқлар аралашмаси эса 350 граммни ташкил этади. Масаллиқлар меъёри ва ўлчами бу борада жуда муҳим. Сомса тугиш охирлаб қолганда тандирга олов ёқилади, то “оқаргунча”. Оби –тобига келгач, оташ тандирга сомса ёпиш бошланади. Ошпазнинг сабр-бардоши ва маҳоратига тан берасиз. Иссиқлик маромига эътибор қаратиш энг мураккаб жараён. Салгина эътиборсизлик туфайли 100-110 та сомса тўкилиб кетиши мумкин.
Бугун 3 та марказда хизматини йўлга қўйган тадбиркор ҳар бир жойда 50 га яқин ишчи фаолиятини ташкил қилди, доимий мижозларига эга бўлди. Айни пайтда нафақат Ўзбекистон, балки Америка, Россия, Германия каби 100 дан ортиқ давлатларда мижозлари бор. Таъмининг ўзгачалиги билан танилган Жиззах тандир сомсаларини етиштириш учун 3-босқичли кластер усулида иш ташкил қилинган. Сифатли бўлиши учун гўшт, сут ва яна бошқа табиий маҳсулотлар шу ернинг ўзида етиштирилади. Балки шундадир ўзгача таъм ва машҳурлик. Хўрандалардан ташқари турли маросим ва меҳмоннавозликлар учун буюртмалари ҳам талайгина. Кўплаб меҳмонлар, саёҳатчилар, таниқли инсонлару санъаткорлар билан гавжум ушбу гўшада сомсанинг 10 га яқин тури тайёрланади. Бу ҳунар чинакам санъат эканини таъкидлаган Суннатилло Бойхўрозов “Қипчоқ сомсалари” брендини яратиши учун 30 йилдан ортиқ меҳнат қилди. Ана шу меҳнатлари самараси дунёга юз тутди.
— Хорижликлардан буюртмалар онлайн ёки ўзбекистонлик танишлари орқали қабул қилинади. Тўлов ҳам шундай. Бу борада муаммо йўқ. Маҳсулотларимизни тайёр ҳолда 10 кунгача сифати кафолатланади, -дейди суҳбатдошимиз.
Ҳа, С. Бойхўрозов тиниб-тинчимас инсон. У Жиззахдаги “Наврўзбулоқ” сайлгоҳини обод гўшага айлантирди. Ҳар йили Наврўз байрамида ташкил этиладиган сайлда мезбонлик қилувчи одамлари, қишлоқ табиатининг мусаффолиги кўнгилларни обод этади. 35 гектарлик боғ яратилди, “Наврўзбулоқ” чойхонаси очилди. Чойхона бир вақтнинг ўзида 500 дан ортиқ мижозга хизмат кўрсатади. Асосий таоми бўлган “Жиззах сомсалари”нинг бу ерда ҳам хўрандалари бисёр.
Қўли гул ошпазлар мавсум танламайди — йил ўн икки ой хизматда. Маҳоратли сомсапаз Акрамжон Хазратқулов айни дамда Умра зиёратида бўлганлиги боис барча масъулият Юнусжон Содиқов зиммасига тушган. Жавлонбек, Бобур, Ҳасан-Ҳусан, Адҳамжон каби шогирдлари билан сидқидилдан хизмат қилишяпти. Улар бу йилги Наврўз байрамини ҳам кўтаринки кайфиятда ўтказдилар.
Асли номи “Қўтирбулоқ” бўлган ҳозирда «Наврўзбулоқ» деб аталувчи бу гўша доим гавжум. Яна бир ажойиб анъана мавжуд. Наврўздан бошланган уч чоршанбада қипчоқ халқи элга эҳсон беради. Ким от, ким ҳўкиз, яна бири қўй-топганини сўйишади — халқини меҳмон қилади. Шу кунда ҳеч бир егулик пулга сотилмайди. Суви шифобахш, табиати мусаффо ўлкага келиб-кетувчилар кун сайин кўпайиб боряпти.
Нилуфар Иброҳимжон қизи.

