ХОРИЖЛИКЛАРНИНГ ҲАМ ЭЪТИБОРИДА

Самарқанд тўғрисида гап борганда беихтиёр ер юзининг сайқали экани ҳақидаги таъриф тилга олинади. Бир пайтлар жаҳоннинг илмий марказларидан бири сифатида донг таратган бу шаҳар бугун ҳам жаҳон жамоатчилигининг назарида. Юртбошимиз таъбири билан айтганда:


“Самарқанд деганда, азалдан илм бешиги бўлган, фан ва маданият­, маънавият ва маърифат бугун ҳам юксак равнақ топаётган нураф­шон маконни тасаввур этамиз. Бу замин қадим-қадимдан ўзининг буюк санъати билан Самарқанд довруғини бутун оламга ёйган, жаҳон аҳлини ҳайратда қолдириб келаётган қўли гул усталар, моҳир ҳунармандлар юртидир”.
Ҳа, Самарқанд кейинги йилларда аслиятига қайтди, қадимги шаклу шамойилига муносиб тарзда янгича кўрку тароват касб этди. Шаҳарнинг мафтункор қиёфаси ўзгарди. Тарихий обидалар билан бир қаторда замонавий бинолар қад ростлади. Бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари, шаҳарнинг ўтмиш ва замон меъморчилиги уйғунлашган янгича қиёфаси барчанинг эътиборини тортмоқда.
Шу ўринда бугун хорижлик­ларнинг ҳам эътиборини тортаётган “Hamkorbank” АТБ Самарқанд минтақавий банк хизматлари офиси биноси ҳақида тўхталиш лозим. Шаҳарнинг Амир Темур кўчасида жойлашган бу молия муассасаси 2006 йилда ўз фаолиятини бошлаган. Йиллар давомида шаҳарнинг иқтисодий ривожланиши, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга муносиб ҳисса қўшди. Унинг молиявий кўмаги билан ривожланиш йўлидан бораётган мижозлар сони ортиб борди.
Албатта, юқоридагилар банк жамоасини изланишга, янги ташаббуслар билан ишлашга бошлади. Туризм ривожланган сари хорижий мижозлар сафи ҳам кенгайиб борди.
— Шаҳардаги ривож­ланиш зиммамиздаги масъулиятни оширди, — дейди МБХО бошқарувчиси Умиджон Низамов. — Замонавий банк хизматларини йўлга қўйиш, ходимларни шунга мос равишда малакасини ошириш бир вазифа бўлса, биз хизмат кўрсатаётган бинони янгича қиёфага киритиш ундан ҳам зарур вазифага айланди. Чунки бугунги мижоз ўта дидли ва талабчан. Барча қулайликлар яратилиши шарт. Банк раҳбарияти бизнинг бу борадаги таклифимизни қўллаб-қувватлади. Натижада шаҳардаги энг кўркам ва замонавий бино бизники бўлди.
Чиндан ҳам шундай. Бинога киришдан тортиб хизмат кўрсатиш залларигача замонавий, ўзгача кўринишда. Биринчи бор кириб келган мижоз қулайликларни кўриб адашмаганини сезади, бошқа банк муассасаси ҳақида ўйламаслиги аниқ.
Кўрсаткичлар сўзимиз тасдиғи. Белгиланган режалар ортиғи билан бажарилмоқда. МБХО ўз гуруҳида доим ғолиб. Барчанинг эътиборини тортиб турган қатор ташаккурнома ва дипломлар самарали меҳнатнинг баҳоси.


Бугун жамоада 115 нафар тажрибали ходимлар жамланган. Ҳар бири масъулиятни ҳис қилган ҳолда иш олиб боради. Банкнинг имижини ошириш, мижозлар ишончи ва молия бозоридаги ўрнини мустаҳкамлаш уларнинг доимий шиори. 4 минг 624 дан ортиқ юридик мижозларга молиявий кўмак бериш баробарида истиқболли лойиҳаларини амалга оширишда яқин кўмакчи. 54 минг 339 та жисмоний мижозлар ҳам кўрсатилаётган хизматлардан мамнун.
Кези келганда устоз даражасига етган Асом Умиров, Наргиза Аҳмедова, Шокиржон Шодиев ва Зафар Икромов каби соҳа фидойиларининг номини тилга олиш ўринли. Улар ўз зиммасидаги вазифалардан ташқари ҳар қандай топшириқни бажаришда ҳамкасбларига ўрнак. Умидли ёшлар янги куч. Иш бошлаганига кўп бўлмаган бўлсада, Олимжон Норбоев, Дилмурод Баҳромов, Лола Султонова ва Мафтуна Дагаровалар мижозлар билан ишлашда самарага эришмоқда.
МБХОда ўрганишга арзирли яна бир қоида бор. Бу ташриф буюрувчиларга пешвоз чиқиш. Ҳар қандай мижоз эътибор билан кутиб олинади. Муаммо тўғрисида гап бўлиши мумкин эмас. Агар зарур бўлса жойига бориб, унинг ишини битишига ёрдам берилади. Шундан бўлса керак, йилдан-йилга ҳамкорликда ишловчилар сони ортиб бормоқда.
Ютуқлар билан бирга ходимларни қийнаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Айрим мижозлар молиявий кўмак олишда қўллаб-қувватлашларга қарамай қайтаришга келганда масъулиятни унутади. Бу янги мижозлар билан ишлаш ўрнига муаммоли кредитлар билан шуғулланишга олиб келади.
Ҳуқуқшунос Зафар­жон Икромов муаммоли кредитлар билан ишлаш­да тажрибали. Вазиятни чуқур ўрганиш билан бирга қарздорликни бартараф этишга ёрдам беради. Унинг таъкидлашича, асосий сабаб масъулиятни ҳис этмасликда. Берилган қарз қайтарилиши шарт. Қайсики ҳисобини тўғри юритган мижоз бундай ҳолга тушмайди.
МБХО фаолиятида унинг қаноти бўлган 7 та банк хизматлари офисларининг ҳам муносиб ўрни бор. Уларнинг олдига қўйилган режалар ҳам кам эмас. Шу сабаб кичик жамоалар доим изланиб ишлайди. Мижозга янада яқин бўлганлари учун тизимдаги янгиликларни уларга етказишда ҳам фаол.
Шокиржон Шодиев раҳбарлигидаги “Регистон” БХОни олиб кўрайлик. Унинг асосий мижозлари туристлар. Валюта айрибошлашда доим юқори натижаларга эришиляпти. Тўрт нафар ходимнинг барчаси бир неча хорижий тилларни билади. Бу улар учун шарт деб қараш мумкин. БХОга келган хорижий мижоз тилмочни кутиб ўтирмайди. Банк ходимининг ўзи уни тушуниб. вақтида ишини битириб беради.
Самарқанд МБХО ва унинг ходимлари ҳақида яна кўп гапириш мумкин. Бир сўз билан айтганда, кўҳна шаҳарга мос банк муассасаси ривожланиш йўлидан боряпти.
А. Назаров.
Б. Муталлибов (фото)
Андижон-Самарқанд-Андижон