САЙИЛГОҲГА АЙЛАНАР ҲАР ГЎША

Наврўз – халқимизнинг азалий қадриятлари, эзгу орзу-интилишларини мужассам этган тантана. Миллати, динидан қатъий назар, шу юртда яшаётган барча миллатлар, элатлар учун бирдек севимли айём. Бу қутлуғ байрам инсоннинг табиат билан узвийлиги, халқимизнинг меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик каби бебаҳо хислатларини ўзида ифодалайди. Наврўз сайиллари ҳар биримизни она заминни ардоқлашга, унинг неъматларини, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик билан яшашга ундайди.

Байрам арафасида «Hamkorbank» АТБ Денов универсал банк хизматлари офиси бошқарувчиси Жасурбек Раимқулов билан Наврўзи олам, меҳр-оқибат ва эзгулик ҳақида суҳбатлашдик.
— Тинч, осуда юртга байрамлар ярашади, — дейди суҳбатдошимиз. — Бугунидан мамнун, эртасидан кўнгли тўқ инсонларга хурсандчиликлар, шодиёналар татийди. Бу байрам оддий байрам эмас, халқимизнинг тарихи, фалсафаси, қадриятларини ўзида мужассам этган, миллат билан улғайиб, миллат билан бирга тараққий этган байрам. Йилбоши бўлган Наврўзни тинч, хотиржам, эзгу орзу-ниятлар билан кутиб оламиз.
Айни кунларда деновликлар қалбини баҳор беғубор қувончларга тўлдирди. Юртдошларимизга қараб беихтиёр шукр келтираман. Сабаби, бир-бирларига нисбатан меҳр мужассам, эртанги кунига ишонч бор, янги режалар билан яшамоқда.
Сира ёдимдан чиқмайди. Болалигимиз­да байрам сайилларини интиқлик билан кутардик. Энг яхши кўрган кийимларимизни шу куни киярдик. Эрталабда янграган баҳорий наволар кекса-ю ёшни давраларга чорларди. Бир томонда тизилган ўтовларда халқимизнинг асрлар бўйи давом этиб келаётган миллий анъаналари, бир тарафда миллий спорт ўйинлари намойиш этиларди. Дорбоз­ларнинг ақлни шоширгувчи ҳаракатларига маҳлиё бўлиб турганингизда санъаткорларнинг чиқишлари мафтун этади сизни. Миллий ўйинлар давраларга янада файз киритади. Болаликнинг бетакрор баҳори бу.
— Наврўз уйғонаётган табиат демакдир. Шундай эмасми?
— Нимасини айтасиз? Бу куннинг чиройи ўзгача. Қуёш нурларида меҳрнинг сўнмас тафти бордек, гўё. Ердан аста бош кўтараётган майса-ю, чечаклар сахий офтобнинг ҳаётбахш нурига талпинади. Қушларнинг чуғур-чуғурида ҳам қувончу шодлик мужассам. Инсонлар кўнглида бахтиёр яшашга, орзу-умидларни рўёбга чиқаришга бўлган ишончу интилиш янада ортган. Зеро, табиатдаги янгиланишлар одамлар дилига ҳам кўчган. Ҳар бир юртдошимизнинг жисмида шижоат балқиб турибди. Бу ўз-ўзидан бизни янги марралар сари ундайди.
— Бу кун кексаларни йўқловга шошамиз. Савобли ишларга бел боғлаймиз…
— Наврўзни меҳр-оқибат тантанаси дейишимизнинг сири ҳам мана шунда. Боболаримиз ўргатганидек, байрам кунлари кексаларнинг дуосини олган одам кам бўлмайди. Мен ҳам бунга одатланганман. Ёши улуғларимизни, устозларни байрам баҳона кўнглини оламан. Иш, ҳаёт ташвишлари билан бўлиб бунга ҳамма вақт ҳам вақт ажрата олмаслигимиз аниқ. Шу сабаб айни Наврўз кунлари ана шундай инсонлар олдига шошаман. Яна фарзандларим билан мевали кўчатлар экамиз. Бу ҳам баҳорга хос.
— Сурхондарёликлар Наврўзни қандай нишонлайди? Ўзига хос томонлари нимада?
— Деярли ҳар бир хонадонда яхши ниятлар билан сумалак тайёрланади, кўпкари ва кураш мусобақалари ўтказилади. Маҳаллаларда футбол мусобақалари ҳам анъанага айланган. Ёшлик (болалик) давримизда байрам тантаналари асосан қир-адирларда ўтказиларди, Унда 7 ёшдан 70 ёшгача барча иштирок этарди. Ҳозир бу янада кенгайган, миллийликни сақлаган ҳолда замонавийлик ҳам кирган.
— Банк ходимлари ҳаётида Наврўз қандай из қолдирмоқда? Мижозларни қутлашга улгурдингларми?
— Банк ходимлари баҳор байрамини кўтарингки руҳда қарши олади, Сангардак тоғлари ҳудудидаги дам олиш масканларига жамоавий тадбирлар ташкиллаштириб, табиат қўйнида дам оламиз. Мижозларимизни ҳам унутмаймиз, албатта. Банкимизнинг коорпоратив совғаларини улашамиз.
— Байрам тилакларингиз…
— Наврўз ҳадя этган байрамона кайфият йил давомида юртдошларимизни тарк этмасин. Орамиздаги меҳр-оқибат мустаҳкам бўлсин.
— Суҳбатингиз учун раҳмат.

Суҳбатдошимиз ҳақида:
1983 йил Денов туманида туғилган.
Термиз давлат университети ва Тошкент молия институтини тамомлаган.
«Hamkorbank» АТБдаги иш фаолиятини 2008 йилда бошлаган.
2015 йилдан Денов универсал банк хизматлари офиси бошқарувчиси.
Ҳаётдаги шиори-атрофидагиларга яхшилик улашиш.
Севган машғулоти-шахмат ўйнаш, тоғлар бағрида сайр қилиш.

А. Насирдинов суҳбатлашди.