ОТАЛИКНИ СУД БЕЛГИЛАЙДИ
Материал Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди гранти асосида тайёрланди.
Сўраган эдингиз
Савол:
— Яқинда оилавий можаро туфайли турмуш ўртоғим ота уйига кетиб қолди. Ўртада бир нафар қиз фарзандимиз бор. Бу никоҳ иккаламизнинг ҳам иккинчи турмушимиз. Аёлимнинг биринчи турмушидаги расмий никоҳи бекор қилинмаган. Туғилганлик ҳақидаги маълумотномасиз чақалоққа рухсат берилмаганлиги сабабли туғуруқхонадан олиб чиқаётган вақтда фарзандимни аёлимнинг биринчи турмуш ўртоғи номига расмийлаштиришга мажбур бўлганмиз. Ўзаро можаролардан сўнг энди турмуш ўртоғим “Бу болада ҳақингиз йўқ, у сизнинг номингизда эмас, уни сизга бермайман” деб қаршилик кўрсатмоқда. “Хоҳласам болани умуман кўрсатмайман”, деган гапларни ҳам айтди. …
Эътиборсизлик сабаб, шу кунгача аёлимнинг расмий никоҳини бекор қилиш масаласида судга мурожаат қилмаган эдик. Илтимос, шу масалада, ҳуқуқий маслаҳат беринг. Айни пайтда менинг фарзандимга оталик қилишга ҳеч қандай қонуний ҳақим йўқми? Қайси йўл билан унга ўз фамилиямни беришим мумкин?
А.СОДИҚОВ, фуқаро
Жавоб:
— Бундай ҳолатда сизнинг масалангиз фуқаролик суди орқали ҳал этилади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 26-моддасига кўра, оилавий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар фуқаролик ишлари бўйича судларга тааллуқли бўлади.
Сиз боланинг биологик отаси сифатида ҳудудингиздаги фуқаролик ишлари бўйича судга даъво ариза киритасиз. Суд томонидан муҳокама давомида ДНК экспертиза текшируви тайинланиши ҳам мумкин. Суд ҳал қилув қарори асосида фарзандингизга нисбатан оталик белгиланади. Агар турмуш ўртоғингиз болани кўрсатишни рад қилаётган бўлса, келишмовчиликларни ҳал қилиш учун васийлик ва ҳомийлик органига ёки судга мурожаат қилишингиз мумкин.
Оила кодексининг 21-моддасида “Болалар тарбияси ва оилавий турмушнинг бошқа масалаларини эр ва хотин биргаликда ҳал қиладилар”, деб белгиланган. Шунингдек, ушбу кодекснинг 75-моддаси 4-қисмида “Болаларнинг таълим-тарбиясига тааллуқли барча масалалар болалар манфаатидан келиб чиққан ва уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-она томонидан ўзаро келишув асосида ҳал этилади. Агар ота-она ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлса, улар (улардан бири) бу келишмовчиликларни ҳал қилиш учун васийлик ва ҳомийлик органига ёки судга мурожаат қилишга ҳақлидир” , деб кўрсатилган.
Аслида эр ва хотин боланинг тарбияси учун бирдек ҳақли ва масъул бўлгани учун бола билан кўришиш масаласини ўзлари келишиб олиши керак. Томонлардан бири келишишдан бош тортса, қонунлар ҳолатга аниқлик киритиб беради.
Саволга Қўрғонтепа туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Шоҳрух САТТАРОВ жавоб берди.

