ҲАР БИР ИШИ ИБРАТ САРКАРДА

Ҳамюртимиз, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёт йўли барчамиз учун ибрат мактабидир. Ҳаёт бошига оғир синовларни солганида Бобур ҳали 12 ёшли бола эди. Шу ёшда тахтга чиқиш, давлатни бошқариш, халқни адолат билан идора қилиб, мамлакат сарҳадларини қузғун каби таламоқчи бўлганлардан тасарруф этиш лозим эди. Бобур буларнинг барчасини уддалабгина қолмай, Амир Темур салтанати пойтахти санал­ган Самарқандни ҳам бир неча бор қўлга киритди.
Лекин тақдирнинг унга аталган имтиҳонлари ҳали тугамаган эди. Бироқ гавҳар қаерда бўлса ҳам гавҳардир. Ундаги туғма ҳукмронлик қобилияти Ҳиндистон тарихида энг узоқ ҳукм сурган Бобурийлар сулоласи мисолида бугун ҳам дунёни лол қолдиради.
Саркарда ва шоҳнинг мардлиги, жасорати ҳақида жуда кўплаб фактлар мавжуд. Синд дарёсининг бўйида аскарларига бош бўлиб шер билан олишгани, икки елкасида икки нафар одамни кўтариб, қалъа деворлари устида машқ қилгани ҳақида қайдлар учрайди. У йўлида учраган ҳар қандай дарёни сузиб ўтар экан. Ганга дарёсини икки марта сузиб ўтганлиги ҳам бунга мисол.
Бобур Мирзонинг Ҳиндистонда жорий қилган адолатли қонунлари инсонийликка асосланган эди. Ғайридинларга солинадиган жузия солиғини бекор қилди. Мамлакатда амалда бўлган дин ва мазҳаблар ўртасидаги низоларни бартараф қилишга, жангларнинг олдини олишга уринди. Тирик аёлни ўлган эрининг мурдаси билан бирга ёқишни тақиқлади, мамлакатда осойишталик ўрнатди. Шоҳ бўлсада, ҳатто овқатига заҳар солиб, жонига қасд қилмоқчи бўлганларни ҳам бағрикенглик билан кечириб юборди.
Шоир ва алломанинг бунёдкорлик ишлари ҳам маълум ва машҳур. У дунёнинг турли бурчакларидан мутахассисларни чақириб, Ҳиндистонда 56 та иншоот барпо этган. Шундан 33 таси бевосита халқ эҳтиёжи учун хизмат қиладиган работ, мадраса, йўл, кўприк кабилардир. Қолаверса, эллик киши ишлайдиган улкан кутубхона бунёд қилиб, уни нодир китоблар билан бойитди.
Бобурнинг фарзандларига ғамхўр, меҳрибон ота бўлганлигини ҳам таъкидлаш лозим. Суронли кунларда ҳам у ҳар бир фарзандининг қизиқишларини ўрганишга, манфаатли маслаҳатларини беришга вақт топар эди. Фарзанди Ҳумоюнга атаб ёзилган “Мубаййин” номли асари мана шу меҳр булоғидан унган деб айтсак янглишмаймиз.
Саркарданинг ватанпарварлигини тилга олмаслик мумкин эмас. У дунёнинг барча неъматлари она Ватаннинг бир сиқим тупроғидек қийматга эга эмаслигини амалда исбот этди. Унинг асрларга татигулик асарлари, ободончилик ва бунёдкорлик ишлари, авлодларга қолдирган улкан меросидир. Биз бобокалонимиз билан ҳамиша фахрланамиз.
Фахриддин ЕРНАЗАРОВ