ЯНГИ ЙИЛ МЎЪЖИЗАСИ

         Янги йил байрами яқинлашган сари Назокатнинг хавотири ошди. Ўн уч йилдирки, болалари Янги йил кечасидан мўъжиза кутади. Ва бу мўъжиза оталари орқали амалга ошади. Наҳотки, бу гал ундай бўлмаса? Назокатнинг инжиқлиги туфайли ота меҳрига зор бўлиб ўтишса. Илгарилари аразлари уч кун, нари борса бир ҳафтага чўзиларди. Аслида ўша куни нима бўлганди?

        Тунда ишдан қайтган турмуш ўртоғининг бироз ширакайфлиги Назокатга ёқмади. Устига устак бир ҳамкасб аёлнинг туғилган кунида мазза қилгани ҳақида сўзлагани дард устига чипқон бўлди. Кайфияти ва оғзидан бол томиб мақташидан билдики, у аёлнинг эри йўқ. Нима эмиш кўнгли ярим эмиш. Шунинг учун дўст тутинишганмиш. Рўзғоридан хабар олиши, уйидаги муаммоларини ҳал қилиб бериши ҳам савоб, ҳам одамийлик эмиш.

         Майда-чуйда гаплардан бошланган тортишув катта “жангга” айланиб кетди. Эр-хотиннинг урушига бечора қайнона қўшилиб кетди. Назокат юзига икки шапалоқ еди. Тонгни ҳам кутмай болаларини олиб ота ҳовлисига қайтди.

         Назокат қилган ишидан афсусда. Қизлик уйига ҳам сиғмай қолди. Келинойисининг қовоқ-тумшуғи, акасининг дўқлари бечора онасига ёмон таъсир қилди. Муштипар она болаларининг ўртасига тушиб юрак хуружини ўтказди. Қайнонасининг “Беўрин рашк оилангизни бузади. Сабр қилинг келин, ўртада болалар бор. Ёш бўлганингиз йўқ, тонг отсин ойдинлик киритамиз” дейишига қарамади. Жаҳл келганда ақл кетади, дейишади. Мана оқибатда ота эшигига ҳам сиғмай қолди. Ҳар куни жанжал, ҳар кун дилхиралик. Бечора болаларининг боши эгилиб, мунғайиб қолишди. Кўзларидан нур кетди, шодликларига путур етди.

          — Ойи, дадам Янги йилга, албатта, келади-а?

         — Келади болам, келади…

         Ўзи ишонадими шу гапларга? Кичкинтойи эндигина 4 ёшга тўлишига қарамай отасини кутяпти. 9 ойдирки, бирор марта  хабар олмаган эри келармикан? Унинг дилини қаттиқ оғритган кўринади.

         Тўнғичи 12 ёшда, кичиги 8 да. Болалари Янги йилдан мўъжиза кутяпти. Бироқ Назокатнинг биргина хатоси билан дилбандлари бундай шукуҳдан мосуво.

         Бугун 31 декабрь. Ташқарида қор, ҳар бир уй, ҳар бир гўшада байрам. Аслида Назокат Янги йилни яхши кўрмайди. Бошқа байрамлардан ажралиб турадиган томони улкан арча, табиат оқликка бурканган манзара. Бироқ бугун ўша қизиқмаган Янги йил кечасидан мўъжиза кутяпти. Шу кунгача турли тилакларни тилаган болалари, бу гал бошқача нияти қилишяпти… Наҳотки, наҳотки, истаклар амалга ошадиган кунда ҳам… Соат миллари 23.47 тўхтаб қолгандай гўё. Неча бор қаради билмайди. Ўзини чалғитиш учун ҳамон ошхонадан чиқмаётган аёлнинг юраги тез ура бошлади. дастурхон атрофига жам бўлган яқинларининг чақиришганини ҳам эшитмасди.

—   Вой дадам!!! Дадам келдилар…

         …Назокатнинг қўллари титраб кетди, кўз ёшлари юзини юварди.  Тўққиз ой аввал яхши кўрган инсонининг қалбига озор берганини эслади. Назокат бекорга эрининг ҳаракатларидан шубҳаланди. Шубҳа ўзи билан ғазабни етаклаб келди. Шу тобда лаблар пичирлади: “Худога шукур” тилида фақат шу сўз айланарди…

       НИЛУФАР