ГЎЗАЛ ТОЖИБОЕВАНИНГ ФАЛСАФАСИ
У 23 йилдирки, Чинобод универсал БХО касса амалиёт бўлимида ишлайди. Бир қарашда феълидаги вазминлик дадил гапириш имконини бермасада, бир зумда суҳбатимиз қовушиб кетди. Ҳаётнинг ёзилмаган қонунлари борки, бўйсунмай иложингиз йўқ. Аммо ана шу синовларда иродали инсонгина енгиб чиқишга қодир.
Гўзалхон меҳнатсеварлиги, иродалилиги билан хурмат топган инсон. У аввал ўйлаб кейин сўзлайдиган, хулоса қиладиган аёл. Бугун у икки фарзанди келажагига умид боғлаган. Илк нишона — ўғли олий ўқув юрти талабаси.
— Беғубор орзулар албатта, рўёбга чиқар экан. Қўшнимиз татар хола бўларди-банк ходими. Роса шу аёлга ўхшашни истаганман. Мана мен ҳам банк ходими бўлдим, -дейди болаликни хотирлаб Гўзал Тожибоева.
Ўтган 2022 йил қаҳрамонимиз учун омадлар йили бўлди. Дилбандлари билан янги уйга кўчди. “Hamkorbank” АТБ томонидан ўтказилган танловда “Йилнинг энг яхши кассири” номинациясини қўлга киритди. Муваффақиятни эшитган, ҳамкасблари кетма-кет қутлашларига қарамай, ғолиблик гувоҳномаси қўлига тегмагунча ишонмаган суҳбатдошимиз ўз туйғуларини шундай ифдалади:
— Табиатим шундай. Тўғриси ҳам бу эътирофни кутмаган эдим. Лекин тақдирланганларга ҳавасим келарди. Изланувчан, иқтидорли, замон билан ҳамнафас банк ходимлари турганда менга йўл бўлсин, деб ўйлардим. Бироқ Бош банк раҳбарияти ҳар бир ходимини қадрлашига яна бир бор амин бўлдим. Айниқса, ота-онам, фарзандларим роса қувонишди. Меҳнатларим қадрланиб, муносиб топилганидан ташкилотчиларга миннатдорлигимни билдираман.
Банкка янги келган ҳар бир ходим касса бўлимида ишлаб, кейин бошқа бўлимларга ўтказилади. Аммо Гўзалхон шу анъанга бироз ўзгартириш киритди. Бу борада унинг ўз фалсафаси бор-ҳамкасбларидан фарқли равишда касса ходими бўлиб қолди. Бўлимларда ишлаш таклифларини инкор этди — “дарахт бир жойда кўкаради” ақидасига амал қилди ва бу қарашлари ўз ифодасини топди.
Бир жойда ишлаш, қадр топиш, хурмат қозониш осон эмас. Буларнинг ҳаммаси инсондан кучли сабр, мустаҳкам тоқат талаб этади. Гўзалхонда бу ҳислатларнинг ҳаммаси бор.

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА.