“HAMKORBANK” АТБ БОШҚАРУВИ РАИСИ БАХТИЁРЖОН ЖЎРАЕВНИНГ ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИ

Азиз ҳамкасблар!
Қадрли мижозлар ва ҳамкорларимиз!
Жонажон диёримизга янги — 2025 йил кириб келмоқда. Мана шу шукуҳли дамларда барчангизни ушбу қутлуғ айём билан чин қалбимдан самимий табриклайман. Келаётган йил омадли ва ютуқларга бой бўлсин.
Якунига етаётган “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”ни сарҳисоб қилар эканмиз, сезиларли ютуқларга эришилганига гувоҳ бўламиз. Иқтисодиётдаги ўзгаришлар ва амалга оширилаётган ислоҳотларда жамоамиз фаол иштирок этди. Ютуқ ва марралар кўп бўлди. Бунда ҳар бирингизнинг муносиб ҳиссангиз бор.
Молия бозоридаги рақобат бизни доим изланишга, янги лойиҳалар устида ишлашга, замонавий ва сифатли хизмат кўрсатишга ундамоқда. Шундан келиб чиқиб, маҳсулотларимиз сони ошди, мижозлар талабини қондириш ва қўллаб-қувватлаш йўлида қатор янги ташаббуслар амалга оширилди. Халқаро майдонда ҳам истиқболли ташаббуслар илгари сурилди.
Йил давомида аксарият муассасаларимиз янги қиёфага кирди. Шаҳрихон универсал банк хизматлари офисининг замонавий биноси туманнинг ташриф қоғозига айланди. Тошкент, Нодирабегим, Авиасозлик ва Олмалиқда мижозлар учун барча қулайликлар йўлга қўйилди.
Куни кеча Ғиждувон шаҳрида янги муассасамиз иш бошлади. Бу бухоролик мижозлар учун муносиб байрам совғаси бўлди.
Юксалиб бораётган банкимиз бугун молия муассасалари орасида ўз ўрнига эга. Хорижлик ҳамкорларимиз сафи ҳам кенгайиб бормоқда.
Банкимиз республика тижорат банклари орасида молиявий натижалари, активлар, кредитлар ва мижозлар портфели каби қатор устувор кўрсаткичлар рейтингида биринчи ўнталикда. Шунингдек, хусусий секторда солиқ тўловлар тушумида 8-ўринда, Фарғона водийсида эса 1-ўриндалиги эътиборли. Эришган ютуқларимиз учун банкимиз ходимлари ва ҳамкорларимизга миннатдорчилик билдираман.
Янги йилда иқтисодиётимизни янада юксалтириш — бош мақсадимиз. Фаолиятимизни бунданда кенгайтириш баробарида даромадларимизни ошириш, хизмат сифатини юқори даражага олиб чиқишга эришамиз. Бу банкимизнинг молия бозоридаги ўрнини юқори натижада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Сизларни Янги йил байрами билан яна бир бор қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, хонадонларингизга тинчлик ва файзу барака тилайман.
Янги йилингиз муборак бўлсин!