ҚАДОҚЛАНГАН ХАВФ
УНДАН САҚЛАНИШ ЎЗ ҚЎЛИМИЗДА
Бугун ёшлар орасида турли энергетик ичимликларни ичиш «урф бўлди», десак муболаға эмас. Улар қаторига турли фаст фудлар, пиццалар, крешки, чипс, ролтон каби егуликларни ҳам қўшиш мумкин. Деярли ҳар қадамда дўкон, кафе, фаст фуд, ошхона. Йўл юзида очиқ-сочиқ ётган озиқ-овқатлар…
Қўшним 11-синфда ўқийдиган ўғлининг кўча овқатлари, айниқса, фаст фудларга ўрганганлиги сабаб уй овқатларини умуман емай қўйганидан шикоят қилиб қолди. Тўғриси, бироз таажжубландим. Ўқувчи бўлса, пул топмаса, уйда таомланмаса, оч қолади-ку? Яна бир ўқитувчи дугонам 24 ёшли ўғлининг ҳолатидан азият чекаётганини айтди. Бир чиройли ишлаб юрган ўғли ишхонасида ҳушидан кетиб, йиқилибди. Шифохонага ётқизишганида қон таркибида ярим тайёр маҳсулотлар ҳамда энергетик ичимликларнинг кўп истеъмол қилинганлиги аниқланибди.
— Аввалига ҳафтасига 1- 2 тадан, кейинроқ кунига “Flash” ичиб юришини билардим. Кўчада овқатланиб келиб “қорним тўқ” деса ишонаверибман. “Нима еяпсан, нима ичяпсан?” деб сўрамадим. Иш, рўзғор билан овора бўлиб вақтида овқат тайёрлаб бермаган кунларим ҳам бўлган, — дея кўзига ёш олди она. — Энг ёмони тишларининг бутун озиқ қисми шикастланиб, синиб кетди. Шифокор рангли ва энергетик ичимликлар истеъмолидан, — деди. “Яхшики, олдини олибсиз, салгина кечикканингизда ёмон бўларди” деса бўладими. Инсонга жўшқинлик, диққатни тўплаш ва фаоллик ҳиссини берувчи бу ичимликнинг таъсири вақтинча, кейинроқ чарчоқ, ҳаддан зиёд юрак уриши ва асабийлик, айримлар танасида турли тошмалар юзага келишини эшитиб қўрқяпман.
Ўзим ҳам қизиқиб интернетдан маълумотлар излаганимда тиббий тадқиқотлар “Coca-cola”, “Fanta”, “Flash”, “Red Bull” каби энергетик ичимликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш, ярим тайёр маҳсулотларни мунтазам тановул қилиш, бетартиб овқатланиш юрак-қон томир тизимига салбий таъсир кўрсатишини, уйқусизлик ва асабийлашишни кучайтиришини, қандли диабет ва қон босими муаммоларига олиб келиши мумкинлигини билиб олдим.
— Ёшлар ва ўсмирлар организми ҳали тўлиқ шаклланмагани боис энергетик ичимликларнинг хавфли бўлиши табиий. Уларнинг кучли стимуляторларга жавоб реакцияси тезроқ ва оғирроқ кечади. Биз шифокорлар нафақат ёшлар, умуман инсонларга бу турдаги ичимликларни истеъмол қилмасликни тавсия этамиз. Ундан кўра соғлом уйқу, тоза ҳавода сайр қилиш, мева-сабзавот ва сув истеъмолини ошириш фойдали ва хавфсиз. Жисмоний фаоллик ҳақиқий қувват манбаи, — дейди Моҳирахон Аҳмедова.
— Ёнимда яшаб юрган ўғлимнинг бу даражада бўлиб кетганини ҳатто сезмабман ҳам. Тўғри ишга бориб келади, ойлигини беради, ичмайди, чекмайди, десам қуриб кетгур энергетик ичимликка ружу қўйган экан. Қони тушиб, турли касалликларга дучор этаркан бу ичимлик. Ҳозир шифохонада, даволаняпти. Айтишларича ароқдан ҳам, тамакидан ҳам ёмон эмиш, — деб қолди Раҳима опа.
Талабалар ўртасида ўтказган сўровимизда энергетик ичимликлар бизга “куч беради”, “тетиклаштиради”, “уйқуни кетказади” деганлари бўлди. Фаст фудлар ёқимли, мазали ва кўнгилга тегмайдиган таом, дея изоҳлайдиганлар ҳам топилди. Бироқ улардан-да кўпроқ қарши фикр билдирувчилар, унинг зарарлари ҳақида батафсил билишлари кўнглимизни кўтарди. Чунки эртанги келажак яратувчилари айнан шу ёшлар экан саломат бўлишлари шарт эмасми?
Касбим тақозоси билан кўплаб тадбиркорлар билан суҳбатлашаман. Уларнинг жамиятга келтираётган фойдалари орасида пул ишлаш мақсадида юқоридаги маҳсулотлар савдоси ёки енгил тайёр бўладиган таомхоналардан каттароқ фойда кўзлаётганларини ҳам учратдим. Ўзини Мансур деб таништирган йигитнинг фикрларини тингладик.
— Уч йилдирки, кафе юритаман. Турли ичимликлар, фаст фуд тайёрлаб сотиш билан шуғулланамиз. Тўғри, фаст фуд тез тайёрланадиган таом. Уни хуштаъмлиги ҳам рост, бироқ фойдасиз. Шунга қарамай кўплаб ёшлар уни севиб истеъмол қилишади. Тадқиқотчилар фикрича дейишдан кўра ўзимнинг тажрибамдан хулоса қиламанки, таомга қўшилган зираворлар таъми уларни ўзига ўргатиб олади. Мижозларимиз кам эмас. Агар талаб паст бўлганида, яъни фойда кўрмаганимизда бу кафе фаолиятини аллақачон тўхтатган бўлардик.
Диетологлар юқоридаги ичимликлар ва таомларни истеъмол қилиш соғлиқ учун зарарли оқибатларни келтириб чиқаришини айтишмоқда. Вазн қўшилмаслиги учун бу таомлардан воз кечишни маслаҳат беришади. Газли ичимликлар таркибидаги сунъий моддалар, ранг берувчи воситалар, кетчуп ва очиқ ҳолатда сақланган зираворлар инсон организмида турли реакцияларга киришиб, аллергияни келтириб чиқариши мумкин экан. Болаларнинг эслаб қолиш қобилияти, яъни хотирасини ҳам ишдан чиқараркан.
Соғлиғимиз — бойлигимиз. Шундай экан, организмимиз билан дўст тутинайлик. Унга нима ёқади, нима ёқмайди бефарқ бўлмаслигимиз керак. Турли зарарли таомлар ёки ичимликларни эмас, фойдали табиий маҳсулотларни истеъмол қилсак, саломатлигимизни авайлаган бўламиз.
Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА

