ГЎЗАЛ ҚИЗНИНГ ДАВОМИЙ ЮТУҚЛАРИ
Cизга таништирмоқчи бўлган қаҳрамонимиз Сурхондарёнинг латофатли ва оқила қизи Моҳинур Муродова. Моҳинур ҳақида ёзишимизга сабаблар бир талай. У замонавий мутахассис ва намунали хулқ эгаси. Бир сўз билан айтганда, келажаги порлоқ ёшлардан.
Моҳинур 2020 йилдан буён Термиз МБХОнинг чакана бизнес бўлимида истеъмол кредити менежери сифатида фаолият юритиб келади. Ўз устида ишлаб юқори кўрсаткичларга эришмоқда. Жорий йилнинг олти ойи мобайнида самарали иш ташкил қилиб, “Hamkorbank” тизимидаги менежерлар орасида кредит ажратишда етакчилардан бирига айланди. Йил бошидан шу кунга қадар 26 миллиард 712 миллион сўм кредит чиқарди.
Истеъмол кредитлари орасида автокредитга бўлган талаб кучли, айниқса, “Кобальт” ва “Жентра” машиналарига. Бу кўрсаткич сурхондарёликлар мазкур русумдаги уловларни кўп харид қилаётганини англатади.
Моҳинур банк ходими сифатида нафақат офисда ўтириб ишлайди, балки, мижозлар билан нотариусга бориб, ҳужжатларни расмийлаштиришда иштирок этади. Албатта, мазкур жараён кўп меҳнат ва мунтазам ҳаракатни талаб қилади. Айниқса, ёзги ҳарорат баланд бўладиган Термиз шаҳрида кундузи иш билан кўчада юриш анча машаққат. Аммо ҳаммасига улгуриш, куч топиш, яна камига юқори натижага эришиш учун Моҳинур каби ғайратли бўлиш керак.
Менежер қизимизнинг айтишича, инсон ўз вазифасига меҳр билан ёндошса, барака ҳамиша ҳамроҳ бўлади. Ўтган 2023 йил Моҳинур учун хайрли келиб, чакана бизнес бўлимининг етакчи менежери лавозимига тайинланди.
— Бўлимимизда ўнг томонимда Улуғбек Саибназаров ва чап томонимда Акмал Ғофуров ўтиради. Тушунмаган нарсаларимни кўпроқ Улуғбек акадан сўрайман. Бу инсон менинг устозим. Ёнимдаги иккала жамоадошим ҳам тажрибали, ўз ишининг устаси бўлгани учун улардан қолиб кетмасликка ҳаракат қиламан. Том маънода уччаламизнинг ўртамизда қизғин рақобат кечади, — дейди М.Муродова.
Моҳинур ўзининг кунлик иш жараёнини тўлиқ режалаштирган ҳолда амалга оширади. Ҳар бир мижознинг эҳтиёжини обдон ўрганади. Тез ишлашга, мижознинг олдида телефонда гаплашмасликка ҳаракат қилади. Қизғин меҳнат жараёни туфайли ўзига юклатилган ойлик режани йил бошидан буён бажариб келмоқда.
Нигора МИРОЛИМ қизи