ЕТАКЧИ, ИЛХОМЛАНТИРУВЧИ, КАМСУКУМ

“Hamkorbank”да ўтказил­ган “Заковат” интеллектуал ўйини саралаш босқичида водий тармоқлари орасида Қўқон УБХО жамоаси энг юқори балл тўплаб, финал босқичига йўл олган учта жамоадан бирига айланди. Мазкур УБХОга боғланиб, намунали ходимлар ҳақида маълумот сўраганимиз­да мана шу янги-ликдан хабар топдик.

Жамоа ўтган йили “Зако­ват”нинг республика бос­қичида 2-ўринни қўлга киритган. Муваффақият ортида ВИП менежер Шерзод Авулчаевнинг катта ҳиссаси борлигини жамоадошларидан эшитдик. Унинг ўзи эса жуда камтарин, камсуқум эканлигини, суҳбат давомида билдик. Қайси мавзуда гапирмасин, “Ишқилиб мақтанишдек бўлиб қолмайдими, бу гапимни ёзманг, бу ҳақида индамай қўя қолинг” дея жуда кўп маълумотларни таҳрирлаб юборди. Аслида эса у жамоада ақл-идроки, тафаккури, билими, кўрсаткичлари билан ажралиб турар экан. “Жамоани бирлаштира олади, етаклайди, фикри теран, зукко, ҳар қандай вазиятда ҳақни гапира олади, инве-стицияни қаерга йўналтиришни билади” дея фикр билдиришди у ҳақида. Энг муҳими, ушбу мутахассис серхаридор экан, аммо жамоа уни қўйиб юборишни истамайди. Яхши ходим кимга керак эмас?
— 2012 йил Тошкент иқтисодиёт университетининг магистратура босқичини тамомлагач, пойтахтда такси ҳайдаб, киракашлик қилдим. Кузда эса Қўқон УБХОга келиб, ишга кириш учун ҳужжат топширдим. Ўша пайт-даги бошқарувчи Олимжон Ғаниев мен билан суҳбатлашиб, “таксичидан банк ходими чиқармикин?” дегандек ишонч билдирмади. Мен эса суҳбатга тайёрланмай келганимни айтиб, бир ҳафта муҳлат сўрадим. Имконият беришди. Бир ҳафта тайёрланиб, яна қайта суҳбатга кирдим ва ишга қабул қилиндим, — дея банкка келиш воқеасини эслади Шерзодбек. Ўшанда жамоа бу ходимни ўз сафига қўшиб адашмаган экан. Мана, бугун бу ишонч ўзини оқлади.
Қаҳрамонимиз ишдан ташқари вақтларини оиласи ва дўстлари даврасида ўтказишни исташини айтди. «Ота-онам, фарзандларим билан ўтказган ҳар бир куним қадрли» деди у. Ҳафтада тўрт кун футбол билан шуғулланишни канда қилмаслигини, кечқурун эса интернет қарамлигидан ҳимояланиш учун мутолаа билан шуғулланишини билдирди.
“Бошқа ишга таклиф қилишса ва у ҳар томонлама манфаатларингизга мос келса, қабул қиласизми?” деган саволимизга “йўқ”, деган жавобни эшитдик. “Бош банкка ёки пойтахтга бориб ишлашим мумкин эди, лекин ота-онам, фарзандларимни ташлаб, узоққа кетолмайман. Ҳаётнинг мазмуни пул ёки амалда эмас, балки яқинларни борида қадрлаш, уларнинг меҳрига тўйиб, оила билан роҳатда яшаш деб биламан”.
Ҳа, Шерзодбекнинг бу фикрларини маъқуллаймиз. Муҳими, қаҳрамонимиз жамоада самарали ҳаракат қиляпти. Шу чоракда зиммасидаги режани 100 фоиз бажарди, 4 та йирик ВИП мижоз билан шартнома имзо-лашга эришди. Энг асосийси, у жамоага жудаям керак. Мотивация бериш, олдинга бошлаш ва турли мусо-бақаларда ғалабага эришиш учун.

Н. МИРОЛИМОВА