МАҚСАДНИ КАТТА ҚЎЙГАН ЮТАВЕРАДИ

Бу йил мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги нишонланади. Шаҳрихон УБХО бошқарувчиси, «Hamkorbank» АТБнинг биринчи даражали «Самарали меҳнати учун» медали соҳиби Зиёдулло Усмонов билан суҳбатимиз шу санага боғлиқ воқеалар атрофида кечди. Суҳбатдошимизнинг бой касбий ва ҳаётий тажрибаси, феъл-атворидаги очиқлик, ўз фикрини кенг ифодалаши туфайли мулоқотимиз самимий тарзда ўтди.

— Биламиз, мустақиллик сиз учун жуда қадрли байрам. Чунки ҳаётингизда мазкур айём билан боғлиқ муҳим саналар бор, шундайми…

— Албатта, ҳар сафар истиқлол тантаналари яқинлашганда қалбимни ўзгача ҳислар чулғаб олади. Ушбу санада ҳаётимдаги муҳим учта воқеа содир бўлган: мамлакатимиз мустақиллиги эълон қилинган, никоҳ тўйим бўлиб ўтган ва қадрдон жамоам — “Hamkorbank” ташкил топган.
— 35 йил олдинги ва ҳозирги “Hamkorbank”га қандай таъриф берасиз?
— Аввал ривожланиш йўлида ҳар қандай синов ва машаққатларга тайёр жамоа ҳисобланган бўлса, бугун келажаги порлоқ, ўз йўлига эга, мукаммал тизим.
— Тизимдаги энг тажрибали ва барқарор фаолият кўрсатаётган мутахассислардан бирисиз. Бу даражага эришишнинг ўзи бўлмайди.
— Тўғри, 32 йилдан буён шу банкдаман. Бунга сабаб табиатимдаги тўғрисўзлик ва ҳалоллик, қолаверса, раҳматли устозим Сотволди Самиевдан ўрганган фидойилик деб ҳисоблайман.
— Йиллар давомида намунали раҳбар мақомини сақлаб туриш учун…
— Жамоани тартиб билан бошқариш ва ўз хатти-ҳаракати орқали бошқаларга ўрнак бўлиш керак. Ишни тўғри йўлга қўйишда гап кўп. Ходимни эшитиш, кўнглига қулоқ солиш, муаммосини ўрганиш муҳим. У инсон ахир. “Бўл, бўл” деб, босим қилган билан иш битмайди. Натижалар эса мана шу ходимлар билан яратилади. Ҳар бир ишда сифатли ва адолатли бошқарувни олиб борса, раҳбарнинг ютуғи шунда.
— Жамоадаги юқори кўрсаткичларнинг асосий омили нимада?­
— Мақсадни баланд қўйиш ва интилишда. Жамоа ҳар қандай вазиятда бир тану бир жон бўлиб, қўрқмай манзилни катта олиб, олдинги ҳаракатланишдан тўхтамаса, натижага эришаверади. Шаҳрихон УБХО доим энг илғор 10 таликда бўлишни мақсад қилиб қўяди. Шунга яраша ишга ҳалол ёндошадиган, виждонли мутахассислар йиғилган. Ҳаммаси ўз соҳасининг устаси. Ҳозир раҳбар иштирокисиз ҳам жамоада ҳаракат тўхтаб қолмайди. Чунки ходимларда ишга нисбатан ижобий кўникма шаклланиб бўлган.
— Самарадорликка ҳудудда тадбиркорлик субъектларининг кўплиги ҳам сабабчидир.
— Тўғри, туманимизда аҳоли кўп, чакана мижозлар оқими тинмайди. Лекин бизда катта шаҳарлардаги каби йирик тадбиркорлик субъектлари мавжуд эмас. Туман шароитида асосан кичик ва ўрта бизнес ривожланган. Биз бизнес режани тўғри йўлга қўйиш, қулай таклиф ва шароитлар воситасида мижозларнинг ишончини қозониш орқали самарадорликка эга бўляпмиз. Қолаверса, тўнғич филиал деган номимиз доим олдинги қаторларда туришимизга мажбур қилади.
— Ривожланмаётган тармоқ­лардаги асосий муаммо нимада деб ўйлайсиз?
— Бошидан муносиб бошқарувчининг тайинланмаганлиги, яъни пойдеворнинг мустаҳкам қўйилмаганлигида деб биламан. Бу муҳим масала. Айрим МБХО ва УБХОларда раҳбарлар жамоадан узилиб қолгани учун ривожланиш кузатилмайди. Бошқарувчи жараённинг ичига кириб бормаса, уни чуқур ўрганиб, ҳар бир ишга ўзи бош-қош бўлмаса, кўрсаткичларни ўстириш қийин. Шунинг учун янги офисларни ўзига ишонган, ишни зўр ташкиллаштирадиган мутахассисларга топшириш керак.
— Ёшларнинг фаолиятига қандай баҳо берасиз? Уларнинг ютуқ ва камчиликлари нимада?
— Бугунги ёшларга ҳавас қиламан. Масалан, жамоамизнинг 70 фоизини 30 ёшгача бўлган ходимлар ташкил этади. Улар хорижий тилларни, компьютер технологияларини яхши ўзлаштирган. Катта-катта орзу-мақсадларни кўзлашади. Лекин айримларининг битта камчилиги бор: ишнинг моҳиятини чуқур билишмайди. Яъни назарияни яхшилаб ўрганмаган. Тўғри, ҳозир асосий амалиётларни дастур бажаради. Аммо ундан ҳам хатолик ўтиши мумкин. Ёшлар қилаётган ишининг моҳият-мазмунини яхшилаб тушуниб олишлари керак.
— Ёш мутахассисларни ишга олишда нималарга эътибор бериш лозим?
— Билимига, мантиқий фикрлашига, гап-сўзи ва шижоатига. Топшириқ берсангиз, уддасидан чиқяптими, демак, ишни тортиб кета олади. Натижа кўрсатмаётган ходим билан ўз вақтида хайрлашган маъқул. Чунки унга бир неча бор имконият берсангиз ҳам натижа кўрсатмаса, эртага бошқаларга салбий таъсирини ўтказиб қўйиши мумкин.
— Очиғини айтинг, кўп йиллик фаолиятингиз сизни кўзлаган манзилингизга етказа олдими?
— Ҳа, шукр ва ишонч билан айта оламанки, мен бу тизимда жуда кўп нарсаларга эга бўлдим. Яхши устоз топдим, соҳа учун керакли шогирдлар етиштирдим. “Hamkorbank”да жорий этилган барча мукофотларни қўлга киритдим. Жамоамизни замонавий, шинам янги офисга эга бўлишини чин дилдан хоҳлаб келардим. 2024 йилда мана шу орзуим ҳам амалга ошди. Меҳнатимни қадрлашди, изат-икром кўрсатишди. Бирор марта ҳайфсан олмадим. Шу муносабатга муносиб жавоб қайтариш касбий бурчим. Бугун жамоамиз билан катта довонларни ошиб, янги мақсадлар йўлида олдинга кетяпмиз. Етти ойлик соф фойда режасини 104 фоизга бажардик. Йилни намунали ва тўнғич тармоққа хос равишда доимгидек ёруғ юз билан якунлаш ниятидамиз. Шу тизимда орттирган касбий малака ва тажрибаларимни банкимизнинг келажак тараққиёти учун сарфлайман деган истак билан яшаяпман.
— Мазмунли суҳбат, фойдали маълумот ҳамда тавсиялар учун ташаккур.

Нигора МИРОЛИМ қизи суҳбатлашди