ТАЪЛИМ ОЛИШ ҲУҚУҚИ
Мамлакатимизда инсон қадрини юксалтириш асосий мезонлардан бири. Бунинг марказида таълим туради. Президентимиз ташаббуслари билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда таълим тизимини такомиллаштириш, унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида таълимга оид нормаларнинг мавжудлиги мамлакатда ҳар бир фуқаронинг интеллектуал ривожига қаратилган сиёсатнинг изчил давом этаётганидан далолат беради.
Ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга. Бу норма таълимнинг универсал ҳуқуқ эканини белгилайди. Янги Ўзбекистон ижтимоий сиёсатида инсон марказда туриши, унинг манфаати энг олий қадрият сифатида қаралишини айнан шу қоида тасдиқлайди. Таълимга эгалик ҳуқуқи нафақат мактаб ёшидагилар, балки катталар, ногиронлиги бўлган шахслар, ёш оналар, кексалар учун ҳам тенг даражада амал қилади. Бу мамлакатда билим олишнинг ёши, жинси, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, чекланмаслигини англатади.
Ҳозирги кунда аҳолининг ҳар бир қатламига мўлжалланган ўқиш марказлари, масофавий таълим платформалари, қайта тайёрлаш курсларининг кенгайтирилаётгани ана шу норма ҳаётга татбиқ этилаётганининг амалий исботидир.
Узлуксиз таълим тизими. Бу инсоннинг бутун умр давомида ўқиб-ўрганиш имконияти мавжуд бўлиши демакдир. Болалар боғчасидан тортиб олий таълим, малака ошириш, илмий тадқиқотлар, докторантура босқичларигача бўлган занжирнинг силлиқ ишлаши жамиятнинг интеллектуал салоҳияти учун асос яратади.
Охирги йилларда таълимнинг барча бўғинлари бўйича тизимли ислоҳотлар ўтказилаётгани, давлат ва нодавлат таълим ташкилотларининг баробар ривожланиши, хусусий мактаб ва боғчалар сонининг кескин ортгани ушбу норма амалда рўёбга чиқаяётганидан далолат беради.
Мактабгача таълимни ривожлантириш. Мактабгача таълим – инсоннинг интеллектуал ва психологик шаклланишидаги энг муҳим босқич. Илмий тадқиқотларга кўра, боланинг 70 фоизга яқин когнитив ривожи айнан 3–6 ёш оралиғида шаклланади. Шу боис Конституцияда мактабгача таълимга алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас.
Бугунги кунда, давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилган боғчалар, педагоглар малакасини ошириш бўйича янги методикалар мактабгача таълим тизимини янги босқичга кўтармоқда.
Бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим давлат кафолатида. Бу норма Ўзбекистонда ижтимоий адолат тамойиллари мустаҳкам эканини кўрсатади. Зеро, ҳар бир бола бепул таълим олиш имконига эга бўлмаса, жамиятда тенглик бўлмайди. Бошланғич профессионал таълимнинг бепул қилиниши эса ёшларнинг тезроқ касб эгаллашига, иқтисодиётга жалб қилинишга шароит яратди.
Касб-ҳунар мактаблари, техникумларнинг ривожланиши, ўқувчиларни саноат корхоналарига бириктириш бўйича тажрибалар айнан ушбу норма ижросининг амалий кўринишидир.
Мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратида. Давлат назорати сифат ва хавфсизлик гаровидир. Таълим жараёнида ўқув дастурларининг стандартларга мослиги, тарбия ишлари, педагоглар малакаси, санитария ва техника хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши давлат назорати орқали кафолатланади. Бу норма, аввало, болалар манфаатини ҳимоя қилади.
Сўнгги йилларда давлат назоратининг электрон ахборот тизимлари орқали шаффофлашгани, мактабларда аттестация жараёнлари йўлга қўйилгани таълим сифати ошишига хизмат қилмоқда.
Инклюзив таълим ҳар бир боланинг ҳаққи сифатида белгиланган. Алоҳида таълим эҳтиёжига эга бўлган болалар учун инклюзив таълимнинг конституциявий даражада эътироф этилиши мамлакатда инсонпарварлик тамойилларининг янада чуқурлашганидан далолат беради. Бу норма ҳар бир боланинг имконияти чеканмаслигини, жамият уни инклюзив тарзда қабул қилиши кераклигини билдиради.
Охирги йилларда махсус педагогика бўйича кадрларга талаб ошгани, мактаб ва боғчаларда инклюзив синф ва гуруҳлар ташкил этилаётгани, ўқитувчилар учун алоҳида методикалар ишлаб чиқилаётгани – норманинг амалий рўёби.
Фуқаролар танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олиш ҳуқуқига эга. Имтиёзлар эмас, танлов; таниш-билишчилик эмас, билим – бу демократик жамиятнинг асосий тамойили. Ўзбекистонда олий таълимга киришнинг бутунлай очиқ, адолатли, рақамлаштирилган тизимга ўтиши – айнан шу норма самарасидир.
Грантлар сонининг оширилиши, турли ихтисосликлар бўйича мақсадли давлат буюртмалари, икки поғонали олий таълим тизимининг жорий этилиши ёшларнинг олий таълимга бўлган ишончини мустаҳкамлади.
Ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳимояда. Устоз – жамият тараққиётининг таянчи. Шу боис педагогларнинг мақомини кўтариш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш конституциявий даражада мустаҳкамланди.
Охирги йилларда ўқитувчилар маошининг оширилиши, уй-жой билан таъминлаш дастурлари, малака ошириш тизимининг такомиллашуви, устозлик касбининг нуфузи оширилаётгани – мазкур норманинг натижаларидир.
Бугун мамлакатда таълим соҳасига берилаётган эътибор нафақат мавжуд имкониятларни кенгайтирмоқда, балки келажак авлоднинг жамиятда ўз ўрнини топиши, рақобатбардош бўлиши, тараққиёт жараёнида фаол иштирок этишини таъминламоқда. Таълим ҳуқуқининг конституциявий мустаҳкамланиши бу юксалишнинг мустаҳкам пойдеворидир.
Нурилло ТЎХТАСИНОВ,
Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси
Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг грант лойиҳаси асосида

