БАХШИ

Бахши — терма, қўшиқ ва достонларни сақловчи, ёддан куйловчи, айтувчи, авлоддан-авлодга етказувчи санъаткор, халқ достончиси. Унинг ширали овози, дўмбирасидан таралаётган куй инсон қалбини беихтиёр тўлқинлантиради, жунбушга келтиради. Юртимиздаги ҳар бир бахшичилик мактабининг ўз йўли, ифода йўсини, маҳаллий шевадан келиб чиққан ҳолда сўз бойликлари халқ эртаклари, достонларида мужассам. Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм, Қашқадарё ва Қорақалпоқ бахшичилик мактаб­лари бир-биридан фарқ қилади, ўзига хос тарзда сўйланган ва куйланган. Хусусан, “Гўрўғли” туркумидаги қирқдан ортиқ, “Алпомиш” туркумига кирувчи достонлар такрорланмас.
— Ёшликдан бахшичилик санъатига меҳр қўйиб, “Бола бахши”нинг достонларини ёдлаб, тўйларда кўриб, унинг ёнига кирганман. Устозим кўплаб достонларни билгувчи эди. Менга соҳанинг кўп сиру синоатини ўргатган. Қорақалпоқ бахшиларидан усто­зимиз, мактабимиз бир, — дейди Қаландар бахши Норматов.
Қаландар бахши Хоразм­нинг Шовот туманидан. Илк бор 1983 йилда Шаҳрисабзда ўтказилган бахшилар, шоирлар кўрик-танловида саҳнага чиққан ва танлов ғолиби бўлган. Ўша вақтда ўнга яқин достонни ёд билган. Ҳозирда 70 ёшда ҳам 20 га яқин достон, 500 га яқин термаларни билади. 2001 йилда “Халқ бахшиси” унвонига сазовор бўлган. Бугун унинг ўзи устоз. Фарзандлари Ферузбек ва Достон Норматовлар отасининг давомчилари. Айнан Хоразм достончилик мактаби азалдан қаҳрамонлик достонларини ижро этиб келгани билан машҳур. Қаландар бахши билан суҳбатимиз ана шу хусусда бўлди.
— Ўтмишда чолғу ансам­б­ли таркибида дутор, буламан, ғижжак, ҳозирда тор, қўшнай ёки буламан, доира жўрлигида ички овоз­да қўшиқ-ашула ижро этиб достонлар куйланган. Хоразм эпик асарларини талқин этишда жамоавий ижрочилик етакчилик қилади. «Ширвоний» (Хива) ва «Ироний» (Манғит) номли иккита йўналишга бўлинадиган ушбу мактабларнинг илдизлари бақувват. Ансамбл­лар таркиби: тор, қўшнай, доира ва дутор, уч торли ғижжакда мужассам. Услуб ва лаҳжа, ёрқин ва жонлантирувчи қўшиқ, ашула ва оҳангларга эга.
Қадимда нафақат эркак бахшилар, балки Хоразм аёллари ижросида ҳам достонлар ва терма-қўшиқлар айтилган, уларни “халфа-достончи” деб аташган. Масалан, «Тоҳир ва Зуҳра» достони халфалар орасида оммалашиб кетган. Ҳар бир асар қўл соз (рус диатоник гармони) ва доира жўрлигида ижро этилган.
Илгари бахшилар якка тартибда театр кўрсатишган. Бахшининг маъноси ҳам театр демакдир. Ушбу сўз туркий тилдан олинган бўлиб, ўз касбининг табиби, даволовчи, устози, луқмони, меъмори, сўз устаси каби бир қанча таърифларга эга. Масалан, бизнинг Огаҳий театри “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” достонида гримчилари билан салкам 80 одам иштирок этади. Лекин қадимда ушбу достон қаҳрамонларини бахшининг бир ўзи ифодалаган. Демакки, у ҳар бир қаҳрамоннинг кўринишига кира олган, унинг феъл-атворини ифодалаган. Кампир бўлиб кексаликни, мунгли жойи­да йиғлашни, кулса кулишни уддасидан ўтган ва ҳоказо.
Бахшичилик ҳақиқий истеъдодли инсонларнинг хоҳиш-иродаси билан турли йиғинлар, халқ сайиллари, тўйлар баҳонасида аста-секин шакллана борган. Халқ турмуши, маданияти, ўзи яшаб турган юрт тарихи ва бирор чолғу чалишни билиши, қўшиқчилик санъатини пухта эгаллаган бўлиши керак. Унинг ижроси жонли халқ тилининг турли шаклларидан, сўз ўйинлари ва қочиримларидан, халқ мақоллари, ибораларидан фойдалана олиши, тингловчини ром этувчи оҳанг топа билиши, достонни жозибали ва қизиқарли қилиб айтиш асосий талаблардан. Бу катта истеъдод, кучли идрок иникосидир. Турли байрам тадбирларда, тўй-томошаларда “Алпомиш”, “Кунтуғмиш”, “Гўрўғли”, “Рустамхон” каби достонлар ва термаларни бошқа миллат, элат вакиллари севиб тинглаётгани, бахши-шоирларимизнинг гоҳ маъюс, гоҳ шўх-шодон хатти-ҳаракатлари уларда катта қизиқиш уйғотаётгани бунга яққол мисолдир.
Эргаш Жуманбулбул ўғли 30 дан, Пўлкан шоир эса 70 дан ортиқ достонни ёд билган. Ҳар бир достон икки-уч минг сатрдан тортиб, ўн беш, ҳатто йигирма минг мисрагача шеърни, қарийб шунча назм қисмни ўз ичига олишини ҳисобга олсак, халқ бахшиларининг салоҳияти, ҳайратомуз ёдлаш ва эсда сақлаш қобилияти ўз-ўзидан аён бўлади, хуваи ҳофизаси ниҳоятда кенглигини кўрсатади. Бу каби инсонлар бир вақтнинг ўзида бадиҳагўй ҳикоячи, кучли овозга эга хонанда, моҳир созанда ва маълум даражада актёрлик маҳоратидан хабардор бўлган санъаткор сифатида адабий матн, шеър, мусиқа, айтим йўлига амал қилган. Ва маҳорати билан тингловчини ром этиб, унга завқ-шавқ бахш этган.
— Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд бахшичилик мактаби вакиллари дўмбира жўрлигида бўғиқ, яъни ёпиқ овоз­да терма-қўшиқ ижро этиб, очиқ овозда достон жараёнига таъриф берадилар, — дея сўзини давом эттирди Қаландар бахши. — Биргина Қорақалпоқ бахшичилик мактабида иккита йўналиш мавжуд. Бакси, яъни ички овоз услуби – дутор, ғижжак, жўрнавоз ҳамда жиров, яъни бўғиқ овоз услубида қўбиз жўрлиги.
2019 йилда Халқаро бахшичилик санъати фестивали Термиз шаҳрида ўтказилди. Ҳар икки йилда бир марта ўтказилиши белгиланди. Ушбу танлов кўплаб истеъдодларни кашф қилади. Айни дамда сентябрь ойида Нукус шаҳрида ўтказиладиган танловга тайёргалик қиляпмиз.
Бахши-шоир, оқин ва жировлар одамлар орасида эзгулик, маърифат шуъласини тарқатувчи, уларни мардлик, ҳалоллик, миллий ва умуминсоний қадриятларни улуғлашга етакловчи инсонлар сифатида ҳурматга сазовор.
Нилуфар Иброҳимжон қизи.