ЧИНОЗ БАЛИҚЛАРИ

Халқимизда бир нақл бор: «Муҳтож одамга балиқ берма, еб қўяди-ю, яна муҳтож бўлиб қолади. Агар унга қармоқ бериб, балиқ тутишни ўргатсанг, ўзи истаган пайти тутиб, еяверади». Бу нақл аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш ва камбағалликни қисқартиришда ҳам қўл келади. Чиноз туманида соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.



Эшитган бўлсангиз, Чинозда маш­ҳур ва жуда катта балиқ бозори бор. Куннинг иккинчи ярмида очилади ва тонггача ишлайди. Бозорни бундай тартибда ишлашига сабаб кундузи ҳаво иссиқ бўлгани учун маҳсулотлар айниб қолиши мумкин. Бир кунда ўртача 150 тонна атрофида балиқ сотилади. Бозорга Чиноздан ташқари Фарғона водийси, Жиззах ва Самарқанд вилоятларидан ҳам балиқ келтирилади. Сотувчилар талабингизга қараб майда балиқлардан тортиб 15 кг. гача бўлганларини таклиф этишади. Тури ҳам йигирмадан ортиқ: сазан. оқ амур, дўнг пешона ва бошқалар.
Савдо қизиган вақтда бозорга кириб бордик. Нарх борасида эътироз йўқ, харидорларга маъқул даражада. Кимдир пишириб сотиш учун тонналаб харид қилса, кимдир оиласи учун оз миқдорда олмоқда.
— Балиқчиликка алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасида бозорда серобчилик. Ҳар куни 3 тоннага етиб балиқ сотаман, — дейди сотувчи Зулхумор Абдуллаева. — Оила аъзолари учун харид қилганларга имкон қадар арзон нархда бераман. Шу билан фарзандларимиз саломатлигига ҳисса қўшаётганимдан хурсандман.


— Чиндан ҳам балиқчилик туманимизда ривожланиб боряпти. Ҳозирда 54 та корхона айнан шу фаолият билан шуғулланади, — дейди “Hamkorbank” АТБ Чиноз универсал банк хизматлари офиси ходими Аброр Исломов. — Улар орасида бизни мижозларимиз ҳам бор. Молиявий кўмагимиз билан “Чиноз Маликабону” ва “Чиноз Акобир файз” хусусий корхоналари ривожланиб боряпти. Бу корхоналарда балиқ етиштириш билан бир вақтда қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ҳолида эл дастурхонига тортиқ қилиш йўлга қўйилган.
Бозор атрофида балиқдан ширин ва мазали таомлар тайёрлайдиган ўндан ортиқ ошхона бор. Кўз олдингиз­да пишириб, олдингизга қўйишади. Инсон саломатлигига балиқнинг қанчалик фойдали эканини билганлар бу жойларга тез-тез келиб туради.
Тадбиркор Насибахон Зияева бошчилигида тўрт нафар аёл тиним билмай ишлаётган ошхонадан хўрандалар узилмайди. Оилавий овқатланиш учун келганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.
— Кунига 70 кг.гача балиқдан таом тайёрлаймиз, — дейди Насиба Зияева. — Уни пишириш ҳам ўзига хос санъат. Мазаси ёқмаса хўранда қайтиб келмайди. Сирдарёдан тутиб келтирилган балиқларга талаб юқори. Илгарилари бошқа миллат вакиллари кўпроқ балиқ истеъмол қиларди. Ҳозир ўзбеклар ҳам бунга ўрганган. Бу халқимиз ўз саломатлигига эътибор билан қараётганини кўрсатади.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 80 га яқин балиқ турлари мавжуд. Ов мавсуми куз ойларидан бошлаб, апрелгача давом этади. Чунки бу даврда сувнинг ҳарорати 14 даражадан паст бўлиб, балиқлар ортиқча озиқланмай, истеъмол учун яроқли ҳолга келади. Йилнинг қолган вақти урчиш даври ҳисобланади.
Ҳа, мавсум бошланди. Агар Чинозга йўлингиз тушса, балиқ ейишни унутманг.

А. Насирдинов