ОЗОДБЕКНИ ЙИFЛАТГАН “АНЖАНЧА”
Анжанликлар чақалоқни ҳам,
Сизлашади анжанчасига.
Нондай ширин, юмшоқлик билан,
Сўзлашади анжанчасига.
“Анжанча” қўшиғини тингловчи қувноқ кайфиятда эшитади, аммо мен буни йиғлаб ёзганман”. Шеър муаллифи, таниқли шоир Шаробиддин Болтабоев машҳур асарнинг ёзилиш тарихи ҳақида мана шундай фикрларни баён этди. “Анжанча” сатрлари — соғинч меваси. Болалик хотиралар, туғилиб ўсган юрт соғинчи, туйғулар изтироби. Хуллас, шоирнинг айтишича, у бу шеърни ўз дунёсини соғинганида битган. Келинг, унинг қўшиқ тарихи ҳақидаги ҳикоясига қулоқ тутамиз.
— 2001 йилда онам, устозим Муҳаммад Юсуф, бир йил ўтиб отам ҳам оламдан ўтди. Азиз инсонларимни йўқотгач, юрагим ҳувиллаб қолди. Пойтахтда бир ўзим қолиб, бор эътиборимни ижодга қаратдим. Муҳаммад Юсуф вафотидан икки ой аввал мени “9999” деб номланган, бастакор Ҳусниддин Холиқов раҳбарлигидаги овоз ёзиш студиясида иш бошлашимга сабабчи бўлганди. Озодбек Назарбеков билан ҳам айнан мана шу ижод уйида ҳамкорликни йўлга қўйганман. У билан биргаликдаги илк ижодий ишимиз “Онажоним ҳаёт бўлганда” қўшиғи бўлган. Биласизми, Озодбек иккимизни дардларимизнинг ҳамоҳанглиги яқинлаштирган. Уни ҳам, мени ҳам она соғинчи қийнарди.
“Анжанча” қўшиққа айланишидан аввал шеър сифатида ҳам анчагина шов-шувга сабаб бўлган. Ушбу шеър илк бор 2005 йилда ёзилган. Ўша вақтда пойтахтда бутунлай ижодга берилиб, қишлоқ дунёсидан анча узоқлашиб кетгандим. Бир кун ўзим билан ўзим қолганда болалик ҳаётимда нимаики кечган бўлса, бирма-бир кўз олдимдан ўтаверди. Ортда қолган асрнинг 70-80 йиллар манзарасини тасаввур қилдим. Бошига оқ рўмол ёпиб, тугун кўтарган онахонлар, яктак кийиб, дўппини қўндириб гузарга йўл олган отахонлар, ишкомли ҳовли, тандир-ўчоқлар хаёлий чизгиларга айланди. Ва болалик дунёимдаги Андижонни аста-секин оқ қоғозга сатрлар кўринишида жойлаб бордим. Шу тариқа 58 куплетдан иборат 4 қисмли “Анжанча” шеъри ёзилди. Шеър жуда омадли чиқди. Андижонга тўйларга борсам, “Анжанча”дан бўлсин дея сўрашарди. Аввалроқ пойтахтдаги андижонликлар даврасида, кейин Андижонда оммалашди. Андижонликлар билан қайси даврада ўтирсак, Озодбек “Шаробиддин ака, “анжанча”ни ўқиб беринг” дер эди.
Мазкур шеърнинг қўшиққа айланиш тарихига келсак, 2007 йилда Озодбек Назарбеков “Истиқлол” санъат саройида “Дийдор ширин” номли навбатдаги концерт дастурини қўядиган бўлди. У билан ҳамкорликда концерт репертуарини тайёрлай бошладик. Ҳар йилги концертда битта диско усулидаги, яъни шўх рақсбоп қўшиқ ижро этилиши керак эди. Репетиция кунларининг бирида “диско” қўшиқни ёзиш устида изланаётган бастакор Нодирбек Умаров тўсатдан “Боғим бор”, “Андижон полькаси” оҳангларини чалиб, компьютеримдан “Анжанча” шеъримни очиб беришимни сўради ва шеър сатрларини хиргойи қилишга тушди. Озодбек худди шу пайтда ташқарига чиқиб кетаётган эди. Мусиқани эшитиб, шартта ортига ўгирилди ва Нодирбекка қўшилиб куйлай бошлади. Қарабсизки, икки дақиқада “Анжанча” қўшиғи дунёга келди.
Концерт бошланди. “Анжанча” илк бор катта саҳнада ижро этилди. Томошабинга ёқди. Бутун зал тўлқинланиб рақсга тушди. “Орият доно” радиоси ижодкорлари қўшиқни шу куннинг ўзидаёқ ёзиб олишган экан, дарҳол эфирга узатибди. Концертнинг учинчи куни бошланганда пойтахтдаги овоз ёзиш студияларида, бозорларда “Анжанча” жаранг сочди. Томошабинларнинг олқишлашини айтмайсизми? Қўшиқни қайта-қайта сўрашарди. Озодбек табиатан таъсирчан эмасми, саҳнадан қайтар экан менга қараб, “Шаробиддин ака, нималар бўляпти?” — деди ҳаяжон билан. Чунки қўшиқнинг биринчи кунлардаёқ бунчалик машҳур бўлиб кетишини ҳеч ким кутмаган эди. Ўшанда Озодбекнинг кўзларида чинакам қувонч ёшларига гувоҳ бўлганман.
Ўзбегимнинг меҳри бир дарё,
Ўхшашини топмоқ муаммо,
Ҳар юртни мадҳ қилсак-да, аммо,
Сўз изласак ҳар қанчасига,
Ўхшамайди анжанчасига.
Нигора МИРОЛИМ қизи