КИМГАДИР ЎХШАШНИ ИСТАМАЙДИГАН ЙИГИТ
Чироқчилик Фазлиддин Самандаров болаликдан тенгдошлари каби бир олам орзулар билан улғайди. Улардан энг каттаси Тошкентдаги нуфузли олийгоҳларда билим олиш ва пойтахтда яшаш эди. Инсон астойдил ҳаракат қилса, ҳаммасига эришиш мумкин. Буни келажак сари дадил қадамлар билан бораётган Фазлиддин ҳам тасдиқлайди.
— Қашқадарёнинг чекка бир қишлоғида яшасак-да, бугунги ўзгаришларни, дунёга юз тутаётган Ўзбекистонни доим кузатиб борардим, —дейди у болалик йилларини эслаб. — Аниқ фанларга қизиқишим кучли эди. Дунё нафақат ҳар куни, балки ҳар соатда янги ўзгариш ва кашфиётларга гувоҳ бўлаётганини матбуотда кузатиб борардим. Бу қизиқишлар мени пойтахтга интилишга, олийгоҳда ўқиб, замонавий касб эгаси бўлишга бошлади. Ва ҳаракатларим натижасида Тошкент молия институти талабаси бўлдим, кейин “Hamkorbank”нинг Чирчиқ универсал банк хизматлари офисида иш бошладим. Тўғри, қишлоқдан келиб, катта шаҳар ҳаётига қўшилиш бир оз қийин бўлди. Дўстларим ва ҳамкасбларимнинг кўмаги барчасини енгиб ўтишимга йўл очди.
У ўқувчилик йиллари математика фанини яхши ўқир, банк соҳасида ишлайдиган қўшнисига ҳавас қиларди. Учрашиб қолди дегунча саволга тутиб, зериктирарди. 2023 йил омади келиб, банк ходими бўлган илк кунларини сира унутмайди. Дастлаб чакана бизнес бўлими иш ўрганувчиси, кейин кичик менежер бўлди. «Ишингиз қийин эмасми?, деган саволимизга дадиллик билан “аксинча, касбимни севганим учун бу сезилмайди», дея жавоб берди.
У кунлик ишини доим режа асосида олиб боради. Мижозлар билан ишлашда ҳам бунга амал қилади. Режа бу — масъулият, деб билгани сабаб ҳаммасига улгуришга ҳаракат қилади. Ҳамкасблари ҳам унинг шахсий қоидасини ҳурмат қилади.
Тошкент нафаси Фазлиддинни янада дадилликка ўргатди. Бўш вақт топди изланади, китоб ўқийди, хорижий тилларни ўрганади. Айниқса, иқтисодий мавзудаги адабиётларни севиб ўқийди. Бундан мақсади — сўз бойлигини ошириш, банк соҳасидаги тажрибаларни ўрганиб бориш.
— Яқинда Жон Г. Миллернинг “СOС! савол ортидаги савол» асарини ўқиб тугатдим, — дейди Фазлиддин қўлидаги китобни варақлаганча. — Ўзимга кўп нарсаларни олдим. Умуман ҳар бир ўқиган китобим устозга айланади. Айримлар осони интернетга кир, ҳамма саволинга жавоб топасан, дейди. Йўқ, китобнинг тарбияси бошқа. Мен учун энг қадрли совға ҳам китоб.
Ёш бўлса-да, ўз фикрига эга бу йигитнинг қарашлари ҳавасингизни келтиради. Устозларини ҳурмат қилиш баробарида ҳаётда ўз ўрнини топган бу йигитнинг шиори бировга ўхшамаслик, тақлид қилмаслик.
Шижоат билан иш юритаётган қаҳрамонимиздан қийинчиликлар тўғрисида сўраганимизда, кулиб буни ҳам орзулари билан боғлади:
— Пойтахтда яшаш орзуимга етишдим. Лекин кўплар қатори тезроқ шу ерда ўз уйим бўлишини, ота-онамнинг кўнглини олишни фарзандлик бурчим деб биламан. Бу ҳамманинг орзуси бўлса керак.
Ҳа, ўз орзулари сари дадил бораётган Фазлиддин тенгдошларига ибрат бўлаётган иқтидорли ёшлардан. Тилагимиз — орзуларингиз амалга ошсин.
А. Назаров

