«Бир бўлсак – ягона халкмиз, бирлашсак – Ватанмиз!»

Мустақиллик байрами мамлакатимизда мазкур шиор остида ўтказилади
Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Қарорга кўра, байрам тадбирлари «Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» шиори остида ўтказилади.
Ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари «Ўзбекистон – 2030» стратегияси, шунингдек, «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили» бўйича қабул қилинган давлат дастури билан уйғун ҳолда тайёрланади. Мустақиллик байрами Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, барча шаҳар ҳамда туманлар, қишлоқ ва овулларда нишонланади.
Жойларда инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари етакчи ўринда турадиган ижтимоий давлат ва халқпарвар жамият қуриш йўлида амалга оширилаётган тарихий ишлар, меҳнаткаш ва бағрикенг халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти билан эришилаётган улкан натижаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида маҳаллалар, таълим муассасалари, меҳнат жамоаларида маърифий учрашув ва суҳбатлар ўтказилади.
Мустақиллик байрами муносабати билан кекса авлод вакилларини, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини ҳар томонлама эъзозлаш, «Меҳрибонлик», «Саховат» ва «Мурувват» уйларида яшаётган шахслар, ижтимоий ҳимоя дафтарларига киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирлари ўтказилади. Миллий истиқлол, халқ озодлиги учун курашиб, шу йўлда жон фидо этган, мустабид тузум даврида сиёсий қатағон қурбони бўлган ота-боболар хотираси ёд этилади.
Бадиий академия, Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар уюшмаси билан биргаликда «Она диёр – ранглар жилосида», «Ватан учун яшайлик!», «Энг улуғ, энг азиз» каби анъанавий кўрик-танловлар ўтказилади.
Композиторлар ва бастакорлар уюшмаси, Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда юртимиз истиқлолини тараннум этувчи энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари танловларининг якуний босқичи ўтказилади.
Мазкур байрамга уйқаш ҳолда жойларда бошқа шодиёналарнинг ўтиши ҳам кутилмоқда. Чунончи, истиқлол тенгдоши, мамлакатимиздаги энг нуфузли банклардан бири “Hamkorbank”нинг ташкил топганлигининг 33 йиллиги нишонланади. Қўшалоқ айём “Hamkorbank”чиларнинг эзгу ниятларига ҳамоҳанг бўлишига тилакдошмиз.