ОЛТИН ДАРВОЗАБОН

Футбол бўйича миллий терма жамоамиз мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. 34 йиллик орзулар ушалди, шу кун ўзбекистонлик мухлисларнинг қалбига абадий муҳрланди. Экран қаршисида бўлган ҳар қандай инсоннинг юраги ҳаприқиб, ҳайрату ҳаяжонга тўлиб тошди. Дуолар еру осмонни тўлдирди.
Мен футболга ишқибозлар қаторида ўйинни кузатарканман, шу йигитларни дунёга келтирган оналари ҳақида ўйладим. Боласини бутун дунё кузатаётганда қандай кайфиятда бўлган экан? Ғалабани ҳаммадан кўра кўпроқ кутгандир, нафас олаётгани ҳам сезилмай экран қаршисида минг титроқда ўтирган бўлса керак…

Шу фикрлар тинчлик бермади ва ўйиннинг асосий қаҳрамони, терма жамоа дарвозабони Ўткирбек Юсуповнинг волидаси Нигора опа Қурбантаева билан суҳбатлашдим.

— Биз-ку томошабин бўлиб шу қадар ҳаяжонга тушдик, сиз она бўлиб… Ҳеч қачон эсингиздан чиқмаса керак бу кун.
— Деярли, туз тотмадим, Яратганга илтижо қилиб: “Боламни ноумид қилма, уялтирма, ғалаба билан юзини ёруғ қилгин, дуоларимни ижобат айла”, деб сўрадим. Ўша куни мўъжиза юз берди, нафақат мен, балки, жуда кўп инсонлар дуода бўлди. Мамлакатимиз Президенти ўйин якунланиши билан телефон орқали жамоа аъзоларини катта натижа билан шахсан табриклаган вақт “Ўткир, қанисан болам?”, деганида тушимми, ўнгимми билолмай қолдим…
Биз асли Қозоғистоннинг Сайрамиданмиз. Тақдир тақозоси билан 1996 йилда Тошкентга кўчиб келганмиз. Юнусобод туманида яшовчи опамнинг бир хонали уйида бирга яшадик. Ўшанда Ўткирбек беш ёшда эди. Шу ерда у аввал боғчага, кейин эса 122-сонли ўрта мактабга борди. Яшнобод туманига кўчиб ўтганимиздан сўнг 204-мактабда ўқишни давом эттирди. Бошланғич синфни тамомлагач, тумандаги 77-сонли футболга ихтисослашган мактаб-интернатида ўқий бошлади. Ўғлим дарсларни яхши ўзлаштириб, аъло баҳоларга ўқиган, доим ташаккурномалар оларди.
Аввалига, оиламиз мусофирчилик, йўқчилик, ижараларда яшаш, фуқаролик ололмаслик каби синовларда тобланди. Ишонсангиз, боламга дарвозабон бўлгани учун оддий қўлқоп сотиб олишга ҳам имкон қилолмаган пайтларимиз бўлган. Ўткирбек тўрт фар­занд — икки ўғил ва икки қизнинг тўнғичи. Болалигидан футболга қизиқарди. Уни доим стадионлардан топиб келардим. “Бирор ҳунарнинг этагидан тутсанг-чи, тўпнинг кетидан югуравермай”, десам, “йўқ, мен фақат футболчи бўламан”, дерди.
Тўққизинчи синфга ўтгандан сўнг “Пахтакор” ёшлар командасига қатнай бошлаган. Футбол клубига борган илк кунларидаёқ уни дарвозага қўйишди. Болам овқатлан­мас­лиги, меҳ­монга бормас­лиги, саё­ҳатдан қолиши, оилавий тадбирларда қатнаш­маслиги мумкин эди, аммо машғулотларни сира қолдирмасди.
Ўткиржон болалигида табиатан камтар, меҳрибон ва содда бўлган. Ҳар қандай юмушни, албатта, биз билан маслаҳатлашиб, кейин амал­га оширарди. Ҳозиргача шундай, бемаслаҳат бир иш қилмайди. 34 ёшни қаршилаган бўлса-да, баъзан боладек эркаланади. Кўнгли юмшоқ, ҳаммага ёрдам бергиси келади.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ўқиди, ишлади, спортни бир зумга бўлса-да ташламади. Нияти гўзал эди: “Она, ҳали кўрасиз, мен ўзбек футболи тарихидаги энг зўр дарвозабон бўламан”, дерди. Амаллар ниятларга қараб берилиши бор гап экан, у ўзининг мақсадлари рўёбини кўриб турибди.
Нигора опа Қурбантаева ўтган аср охирларидан буён транспорт соҳасига йўналтирилган “Инсофли” МЧЖда оддий ходимликдан иш бошлаб, бугунги кунда директор ўринбосаригача бўлган йўлни ҳалол меҳнатлари билан босиб ўтди. Умр йўлдоши Акмал ака билан фарзандлари камолини, бахту роҳатини кўриб, жамиятда муносиб ўрин эгаллаб келмоқдалар.
Орзу ва мақсадлар, яхши ниятлар бирлашса, унинг залвори улкан бўлади. Буни бизга шу йилнинг бешинчи июнь оқшомида бўлиб ўтган футбол мусобақаси исботлаб берди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида унинг олтин дарвозасини мардларча ҳимоя қилаётган Ўткирбек билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Феруза ОРИПОВА