“ТАОМЛАРИМИЗНИНГ ЎЗГАЧА ТОТИ ВА ЎЗ ОТИ БОР”

Суҳбатдошимиз — “Лаззат омад” оилавий корхонаси раҳбари Жамила Маҳмудова.
— Жамила опа. Рамазон муборак бўлсин! Корхонангиз “Hamkorbank” мижози экан…

— Корхонамиз 2019 йил 12 декабрда ташкил этилди. 2020 йилдан “Hamkorbank” ҳамкорига айландик. Бу банкнинг мижозга муносабати жуда маъқул бўлди. Саволларга вақтида жавоб қайтаради, ҳеч қайси мурожаатни эътиборсиз қолдирмайди, кредитларни кечиктирмай чиқариб беради. Шу кунгача ҳамкоримиздан жами икки миллиард сўм атрофида кредит олдик.
— Келинг, энди суҳбатимиз мавзусини Жиззахда машҳур “омад” чойхонасига қаратсак.
— “Лаззат омад” оилавий корхонаси қошида “Омад” чойхонасини ҳам ташкил қилдик. Чойхонамиз Жиззах шаҳридаги “Тоқчилик” МФЙ ҳудудида ташкил этилди. Бир вақтнинг ўзида 300 нафар хўрандага хизмат кўрсата оламиз. Мижозларнинг кети узилмайди. Кечга бориб бўш жой топилмай қолади.
— Бундай натижага қандай йўл билан эришдингиз?
— Таомлар ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш орқали. Овқатларимизнинг тури кўп. “Лаззат омад” номли ўзимизнинг ошпазлар ўйлаб топган бренд таомимиз бор. Асосан гўшт, картошка ва салатлардан тайёрланади. Уни мижозларимиз севиб истеъмол қилади. Сомса ва кабоблармиз ҳам харидоргир егулик­лардан ҳисобланади.
— Айрим хизмат кўрсатувчилар мижоз йиғиб олгандан сўнг сифатга аҳамият бермай қўяди…


— Уч йилдан буён, шукрки, мижозларимиз кўпайса кўпайдики, камайгани йўқ. Бунинг замирида сифатга бўлган катта эътибор ётибди. Биз ишчиларнинг қўнимли бўлишини таъминлаймиз. Мутахассис ўзгариши сифатга таъсир кўрсатади. Нафақат ишчи-ходимлар, балки, таъминотчиларни ҳам ўзгартирмаймиз. Чунки уларнинг масаллиқлари ишонч­га кириб бўлган. Бундан ташқари, янги келган мижозга хизмат кўрсатиш бўйича махсус дастурлар ишлаб чиққанмиз. Мақсад — бир марта келган хўранда, яна қайтиб келсин.
— Озиқ-овқатлар нархи кундан-кунга ошиб бормоқда. Масаллиқ ошса, таом нархи кўтарилади. Нарх ўсиши эса мижознинг йўқолишига сабаб бўлади. “Лаззат омад”да бу ҳолат қандай?
— Нарх доим ҳам ошиб кетмайди. Бу ойда кескин ошса, кейинги ой арзонлашиши мумкин. Биз бу ҳолатга қарши керакли чораларни ўйлаб қўйганмиз. Гўштдан ташқари, ачиб, айнимайдиган масаллиқлар заҳирасини ортиғи билан тўплаймиз. Шу кунгача овқатларимиз нархини чўнтакбоп қилиб келяпмиз. Буни харидорларнинг гавжумлиги ҳам исботлаб турибди.
— Корхонангизда нечта иш ўрни мавжуд?
— Ҳозирда 40 нафар ходим фаолият кўрсатяпти. Ойига 200 миллиондан ортиқ товар айланмасига эгамиз. Яқин келажакда тармоқларимиз­ни янада кенгайтириш ниятидамиз.
— Маълумот учун раҳмат. “Омад” чойхонасига ҳамиша омад ёр бўлсин!

Нигора ТЎХТАМАТОВА суҳбатлашди.