ЮТУҚЛАРИМИЗ АСОСИ — АНИК РЕЖА ВА ТАРТИБ

Жаҳонгир Очилов,
Қарши универсал банк хизматлари офиси бошқарувчиси.


Банк тизими иқтисодиётимиз тараққиётида муҳим ўрин эгаллаб, хўжалик юритувчи субъектлар ва тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлашда муҳим роль ўйнайди. Шу маънода айтиш мумкинки, кейинги вақтда тижорат банклари хизматларига бўлган талаб ортиб бормоқда. Улар ўзларининг ривожланишида асосий йўналиш сифатида янги банк маҳсулотлари ва хизматларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Мижозлар билан ишлашда тезкорлик, замонавийлик ва сифат борасида ҳам талаб катта.
Айтиш мумкинки, “Hamkor­bank” бу борада бошқа банкларга нисбатан бир қадам олдинда бормоқда. Бош банк томонидан белгиланган режаларни бажариш баробарида тизимдаги ислоҳотларда фаол иштирокимиз, мижозлар сони ортиб бораётгани ва маҳсулотларимиз қўллаб-қувватланаётганида буни яққол кўриш мумкин. Республикамизнинг қайси бир ҳудудида бўлманг, банкимиз номи ишонч билан тилга олинмоқда.
Шу маънода бугун Қашқадарёда ҳам мавжуд банклар орасида ўз ўрнимизга эгамиз. Биз айни вақтда 1200 дан ортиқ корхона ва ташкилотларга, 15 та жамоат ташкилотлари, 8 та қўшма корхона ва 1412 та якка тартибдаги тадбиркорларга хизмат кўрсатяпмиз. Уларнинг талабига мос хизмат кўрсатиш, тизимдаги янгиликларни амалиётга татбиқ этиш ва қулайликлар яратиш фаолиятимиз асоси. Бунга ҳар бир ходим масъулият билан қарайди. Бундан, албатта, мижозлар хурсанд.
Мижозларга қулайлик яратиш билан бирга уларнинг олдига ўзимиз борамиз. Хизматларимизни янада яқинлаштиришда жойлардаги 4 та БХОда ҳам мавжуд хизматлар йўлга қўйилгани самара бермоқда. Шу ўринда Санжар Жумаяров раҳбарлик қилаётган Ёрқўрғон БХО фаолиятини алоҳида эътироф этиш ўринли. Бу кичик муассасамизнинг кўрсаткичлари юқори. 2023 йил 9 ойлик якуни билан 9 та йўналишдаги режаларни ортиғи билан бажаришга эришди.


Банк фаолиятини мижозлар ривожлантиради. Шу сабаб биз мавжудлари билан ишлаш баробарида янги мижозлар билан ҳамкорлик ҳаракатидамиз. Жорий йилда ходимларимиз томонидан олиб борил­ган тарғибот тадбирлари натижасида ҳамкоримиз сони ортди. Уларни қўллаб-қувватлаб, истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда биргаликда ишлаяпмиз.
Кези келганда молиявий кўмагимиз ҳисобига йирик мижозларимиз фаолияти ривожланиб бораётганини айтиб ўтиш ўринли. Жумладан, Фарҳод Раҳимов раҳбарлигидаги “Elpay” масъулияти чекланган жамияти ВИП мижозларимиздан. У республика миқиёсида “Elpay” бренди тўлов тизими оператори сифатида танил­ган. 1 минг 400 дан ортиқ тўлов киосклари мавжуд бўлиб, олтита вилоятда фаолияти йўлга қўйилган. Йиллик айланма маблағи 360 миллиард­ сўмни ташкил этади. 80 дан ортиқ иш ўрни яратган.
“Косон саноат монтаж” МЧЖ таъсисчиси Машраб Шодмонов тадбиркорликда анча тажрибали. У юқоридаги МЧЖга тегишли ёш тадбиркорлар кворкинг маркази ёшлар меҳнат гузари комплексида қурилиш материаллари савдоси билан шуғулланади. Олтмишга яқин косонлик йигит-қизни иш билан таъминлади. Косон туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида кўп қаватли турар-жой биноларини қуриб, фойдаланишга топширди.


Албатта, ҳар бир ишни режали олиб борилиши ютуқларга бошламоқда. Биргина жорий йил 3-чорак учун белгиланган фойда режаси 118,1 фоизга бажарилгани фикримиз тасдиғидир. Бунда республикада энг яхши ўрта кредит сотувчилар қаторидан ўрин олган Жаҳонгир Рўзиқулов, энг яхши оммавий кредит сотувчи Ферузбек Қодиров, чакана йўналишда катта тажрибага эга Наврўз Муртазаев ва Бекзод Аҳмедовларнинг ҳиссаси катта. Уларнинг меҳнати Бош банк томонидан муносиб баҳоланмоқда.


Ҳар қандай жамоанинг ютуғи ишни аниқ режа ва тартиб асосида ташкил этиши билан боғлиқ. Яна масъулият самарадорликка бошлайди. Бизда бу борада ўзига хос мактаб яратилган, дея айта оламан. Қўлга киритаётган ютуқларимизнинг сири мана шунда. Қолаверса, молия бозорида ўз ўрнимизни мустаҳкамлашимизнинг асосий шарти.