ДИЙДОРЛАШУВ МАЙДОНИ

Айни кунларда “Hamkor press” газетаси ижодий ходимлари жойларда муштарийлар билан учрашувлар ўтказмоқда. Жумладан, “Hamkorbank”нинг Қашқадарё минтақавий ҳамда Қарши универсал банк хизматлари офисида бўлиб ўтган учрашувлар қизғин кечди.

“Hamkorbank”нинг ички ва ташқи сиёсати, жойларда ходимлар ва мижозлар учун яратилаётган қулайликлар, шароитлар, умуман олганда банк ҳаёти ва фаолияти ҳамда турли мавзуларнинг ёритилиши муштарийларнинг газетага бўлган қизиқишини ошираётганига гувоҳ бўлдик. Банк ходимлари нафақат ўз вазифаларини бажаришда, балки мутолаа маданияти юксаклиги билан ҳам эътиборимизни тортди.
Учрашувда бугунги рақам­ли технологиялар асрида ижтимоий тармоқлар тезкор бўлса-да босма нашр сифатида “Hamkor press” билимларни ошириш, таҳлилий ва асосли маълумотлар етказишда ўз ўрнига эга эканлиги таъкидланди.

Шавкат Азимов,
Қашқадарё МБХО бошқарувчиси:
— “Hamkorbank” ҳар томонлама ривожланган — мукаммал ташкилот. “Hamkor press” газетаси эса тизимдаги янги­лик­лар, тармоқлардаги янгиликлар, ўзгаришлар элчиси. Банкда гарчи иш тартиби бир хил бўлса-да ёндашувлар турлича. Ҳамкасбларимизнинг хизмат кўрсатишдаги малакалари, эришган ютуқларига шу нашр орқали гувоҳ бўламиз. Улар билан бирга қувонамиз. Кимдандир ўрнак оламиз, кимларгадир ўрнак бўламиз. Вазифамизга иштиёқимиз ортади.
Газетанинг ҳар бир сонини кузатиб бораман. Назаримда масофадан туриб баҳслашиш, дийдорлашув имконини берадиган майдон бу. Таҳририят жамоаси фаолиятига муваф­фақиятлар тилайман.
Қашқадарёлик газетхонларни қизиқтираётган мавзулар, нашрнинг мазмун-мундарижасини янада бойитиш борасидаги таклиф ва тавсиялари ўрганилди. Муштарийлар бундай учрашувлар тез-тез ўтказилиши ҳар икки томон учун фойдали эканлигини билдирдилар. Обуна мавсумида фаол ва ташаббускорлик кўрсатаётганларга таҳририятнинг эсдалик совғалари топширилди.

(Ўз мухбиримиз)