ҲАЛОЛ, ТАЛАБЧАН, РОСТГЎЙ ИНСОН ЭДИ

Ҳазрат Жалолиддин Румий лутф қиладилар: “Яхши инсон ўзидан бахт, хатокор инсон ўзидан дарс, мукаммал инсон эса из қолдиради”.
Мен учун устоз даражасида эътироф этиладиган Ўктамжон Дўсматов ҳам ўзидан из қолдирган эди. Ҳалоллик, тўғрилик ва фидойилик тимсоли бўлган бу инсон, афсуски, ҳаётдан барвақт кўз юмди.


Илк танишув
Саратов номидаги Молия институтини тамомлагач, 1984 йилда Саноат қурилиш банкининг Андижон вилояти бошқармасига ишга келдим. Ўктам ака билан илк танишувим шу жойда бўлган. У киши банкнинг кредит бўлими бошлиғи эди. Рус тилида таҳсил олганим учун ўзбек тилида мулоқот қилишга қийналардим. Ўктам ака бўлим бошлиғи сифатида хатоларимни борича ва тўғри қабул қилиб, билмаганларимни тушунтирарди.
Юзи мулойим, чеҳраси истарали бу инсонни кўрган одам уни юмшоқтабиат деб тасаввур қиларди. Аммо қаттиққўл, талабчан, жиддий инсон эди. Ёдимда, мижозларимиздан бири “Ичиб ўтирасизлар” деган мақсадда қадоқланган чой (35 грамм­ли) ташлаб кетган. Ўктам ака бундан хабар топиб, ўша одамга чойни орқасидан бердириб юборган. Мижозлардан совға-салом олишни қатъий тақиқларди. “Халқнинг пулига ҳеч қачон қўл чўзманглар”, деб уқтирарди доим.

“Hamkorbank”ка йўл
2001 йилда устознинг тавсияси ва маслаҳати билан “Hamkorbank”ка ишга ўтиб, кредит бошқармаси бошлиғи сифатида иш бошладим. У пайтда Ў.Дўсматов Банк Бошқаруви раисининг ўринбосари вазифасини бажарарди.
Тажриба ва билим ҳамма жойда ўз сўзини айтишига Ўктамжон Дўсматов мисолида гувоҳ бўлдим. У ўзининг ҳалол меҳнати ва фидойилиги билан “Hamkorbank”нинг ҳам қадрланадиган кадрларидан бирига айланди. Донолиги ва тўғрилиги учун ҳалолликка алоҳида эътибор қаратиладиган мазкур банкнинг кредит, аудит каби энг қийин йўналишларини бошқарди. Кредит бу катта таваккалчилик дегани. У инсондан мулоҳаза, ақл, сезгирлик талаб қилади. Айнан мана шу мураккаб ва оғир соҳада кўпчилик Ўктам аканинг маслаҳатига таянарди.

Муносиб ҳисса
Ўктамжон Дўсматов шунчаки “Hamkorbank”нинг раҳбарлик лавозимларида ишламади. У банкнинг тараққиётига залворли ҳисса қўшди. Худди шундай.
Айнан шу инсоннинг саъй-ҳаракатлари билан йирик халқаро молия ташкилотлари банкимиз билан ҳамкорликни йўлга қўйди, 10 дан ортиқ инвестициялар жалб этилди. Биринчи бўлиб Халқаро Молия корпорацияси 2 миллион доллар кредит ажратди. Ўша давр учун бу катта маблағ ҳисобланган. Кейин Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки, Осиё Тараққиёт банклари инвестиция билан кириб келди. Бу ташкилотлар осонликча акцияларимизни сотиб олмади. Уларни банкимизнинг келажагига Ўктам акага ўхшаган салоҳиятли мутахассислар ишонтира олди.

Раҳбарнинг ишончи
2011 йилда Андижон шаҳрининг марказида вилоятдаги илк муҳташам, замонавий бизнес марказ биноси қад кўтарди. Марказнинг пойдеворига тош қўйилиб, то битказилиб ишга тушгунига қадар бўлган жараёнга раҳбарлик қилган шахс Ўктамжон Дўсматовдир. Бундай катта лойиҳани Кенгаш раиси Икром Ибрагимов ҳар кимга ҳам ишониб топшира олмасди. Аммо устозга ишонди, унинг салоҳиятига шубҳа қилмади.
Банк раҳбарлари орасида камчиликка йўл қўйган ходимларга энг қаттиқ жазони у берарди. Ўз фикрини қатъий ҳимоя қилиши, қайсарлиги билан ажралиб турарди раҳматли. Раҳбарларга ёқиш учун ёки ўз курсисини ўйлаб иш тутмаган. Раҳбарнинг фикри маъқул келмаса, очиқ айтган, хатоларини кўрсатган. Мана шу характери учун Кенгаш раиси ҳам уни қадрлар эди.

Ширгуручни ёқтирарди
Раҳматли фарзандлари билан кўп қаватли уйда оддийгина ҳаёт кечирган. Қойил қоладиган яна бир хислати — ҳар жума у — бу нарса кўтариб, ота ҳовлисига яқинларидан хабар олиш учун борарди. Мен бу инсонни таниб, бирга ишлаганимдан бошлаб бирон ҳафта бу одатини канда қилганини кўрмаганман.
Ширгуручни севиб истеъмол қиларди. Биз эса “характери ширгуручга мос эмас-ку, нимага ёқтирар экан”, деб ҳайрон бўлардик. Пойтахтга иш билан борса, албатта, гуммахўрлик қилмасдан қайтмасди. Устига сув қуйилган, қайтарилган чойни хушламаган. Лекин қўли очиқ, сахий, меҳмондўстлигига кўп бора гувоҳ бўлганмиз.
Ҳаётининг сўнгги дамларида уйда ётиб қолди. Охирги марта ҳолидан хабар олиш учун борганимизда йўқловимиздан қувониб кетганини сездик. Биз билан ўтган кунларни эслаб, анча отамлашди. Афсуски, шу воқеадан икки-уч кун ўтиб бандаликни бажо келтирди. Мана, саккиз йилдан буён у инсон орамизда йўқ. Бироқ ортидан намунали шогирдларни, ишга бўлган талабчанликни мерос қолдириб кетди.

Замира ЎКТАМОВА,
“Hamkorbank” АТБ муаммоли активлар билан ишлаш ва ундирув хизмати ходими