ҲАЁТ ҲИСОБ-КИТОБЛАРДАН ИБОРАТ

Бугунги тараққиёт барчани иқтисодчи қилиб қўймоқда.Ёшларимиз касб танлаган, ҳунар ўрганган ва шуғулланадиган машғулотлари бўлсада, олий ўқув юртларида ўқиб, иқтисодий билимга интилаётгани қувонарли. Жумладан, Андижон машинасозлик институтида ўқиш истагидаги йигит-қизлар сони кун сайин ортиб бормоқда. Уларга тажрибали профессор-ўқитувчилар сабоқ бермоқда.»Интеллектуал бошқарув ва компьютер тизимлари » факультетида “Hamkor press” газетаси ижодий ходимлари ўқув машғулотларида бўлиб,  «Талабалар ОАВ нигоҳида» шиори остида талабаларнинг“Мен танлаган касб” мавзусидаги фикрлари билан қизиқди.

Дурдона Қаҳҳорова: Азалдан момоларимиз тикиш-бичишнинг ҳадисини олишган ва бу ҳунарни ҳар бир қизга ўргатишган. Оилага тайёрланиш асносида аёлларимиз рўзғор бутлигига ҳисса қўшган. Мен ҳам келажакда дизайнер бўлмоқчиман. Бугунги замон тикувчилари бироз бошқачароқ, яъни янгилик­лар жуда кўп. Шунинг учун ҳам институтда таҳсил олиб, етук мутахассис бўлишни истадим.

Азизбек Жабборалиев: Сулоламизда темир қоида бор-эркаклар албатта ҳарбий бўладилар. Бобом, дадам, амакию акаларим ҳарбийлар. Мен ҳам албатта, уларнинг йўлидан юраман. Демак, ўқиб-ўрганишим, замонавий ахборот технологияларини ўзлаштиришим шарт.

Саркор Режапов: Бугун замон ахборот технологияларини мукаммал эгаллаш талабини қўймоқда. Келажакда таълим дастурчиси бўлмоқчиман.

— Иқтисодий билимларни ошириб, ҳаёт ҳисобчиси бўлиш ҳар бир инсоннинг яшаш тарзини ўзгартиради. Ахир ҳаётимизнинг бирор лаҳзаси йўқки иқтисодиётга дуч келмасак. Мана шундай фикрларни ёш бўлсада талабаларимиз билишади. Бироқ, уларга назарий билимлар зарур, — дейди институт ўқитувчиси Исмоил­жон Алижонов.

Ёшларнинг барчасини орзулари бор. Кимдир дадасининг хусусий фирмасида ишламоқчи. У жойга замонавий иқтисодий билимга эга мутахассис зарур. Яна бири отасининг ишларини давом эттиришни хоҳлайди. Кимдир уй-жой қуришни истайди. Бунда ҳам ҳисоб-китоб бўлишини билади. Яна бир йигит эса келажакда тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи. 

Ҳа, орзуларимизни амалга оширишимиз учун ҳисоб илмини ўзлаштиришимиз керак. Замон билан ҳамнафас инсон ҳар томонлама етукликка интилади. Бугунги ёшлар илм излашга астойдил киришгани муболағасиз. Зеро, уларнинг орзу-истаклари замирида юртига хизмат қилишдек эзгу ниятлар мужассам.

Н. Тўрақулова.