КАССИРЛИКДАН БОШҚАРУВЧИЛИККА


Искандар Ғаниев 1988 йил Фарғона вилоятида туғилган. Тошкент молия институтида таҳсил олган. Илк меҳнат фаолиятини 2010 йил “Hamkorbank” АТБ Авиасозлик УБХОда Чакана бизнес бўлими кассири лавозимида бошлаган. У Нурафшон УБХОнинг ташкил этилиши ва оёққа туришига катта ҳисса қўшди. Учтепа ва Чилонзор УБХОларда фаолият олиб борди. 2022 йил Олмазор УБХО бошқарувчиси этиб тайинланди. 2 нафар фарзанди бор. Теран фикрли, билимдон, хушмуомала, камтар инсон. Раҳбар сифатида ўз сўзига эга.

— 37 ёшдасиз. Бу ёшда инсон раҳбарлик учун етарли тажрибага эга бўлиб улгуради, деб ҳисоблайсизми?
— Албатта, улгуради. Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари 35 ёшдан Президентликка номзодини қўйиши мумкин. Раҳбарликка лаёқатнинг бўлиши ҳар бир шахснинг, аввало, ўзига, табиатига, яшаган ва тарбия топган муҳитига боғлиқ. Инсон мақсад сари тўғри йўлдан борса, 30 ёшда ҳам раҳбар сифатида шаклланиб улгуради.
— Бошқарувчиликка нима сабабдан сизни танлашди?
— Ходим ўзини нимага шу вазифага танланганини билмайди, уни фақатгина танлаган одам билади. Агар ўзим учун қандайдир фикр билдирсам, мақтанган бўлиб қоламан. Раҳбарият бошқарувчилик қобилиятимни кўргандирки, шу ишни ишониб топширган.
— Жамоангизнинг кўрсаткич­лари қандай?
— Биринчи гуруҳ тармоқларига кирамиз. 2025 йилнинг 9 ойлик якунларига кўра, 11 та шаҳар филиаллари орасида 4-ўринни эгалладик. Янги тармоқ учун бу ёмон натижа эмас, деб биламан.
— Тинч ва хотиржам ҳолатда қанча ухлайсиз?
— 6-7 соат. Бундан кўп ухлаган пайтимни эслай олмайман. Ўзимнинг кун тартибимни тузиб олганман. Ҳафтада уч марта спорт билан шуғулланаман. Ишдан кейин залга бораман. Машғулотлар икки соат давом этади. Бу кун давомида йиғилган стресс, чарчоқларни чиқиб кетишига катта ёрдам беради. Агар уларни чиқариб юбормасангиз, эртанги кунги иш жараёнингиз унумли бўлмайди. Машғулот зали ишхонага ёки уйга яқин бўлиши муҳим. Ўша ерга етиб олишга куч топсам бўлди, у ёғига залнинг аураси тортиб кетади.
Менинг фикримча, инсон ўзининг кунлик ҳаёт тарзига спортни қўшиши шарт. Айниқса, раҳбар ходимлар. Раҳбарнинг кайфияти жамоага таъсир кўрсатади.
— Аёлингиз томонидан оилавий масалалар борасида эътироз­лар бўлиб турадими?
— Турмуш ўртоғим билан ҳаётда эришишимиз керак бўлган асосий приоритетларни белгилаб олганмиз. Оилада иккимизнинг ҳам ўз вазифамиз бор. Мен ўзимга юклатил­ган режаларни бажа­раман, у ўзига тегишлиларини амалга оширади. Рафиқам ҳам аввал банкда ишлагани учун мени тушунади, ҳеч қайси масалада эътироз билдирмайди. Бир-биримизни яхши тушуниб, қўллаб-қувватлаб яшаётганимиз сабабли ҳаётимиз бир маромда давом этяпти. Уйда фарзандларим билан шуғулланишга ҳам вақт топаман. Ҳар якшанба ота-онамникида йиғиламиз. Хуллас, ҳаммаси режа асосида.
— Раҳбар ходимлар режаларни бажаришда натижаларга қанчалик таъсир кўрсата олади?
— Раҳбар ҳақиқий етакчи бўлмаса, жамоани битта мақсад йўлида бирлаштира олмайди. У кучли бўлса-ю, жамоа кучсиз бўлса ҳам натижалар кутилгандек самара бермаслиги мумкин. Яхши раҳбар ишни тўғри тақсимлайди, ходимларнинг фойдалилик жиҳатларини кўра олади. Ҳар ҳолда бошқарувчиларнинг натижалардаги ўрни муҳим.
— Банкда бошқарувчига қўйиладиган талаблар унинг имконият даражасида деб ҳисоблайсизми?
— Раҳбарият режаларни жамоа­нинг имкониятидан келиб чиқиб белгилайди. Буни меъёрий ҳолат деб ҳисоблайман. Қайтанга юкламаларни пастроқ берилиши ишнинг сусайиши ва жамоанинг бир оқимга тушиб қолишига олиб келиши мумкин. Ҳаддан ташқари ортиқча юкламада эса мотивация­нинг пасайиб кетиши эҳтимоли бўлади. Бу ўша масалага қайси томондан қарашга боғлиқ.
— Раҳбар бўлишни орзу қилганмидингиз?
— Албатта, генерал бўлишни орзу қилган солдатларданман. Кассир бўлиб ишлаганимда шундай истак туғилган. Юқори мартабаларга эришишимни ўзимдан кўра кўпроқ аёлим хоҳларди. Доим менга мотивация бериб, “Насиб қилса, сиз катта ютуқларни қўлга киритасиз” дер эди. Аёли қўллаб-қувватлаган эркак ўсади, ривожланади. Чунки эркак киши кўпроқ ўзи учун эмас, оиласи ва яқинлари бахти-саодати учун олдинга интилади.
— Бошқа қайси тармоқ бошқарувчиларининг ишига юқори баҳо берасиз?
— Мен ўзимизнинг гуруҳдаги филиаларнинг кўрсаткичларини яхши биламан. Тошкент шаҳридаги барча тармоқларга кучли мутахассислар жалб этилгани учун доим олдинги ўринларда. Умуман мен билган бошқарувчиларнинг барчаси ишни аъло даражада олиб бормоқда.
— Суҳбат учун ташаккур. Омад ҳамиша ёр бўлсин!


Нигора МИРОЛИМ қизи суҳбатлашди