СИЗНИНГ ҲУҚУҚИНГИЗ

Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг грант лойиҳаси асосида

Савол: Фарзандимни болалар боғчасига жойлаштириш учун йўлланма олган эдим. Ўзим 2-гуруҳ ногирониман,  болалар боғчасига қилинадиган тўловларда менга имтиёз бериладими.

Латофат Хожибекова,  Марҳамат тумани.

Жавоб: -Мактабгача таълим муассасалари ва мактаб-интернатларидаги болалар таъминотига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомга кўра,  мактабгача таълим муассасаларидаги болалар умумий сонининг 15 фоизи доирасида, ота-оналаридан бири ёки иккаласи I ёхуд II гуруҳ ногирони бўлган кам таъминланган оила фарзандлари, ўртача ойлик жами даромади энг паст даражада бўлган кам таъминланган оила фарзандлари  тўловдан озод қилинади.

Ушбу Низомга мувофиқ, агар сизнинг оилангиз Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг «Ягона реестр» АТда қайд этилган кам таъминланган оилалар рўйхатида турган бўлса, 2-гуруҳ ногиронлигига эга эканлигингизни эътиборга олган ҳолда, фарзандингиз  мактабгача таълим муассасасининг болалар умумий сонининг 15 фоизи доирасида,  унга қилинадиган тўловлардан озод этилиши мумкин.

Саволга Адлия вазирлиги хузуридаги “Мадад” ННТ Марҳамат туман ҳуқуқий маслаҳат бўлими бош мутахассиси
Одилжон Ботиров жавоб берди.