ЙЎҚОТИШЛАР ОРТИДАГИ МАҚСАД
“Марғуба” арабча исм бўлиб, “суюкли”, “қадрли”, “исталган” маъноларини билдиради. Чинобод УБХО ходимлар билан ишлаш етакчи менежери Марғуба Даминова исмига монанд ҳолда жамоаси учун керакли, суюкли инсон. Бугун офисда усиз иш жараёнини тасаввур қилиш қийин. Суҳбатдошимиз синовларга тўла ҳаётда енгилмай, фақат олдинга интилиб келмоқда.
— Келинг, Марғуба опа, сизни “Hamkorbank”ка боғлаган санани ёдга олсак.
— Бу воқеа 2008 йил сентябрь ойида содир бўлган. Чинободдаги “Hamkorbank”да офис менежери сифатида иш бошладим. Унгача 7 йил “Пахтабанк”да кассир бўлиб ишлаганман ва бундай лавозим мен учун янгилик ҳисобланган. Дастлаб кўнгил қўйишим қийин кечган.
— Инсоннинг феъли ўзгарувчан. Баъзан қийинчиликка дуч келганимизда яхши иш жойидан ҳам воз кечиб кеткимиз келади.
— Тўғри, менда ҳам шундай ҳолат бўлган. 5 нафар фарзандим, қайнота-қайнонам бор эди. Баъзида турмуш ўртоғимнинг жаҳли чиқарди. “Нима қиласиз ишлаб, уйда ўтиринг” деган вақтлари бўлган. Ўшанда ҳаммасидан чарчаб, қўл силтамоқчи бўлганимда бошқарувчимиз Малоҳат Яхшибоева сеҳрли сўзлар билан иштиёқимни оширган, ўринли маслаҳатлар берган. “Эркак кишининг аччиғи ўтиб кетади, ишингиздан воз кечманг. Сабр қилсангиз, ҳаммаси жойига тушади” дерди. Тўғри айтган экан. Вақт ўтиб, ҳаммаси изига тушди.
— Хўп, ўшанда норозичиликларга қарамай нима учун ишлагансиз?
— Тирикчилик мажбур қилган. Турмуш ўртоғим Россияда меҳнат муҳожири эди. Унинг ёнига киришни, рўзғорнинг бир учини кўтаришни истаганман.
— 5 нафар фарзанд билан ишлашнинг ўзи бўлмагандир.
— Бу борада қайнона-қайнотамга раҳмат айтаман. Фарзандларимга қарашди. Керак бўлса, мендан яхшироқ ғамхўрлик қилишди. Улар бўлмаганда, ишлай олмаслигим аниқ эди.
— Ҳаётингизда оғир йўқотиш бўлган экан…
— Ҳа, 2020 йилда турмуш ўртоғим 47 ёшида “Covid” туфайли вафот этди. Унгача соғлом эди.
— У кишини қандай хотирлайсиз?
— Оилапарвар, яхши инсон эди. Россияда ишлаб юрган пайтида ҳам тинмай қўнғироқ қиларди. Эрталаб “ишга бордингизми?” деб, кечки пайт “ишингиз тугадими?” деб йўқларди. Муносабатларимизга ҳамкасбларимнинг ҳам ҳаваси келар эди.
— Турмуш ўртоғингиздан кейин тушкунликка тушиб қолмадингизми?
— Бошида шундай бўлди. Кейин ўзим ўзимни қаддимни тик тутишга ундадим. Чунки болаларимга керак эдим, керак бўлганда ҳам соғлом ва кучли ҳолда. Шу мақсад менга катта куч берди. Ортга эмас, фақат олдинга ҳаракатланишни ўргандим. Мана, ҳозир катта ўғлим улғайиб, ёнимга кирди.
— Оғир кунингизда жамоангиз сизни ёлғиз қолдирмаган бўлса керак.
— Албатта. Бахтим — “Hamkorbank”дек оқибатли тизимда эканлигим. Жамоа оғир кунимда ҳам, яхши кунимда ҳам ёнимда бўлди. Келин олиб, қиз чиқардим. Бошқарувчимиз Отабек Болтабоев бошчилигида нимаки маросим, тадбир ўтказсам, қўллаб-қувватлаб туришди. Бундан буёғига кўрсатилган эътибор, яратилган шароитларга фақатгина меҳнатим билан жавоб беришим керак.
— Яқинда Умра сафаридан қайтибсиз. Зиёратларингиз қабул бўлсин.
— Раҳмат. Ўзи шу янгиликни айтмоқчи бўлиб турган эдим. 13-ойлик ҳамда меҳнат таътили пулларимни қўшиб, қайнота-қайнонам ва ўзимга Умра учун йўлланма сотиб олдим. Анчадан буён шу ишни қилишим кераклигини ўйлаб юрардим. Агар турмуш ўртоғим ҳаёт бўлганида ота-онасини, албатта, ўзи олиб борар эди. Орзуим ушалганидан жудаям хурсандман. Кайфиятим янада кўтарилди. Келибоқ ишимга чиқдим.
Н. ТЎХТАМАТОВА суҳбатлашди

