20 ЁШЛИ “ҚАРШИ”ДА БИР КУН
Яқинда 700 километрдан ортиқ йўл босиб Андижондан Қарши шаҳрига бордик. Хизмат сафаридан мақсад Қарши УБХОнинг 20 йиллик юбилейи муносабати билан жамоа фаолиятини ёритиш эди.
Келинг, аввало, таърифни Қарши шаҳридан бошлай қолайлик. Бу шаҳарда яқин йилларда бўлмаганим учун фикрим бошқача эди. Лекин кўзим билан кўргач, қарашларим ўзгарди. Ҳамма жой ораста, кўчалари кенг ва сокин. Тирбандликлар деярли кўзга ташланмайди. Энг муҳими, қизиққон дея таърифланадиган қашқадарёликларда сокинлик ва хотиржамликни кўрдик. Ортиқча гап-сўзи йўқ, меҳмонга мулозамати ўзгача. Водий аҳли меҳмондўст дейилади. Аммо қаршиликлар бу борада водийликлардан ўтса ўтар эканки, ортда қолмаслигига гувоҳ бўлдик.
Қарши УБХОда мижозлар оқими тўхтовсиз. Жамоа ҳаёти билан яқиндан танишиш асносида қуйидаги маълумотларга эга бўлдик.
Илк қадам
2006 йилда “Hamkorbank”нинг тажрибали мутахассиси Ўктам Исаев тармоқнинг илк раҳбари бўлган. Ўшанда муассаса атиги уч нафар ходим — Ўктам Исаев, Анвар Хидиров ва Гулнора Раҳимова билан иш бошлаган. Шу йилнинг ўзида 30 нафар мижоз ҳамкорликка жалб этилган. УБХОни 2006 йилдан 2015 йилгача Ўктам Исаев, ундан сўнг олти йил давомида Баҳром Оромов бошқарди. Беш йилдан буён Жаҳонгир Очилов раҳбарлик қилиб келмоқда. Ҳар бир бошқарувчи даврини ходимлар илиқ хотиралар ва яхши таассуротлар билан тилга олади.
Мақтовга лойиқ томони…
Йилдан-йил оша қашқадарёликларнинг ишончини қозониб, энг яхши мижозларга эга бўлгани. Ҳозирда 1200 дан ортиқ фаол юридик ҳамкорлари бор. Уларнинг орасида “Iqtisodiyot va pedagogika universiteti” Нтм, “Elpay”, “Yashil Diyor Holding”, “Koson Sanoat Montaj” Мчж каби корхоналар йирик миқдордаги айланмалари билан банк даромадига салмоқли улуш қўшмоқда. Айни пайтда юридик мижозларга хизмат кўрсатиш бўлими 600 миллиард сўм кредит портфелига эга.
Бўлим бош менежери Миролим Ризоқулов аввал “Инфинбанк”да фаолият юритгани, бир йил аввал “Hamkorbank” сафига қўшилгани ва бу танловидан мамнун эканлигини айтди.
— Банкимиздаги каби молиявий таҳлил ва мижоз билан мулоқотни бошқа жойда кўрмаганман, — деди у. — Кредитларни иккиланмай берамиз. Ҳужжатларни чуқур таҳлил қиладиган тизим йўлга қўйилгани учун маблағларнинг қайтиши билан боғлиқ муаммолар юзага келмайди. Айниқса, вип менежер Асқар Бозоров гигант тадбиркорларни жалб қилишда юқори тажрибага эга.
20 йилда
Қўлга киритилган ютуқларни икки оғиз гап ёки бир нечта рақамлар билан ифодалаб бўлмайди. Буни офисда фаолият юритаётган ходимларнинг 3 нафардан 90 нафарга етгани, УБХО таркибида 4 та БХО, 5 та микроофис ташкил этилганлиги кўрсатиб турибди. Энг муҳими, бугун қашқадарёликлар “Hamkorbank”ни энг яхшиси деб билади ва уни танлайди. Мана шу тушунчанинг ўзи 20 йил қандай тарзда ўтганини англатади.
Қолаверса, узоқ йиллар давомида бир жамоада ишлаш орқали касбига бўлган садоқатини намоён қилган ходимларнинг ҳам ривожланишдаги роли муҳим. Улар банкнинг кечаги куни бўлиш билан бирга, бугунги тараққиёти ҳамдир. Бу инсонларга қараб, ёшлар ўз касбига вафодорлик ва муҳаббатни ўрганади. Мазкур таърифлар Жаҳонгир Очилов, Аъзамат Тангиров, Санжар Жумаяров, Дилшод Кенжаев, Анвар Хидиров, Самандар Пўлатов каби ходимларга аталган.
Ишла ва мукофот ол
Бошқарувчи ўринбосари Азамат Тангировнинг фикрича, самарадорликнинг замирида ишга тўғри ёндошув, ўзаро бир-бирини тушуниш ва қўллаб-қувватлаш муҳити ётибди. Шу боис жорий йилдаги 9 ойлик режа 8 миллиард сўм ортиғи билан бажарилди. Бунда жамоа раҳбари, чакана хизматлар бўлими бошлиғи ва вип менежернинг меҳнатлари муҳим бўлди.
Жамоадаги рағбатлантириш усули ҳам ўсишга яхши таъсир кўрсатмоқда. Масалан, юридик хизматлар бўлими етакчи менежери Фирузбек Қодиров олти ой давомида кўрсатган натижалари учун Туркиянинг Анталия шаҳрига 10 кунлик саёҳат йўлланмаси билан тақдирланди. У яқин кунларда сафарга жўнаб кетади. Бу ходим шу мукофотга ҳақиқатан арзишини кўпчилик эътироф этди. Фирузбекнинг билимдонлиги ва ишга муносабати гўёки жамоага бахт қушининг қўнганидек экан.
Юракка ўхшаш бўлим
Ҳа, юрак кунига беҳисоб қонни ҳайдаб бергани каби чакана бўлим ҳам бир кунда 500-600 нафар мижозларни қабул қилиб, уларга сифатли банк хизматларини кўрсатиб, хуш кайфият билан кузатиб қўяди. Бўлим бошлиғи Дилшод Кенжаев бир жойда ўтирмайди, хизмат вазифасини мижозлар билан баб-баравар ҳаракатланган ҳолда бажаради. Бутун вужуди билан банк ишига шўнғиб кетган ушбу мутахассиснинг айтишича, бўлим 330 миллиард сўм жисмоний шахслар учун ажратиладиган кредит портфели ва 1000 дан ортиқ омонатчиларга эга. Баъзида иш кунининг якунида ҳам мурожаатчиларнинг охири кўринмай қолади. Бундай тўхтовсиз оқим билан ишлаш ходимлардан куч-ғайрат, сабр-қаноат талаб этади. Уларда керагича куч ҳам иштиёқ ҳам топилади.
Дилшод Кенжаев жамоатчилик асосида тармоқ бошланғич касаба уюшма кўмитасига ҳам етакчилик қилади.
Устозларнинг ўрни бўлакча
Жамоада устоз ва шогирд анъанаси мукаммал йўлга қўйилган. Чакана бизнес бўлими бошлиғи Дилшод Кенжаев, етакчи менежер Умида Аминова, касса мудири Зуҳра Болтаевалар кўплаб банк учун керакли мутахассислар етиштириб чиқарди. Ҳатто ёш менежер Фирузбек Қодиров ҳам шогирд тайёрлашга улгурибди. УБХО бошлиғи Жаҳонгир Очилов айнан ўз фаолиятини 2008 йилда шу ерда иш ўрганувчиликдан бошлаган. Бошқарувчи ўринбосари Азамат Тангиров ҳам мана шу жамоада сабоқ олиб, шаклланган.
Ҳар қандай банк мутахассисининг дастлабки иш ўрганиш жойи касса бўлгани учун Зуҳра опа ўнлаб янги ходимларга банк хизматларини ўргатиб, бошқа бўлимларга учирма қилган. Лекин опа ўзи ҳақида гапиришларини истамайдиган камсуқум инсон экан. У бизга бу борада узрини айтиб, дарҳол ишга киришиб кетди.
Обуначилар эътибордан четда қолмади
Газетамиз мухлислари ва обуначилар билан ҳам учрашиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини тингладик. Нашримизга бўлган муносабат ҳақида билиш қизиқ, албатта. Газетамиз обунасини ташкил этишда фаол бўлган қашқадарёлик юртдошларимизга таҳририятимизнинг махсус совғаларини топширар эканмиз, муштарийларимиз сони кўпайиб бораверсин, дея ният қилдик.
Сўнгги сўз
Мақоламизни чакана бўлим менежери Жаҳонгир Рамазоновнинг хизматидан фойдаланиб ўтирган, ўзини Асқар Салоҳидинов деб таништирган мижознинг фикри билан якунлашни истадик.
— Беш йилдан буён шу банкнинг мижозиман, муомаласи, хизмат кўрсатиши, қўйингки, ҳамма томонларига қараб, бу ердаги ходимларга 100 балл қўяман, бошқа банкларга эса, афсуски, балл йўқ, — деди у. Ҳиссиётга қоришган бўлсада юртдошимизнинг бу хулосаси юракдан чиққанига ишондик. Чунки унинг кўзлари ҳаммасини айтиб турган эди.
Нигора МИРОЛИМ қизи
Андижон-Қарши-Андижон

