ЙИГИТ БЎЛСАНГ ТУЛПОРИНГ БЎЛСИН
ёхуд отлар оламига бир назар
Отларнинг бўйи 2,5 метргача, баландлиги эса 50 см. дан 185 см. гача етади. Вазни 60 кг. дан 1500 кг. (Бельгияда 1928 йилда туғилган “Бруклин Сюприм” лақабли оғир юк ташувчи от 1440 кг. бўлган)гача боради.
Сифати, иш қобилияти ва узоқ фойдаланиш имконияти уларни боқиш ва асрашга боғлиқ. Отларга асосан сули, арпа, жавдар, маккажўхори дони ва сершира озуқа (сабзи, лавлаги, картошка ва силос) ем сифатида берилади. Кунига 3 маҳал суғорилади.
Шотландиялик муҳандис ва кашфиётчи Жеймс Уатт буғда ишлайдиган машинани ихтиро қилганда унинг имкониятларини намойиш қилиш учун янги ускунанинг кучини от кучи билан солиштиришга мажбур бўлди. Натижада янги куч бирлиги — от кучи киритилди. Отларни иппология фани ўрганади.
Отлар туғилганидан то улғайгунга қадар турлича номланади.
Қулун – янги туғилганидан бир ёшгача бўлган боласи; тойчоқ – бир ёшдан икки ёшгача бўлган боласи; той – икки яшар боласи; ғўнон – уч яшар от; дўнон – тўрт яшар от; тўлон – беш яшар от; айғир – 3-4-5-6-7 ёшли эркак от; чирға – олти яшардан ошган от; толлон – 12 ёшли от; қирчанғи – қариб қолган от; байтал – ёш урғочи от; бия – туққан ва бўғоз урғочи от.
Йилқи – отлар подаси, галасини, уюр эса – ораларида бир айғири бўлган биялар тўдасини англатади.
Чорвадорлар, йилқибоқарлар насли насаби, ранги рўйига қараб отларни турлича номлашади. Масалан: ёби – насли паст от; чўбур – хашаки от; байир – маҳаллий шароитга ўрганган жайдари от; қорабайир – бели текис ва кенг, кўпинча тўриқ ёки саман от; тарлон – ола тарғил, чавкар от; тўриқ – қора-қизил, тўқ тусли жийрон от; жийрон – қизғиш-малла от; саман – оч малла, сомон ранг от; самантўриқ – саманга, маллага мойил рангли тўриқ от; бурул – холдор кўкиш от; чавкар – ола-була, қора холли, хол-хол от; чагир — кўзида оқи бор от; асов – минги бўлмаган, ҳали минишга кўникмаган от; бедов – учқур, ўйноқи от; йўрға – минганда худди машинада кетаётгандек текис, силлиқ юрадиган от. дўққи – йўрғанинг акси, юрганда устидаги одамни силкитиб юрадиган от; арғумоқ – жуда чопқир от; тулпор – наслдор, чопқир, учқур от; хос тулпор – боқилган, чиниққан, узоқ сафарларда юрган, пойгада пишган, наслдор от.
Кези келганда отларнинг абзаллари ҳақида билиб қўйиш фойдадан ҳоли эмас. Босмайил – отнинг қорнидан эгар билан қўшиб боғланадиган тасма. Қуюшқон – эгар отнинг боши томонига кетиб қолмасин учун, унинг думи остидан ўтказиб эгарга боғлаб қўйиладиган арқон. Узанги – оёқ қўйиб миниш ва эгарда мувозанат сақлаш мосламаси. Тизгин – отнинг сулуғига ва нўхтасига боғланган арқон. Отни мингач, у чавандознинг қўлида бўлади. Унинг синоними – жилов. Сулуқ – отнинг оғзига тиқилган темир мослама. (Халқ мақоли: “От бошига иш тушса сулуқ билан сув ичар, йигит бошига иш тушса этик билан сув кечар”).
Ҳа, дарвоқе, отнинг кўзи ёнида кипригига ўхшаган туклари бўлади, ўша юлиб ташланмаса от ҳурковуч бўлиб қолади.
Кексаларнинг айтишича, ҳар бир хонадонда битта от бўлиши керак. Агар от бўлмаса, отга атаб уйнинг олдига битта тақа ё якка мих қоқиб ёки нўхта қилиб, уни кўзга ташланадиган жойга илиб қўйиш жоиз, дейишган. Чунки бу нарсалар ҳамиша отни сўраб турар экан.
Қадим қадимдан барча санъат аҳли, чунончи шоирлару ҳофизлар отларга бағишлаб шеър, қўшиқлар битишган, бахшилар достонларда куйлашган, мусаввирлар минг бир тасвирини яратишган. Шундай бўлсада улар ҳали-ҳануз инсон аҳлига туганмас илҳом бағишлаяпти, ижодий хазинасини бойитмоқда. Замонамиз қанчалик тараққий этмасин, автомашиналар ва бошқа техника воситаларининг юзлаб турлари яратилмасин, гўзаллик, садоқат, қудрат, меҳнатсеварлик, қолаверса миллий қадрият тимсоли сифатида отлар яна асрлар оша инсониятга ўзига хос шукуҳ ва завқу шавқ бериши шубҳасиз.
Ҳ.Турғунов

