МИНГТА БИЗНЕС ЛОЙИҲА

буни биз ёшлар амалга оширамиз

Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолиси 38 миллион нафарни ташкил этаётган бўлса, шундан 9,5 миллиони ёки қарийб 25 фоизи 14-30 ёшдаги йигит-қизлардир. Ҳар йили 270 мингта ёш оила шаклланмоқда. Ана шу демографик омил ёшлар сиёсатига узоқ муддатли ва тизимли ёндашувни талаб этмоқда.
Давлатимиз раҳбари­нинг “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси лойиҳаси юзасидан тақдимот билан танишувини катта қизиқиш билан кузатдим. Стра­тегияда ёшлар банд­лигини таъминлаш ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, сифатли ва инклюзив таълимни ривожлантириш, хорижий тилларни оммалаштириш ва касбий таълимни кенгайтириш, меҳнат бозорини рағбатлантириш ҳамда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, маданий, жисмоний ва маърифий ривожланишни кучайтириш, волонтёрлик ҳаракатини кенг ёйиш, ёшлар саломатлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, очиқлик ва иштирок механизмларини кенгайтириш каби устувор йўналишлар белгиланганлиги эътиборимни тортди. Қайд этилишича, бу мамлакатда ёшларга оид қабул қилинаётган биринчи яхлит стратегия бўлиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишда ёшларнинг ўрни ва салоҳиятини янада тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилган.
2030 йилга қадар ҳар йили 600 минг нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш, 900 минг ёшни волонтёрликка жалб этиш, ўқув марказлари сонини 90 мингтага етказиш, 450 минг нафар ёшнинг хорижий тиллар бўйича билимини B2 даражасига олиб чиқиш, ёшлар жиноятчилигини камайтириш, ҳар йили камида 10 мингта ёш оилани ипотека орқали қўллаб-қувватлаш каби вазифалар назарда тутилганлиги лойиҳага муҳим аҳамият касб этишига ишонаман.
Олис ва чекка ҳудудларда ўқув марказларини ташкил этишга 300 миллион сўмгача ссуда ажратиш, улар учун ижтимоий солиқни ва ўқитувчиларининг даромад солиғини
1 фоиз этиб белгилаш таклифи ижобий самара бериши шубҳасиз. Шунингдек, B2 даражага эришган ёшлар учун хорижий паспорт расмийлаштириш учун божни, C1 даража ва тадбиркорлик ташаббуслари учун айрим давлат хизматлари тўловларини 50 фоизгача камайтириш таклифи ҳам диққатга сазовор.
Мени қизиқтирган жиҳатлардан бири Стратегияда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилганлиги бўлди. Ипотека дастури орқали кредитнинг Марказий банк ставкасидан юқори қисми қоплаб берилиши, шу тариқа уй-жой масаласида ёш оилаларга қўшимча енгиллик яратилиши белгиланмоқда.
Ижтимоий фаолликни ошириш мақсадида волонтёрлик жамғар­масидан 100 миллион сўмгача грант­лар ажратиш, фаол ёшларни давлат ташкилотларида пуллик амалиётга жалб қилиш, илғор ижодкорлар учун Президент мукофотини жорий этилиши, китоб ва Book-кафелар жойлашган “Ёшлар кўчалари”ни ташкил қилиш режалаштирилганлиги бизни янги марралар сари чорлайди, албатта.
Стратегиянинг яна бир жиҳатини алоҳида таъкидлашни истардим. Маълум бўлишича, 2026-2027 йилларда 7 та йўналиш бўйича 56 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Жумладан, “Янги авлод тадбиркорлари” дастурида Гарвард, Стэнфорд, MIT, Лондон бизнес мактаби каби нуфузли таълим муассасалари билан ҳамкорликда 20 минг ёшни ўқитиш, мингта бизнес лойиҳасини саралаб олиш ва уларга 3 йилгача муддатга базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваригача ссуда ажратиш режалаштирилган. Ёш тадбиркорларга муҳандислик тармоқларига уланиш харажатларини қисман қоплаш тартиби ҳам жорий этилади.
Республика бўйича “Ўзбекистон ёшларни севади!” лойиҳаси, “Ҳаёт фест” ёшлар фестивали, “Talaba Fest” ва “Talaba Expo-2026” каби тадбирлар ўтказилиши биз учун катта имкониятлар эшигини очиб беради.
Банкимиз ёшлари ҳам Стратегия лойиҳаси доирасидаги тадбирларда фаол иштирок этиб, Янги Ўзбекис­тонимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадилар, деган умиддаман.

Насибилло Ҳожибеков,
“Hamkorbank” АТБ ёшлар етакчиси