БИРИНЧИ ҚАДАМ 5 МЛРД. СЎМ БАҲОЛАНДИ
Ҳар қандай истиқболли лойиҳа молиявий қўллаб-қувватлаш ҳисобига тез ривожланади. Ташаббускорнинг ўз маблағи етарли бўлса яхши, агар молиявий кўмак зарур бўлса бу борада банк муассасаларига мурожаат қилиши аниқ.
Нурафшон шаҳрида фаолият юритаётган “CELEBRITY STYLE” масъулияти чекланган жамиятининг асосий фаолияти текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қаратилган. Бир неча турдаги аёллар кийимлари билан бозорда ўз ўрнини эгаллаган корхона махсус ишчи кийимлари билан ҳам танилган. Айниқса, “Ибрат” бренди остидаги тиббиёт ходимларининг кийимлари 34 йилдирки республикамизда машҳур.

Ишлаб чиқариш суръатининг ўсиши ва бозор талаби корхонада қўшимча иш ўринлари яратиш заруратини юзага келтирди. Шу сабаб Нурафшон шаҳрида фойдаланилмаётган жойда барча қулайликларга эга бўлган янги бино қуриб битказилди. Янги дастгоҳлар сотиб олишга келганда молиявий ёрдам исталди. 2025 йилда бу борада “Hamkorbank”нинг Нурафшон универсал банк хизматлари офиси кўмакчи бўлди. Мижоз талаби ва истиқболли лойиҳа учун биринчи бор нақд пулда кредит берилди.
— Ҳамкорлик ўртамиздаги ишончни мустаҳкамлади, — дейди иш юритувчи Улуғбек Абдуҳалимов. — Аввал бизга бошқа банк муассасаси хизмат кўрсатарди. Эндиликда “Hamkorbank” билан ишлаяпмиз. Биринчи қадамимиз 5 миллиард сўмга баҳоланганининг ўзи эътиборли. Хизмат кўрсатишдаги тезкорлик, мавжуд имкониятлар бизга маъқул. Ишчиларимизни ҳам 550 тадан ортиқ пластик карта билан таъминлади.
Амалдаги йилда корхонада ишлаб чиқариш суръати 2,5 баробарга ўсди. 500 нафардан ортиқ ишловчи томонидан ҳар ойда ўртача 3,5 млрд. сўмлик маҳсулот тайёрланмоқда. Ҳаммаси замонавий технологиялар асосида, юқори сифат даражасида. Ойлик маошлар ўртача 4,5-5 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Тўла буюртма асосида ишлаётган корхона маҳсулотлари қатор хорижий давлатларда ҳам харидоргир. Келгусида янги лойиҳа асосида ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш кўзда тутилган. Бу айни вақтда иқтисодий юксалишни, қўшимча иш ўринлари яратилишини кўрсатади.
А. НАСИРДИНОВ,
Б. МУТАЛЛИБОВ олган суратлар

