Бир чимдим кулги
Чукча ўртоғига мақтаняпти:
— Севгилимга аталган совғани арча остига қўйиб қўйдим, бу ҳақда ўзигаям айтдим!
— Хўш, у хурсанд бўлгандир?
— Билмадим, у ҳозирча ўша арчани излаяпти. Ахир, ўрмонимиз катта-ку!
Чегара постида янги келган аскар соқчиликда турибди. Бир пайт ўша томондан автомат овози эшитилди. Ҳамма шошиб борса, ёш чегарачи ҳаяжонланиб деди:
— Қарасам, биз томонга соқолли террорчи келяпти, қўлида портлаткичли халтасиям бор! Мен уни узоқданоқ тинчитдим!
— Эҳ, Маллаев, сенга ўхшаган калтафаҳмлар сабабли, мана уч йилдирки, Янги йилни Қорбобосиз кутиб оляпмиз!
Икки актёр Янги йил арафасида Қорбобо бўлиб уйларга борадиган бўлишди. Улардан бири шеригига деди:
— Илтимос, бизникигаям ўзинг кириб, болаларни табриклаб ўт!
— Ўзинг кирсанг бўлади-ку, ахир сени гримда танишмайди.
— Э, мен бекорга хизмат кўрсатгудай бўлсам, йил бўйи топиш-тутишимдан барака кетади.
Икки иримчи аёл суҳбатлашишяпти.
— Бу сафар Янги йил шанбага тўғри келаркан. Оғир кун, ишқилиб бахайр бўлсин-да!
— Ана, холос! Ишқилиб, 13-санага тўғри келиб қолмаса бўлгани…
Янги йил базми дастурхон атрофида икки дўст ароқ ичишяпти. Шу пайт бири иккинчисидан сўради:
— Нимага ичганингда кўзларингни юмиб оляпсан?
— “Энди ҳеч қачон ароққа қарамайман”, деб хотинимга сўз бергандим.