ҲАР БИР ХОДИМ ҲИМОЯМИЗДА
“Hamkorbank” ҳаётида Бирлашган касаба уюшмалари қўмитасининг алоҳида ўрни бор. Қўмитамиз ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари туфайли 2026 йил ходимларимиз учун мазмунли ва мароқли бошланди. Йилнинг биринчи тадбири сифатида 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрамона дастурхон ёзилди. Файзли дастурхонга қўшимча тарзда банк аёллари томонидан махсус байрам дастури намойиш этилиб, ҳалол меҳнати орқали юртимиз осойишталиги ва тараққиётига ҳисса қўшаётган “Hamkorbank” ўғлонлари қутланди. Ўша куни тушлик вақтида банк офисларидаги мавжуд «лед» экранлар ва мониторлар орқали ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар бериб борилди.
Аёллар ҳамиша эъзозда
Банкимиз тизимида фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар меҳнатсеварлиги, оқила ва донолиги билан таҳсинга лойиқ. Улар доимо қадрланиб келган. “8 март — Халқаро хотин-қизлар куни”да ҳам байрам тадбирлари ва махсус эсдалик совғалар ташкиллаштирилиб, Бош банк ва Шокир Иброҳим номидаги МБХО аёл ходималари эрта тонгдан квартет садолари остида гуллар билан қарши олинди. Ватан ҳимоячилари кунида бўлгани каби катта мониторларда аёлларга аталган жўшқин тароналар янграб турди. Хотин-қизларимизнинг юзидаги мамнунликдан оддийгина эътибор ҳам аёлни қанчалик қувонтириши мумкинлигига гувоҳ бўлдик.
Анъана давом этади
Ишловчи инсонга сифатли тиббий муоалажа ва мазмунли ҳордиқ, албатта, зарур. Бизда республика миқёсидаги турли сиҳатгоҳларга дам олишга юбориш тизимли ташкил қилинган. Имкониятлардан фойдаланиб соғлиғини тиклаётган ходимларнинг меҳнат самарадорлиги янада ортяпти, десак янглишмаймиз.
Юрт кўриш, саёҳатга чиқиш руҳиятни сайқаллаштиради. Ҳаётга ҳамда касбга бўлган иштиёқни оширади. “Hamkorbank”нинг ҳар бир тармоғида яхлит, бирдам жамоани шакллантириш, қолаверса, ички туризмни ривожлантириш мақсадида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива сингари қадимий шаҳарларга, шунингдек, Зомин, Бўстонлиқ сингари дам олиш масканлари ва зиёратгоҳларга жамоавий тарзда саёҳатларни ташкил этиш анъанага айланган.
Ходимларни нафақат ўз юртимиз, балки чет эл сафарларига ҳам юбориш одат тусига кириб бормоқда. Биргина шу йилнинг ўзида банкимиз вакилларидан 10 нафарининг Хитой давлатига,
8 нафари Миср, 27 нафарининг Вьетнам давлатига саёҳат қилиб келиши таъминланди.
Театр ва концертларга уюштирилган ташрифлар ҳорғин иш кунларидан сўнг ходимларимизга кўтаринки кайфият бағишламоқда.

Фарзандлар ҳам эътиборда
Нафақат ходимлар, балки уларнинг фарзандларига ҳам ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. 2026 йилнинг ёз мавсуми давомида 28 нафар болакайларнинг оромгоҳларда мароқли дам олишлари учун йўлланмалар ажратилди. Бундай рағбатдан сўнг болажонларда ўз ота-оналарининг касбига бўлган меҳр-муҳаббати янада ортади.
Беллашувлардаги фаоллик
Банкимиз тизимида мамлакатимизнинг бошқа банкларида кузатилмайдиган спорт мусобақалари, интеллектуал ўйинлар ва турли кўрик-танловларни ташкил қилиш ҳамда ўтказиш ҳам муҳим аҳамият касб этишини яхши биламиз.
Жумладан, мини-футбол бўйича “Hamkorbank kubogi”нинг дастлабки босқичлари апрель-май ойларида ўтказилиб, финалда иштирок этувчи жамоалар маълум бўлди. Ғолиблар Ангрен шаҳридаги “Райян ресорт” мажмуасида чорак ва ярим финал мусобақаларида куч синашди. Якуний натижаларга кўра, Нодирабегим УБХО жамоаси биринчи, Юнусобод УБХО жамоаси иккинчи, Жиззах МБХО жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди. Шунингдек, Юнусобод УБХО дарвозабони Хондамир Набижонов “Энг яхши дарвозабон”, Жиззах МБХО жамоаси ўйинчиси Жасурбек Абдуллаев “Энг кўп тўп урар” махсус совринларига эга чиқди. Ғолиб жамоалар ва турнир фаолларига банк Бошқаруви ва Бирлашган касаба уюшмалари қўмитасининг фахрий ёрлиқ, медаль ва ташаккурномалари ҳамда пул мукофотлари топширилди.
Билимдонлар баҳсга чорланяпти
Билимдон, заковатли “Hamkorbank” ходимлари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйинлари мунтазам ташкил этилмоқда. Жорий йилнинг май-август ойларида танловнинг биринчи саралаш босқичи ўтказилди. Унда 15 та жамоа финал босқичида иштирок этиш учун муносиб деб топилди.
Турнирнинг финал босқичи 15 август куни Тошкент шаҳридаги “Заковат” аренасида бўлиб ўтди. Якуний натижаларга кўра, Чакана бизнес рискларини бошқариш департаменти жамоаси ғолиб деб топилди, Урганч УБХО жамоаси 2-, Наманган МБХО жамоаси 3-ўринни эгаллади.
Банкимиз вакиллари жойларда вилоят ҳокимликлари, марказий банк, касаба уюшмалари ҳамда спорт федерациялари томонидан ташкил этилаётган мусобақаларда ҳам фаол иштирок этмоқда.
Ишонч билан айта оламизки, ижтимоий кўмак, рағбат ва мотивацияга эга тизимда кўрсаткич ва натижалар шунга муносиб равишда ўсиб боради.
Беҳзодбек АБДУРАҲМОНОВ,
Банк Бирлашган касаба уюшмалари қўмитаси раиси ўринбосари

